Аввал хабар берилганидек, тегишли хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ, Тошкент шаҳар, Миробод тумани, Буюк Турон кўчаси 41 ва 42-уй манзилида жойлашган мулкий мажмуани очиқ савдо жараёнларининг барча босқичлари “E-auksion” электрон савдо платформасида амалга оширилди.
Қайд этиш жоизки, мулкий мажмуа ташқи кўринишининг тарихий архитектура қиёфасини сақлаб қолиш мақсадида, савдо жараёнларида қуйидаги қатъий талаблар белгиланган:
- Буюк Турон кўчаси 42-уй, Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги (УзА)нинг собиқ маъмурий биноси (курантли 16 қаватли бино, Ричард Блезэ архитектураси) ҳамда Бухоро ва Буюк Турон кўчалари кесишмасидаги 4 қаватли маъмурий бино (“А.Навоий театри” томонидаги қисми) қатъиян бузилмаслиги ҳамда ташқи кўринишининг тарихий архитектура қиёфасини сақлаб қолиш;
- келгусида қурилиш таъмирлаш ва реконструкция ишларини Маданий мерос агентлиги билан келишилган ҳолда амалга ошириш.
Рақобат муҳитида бўлиб ўтган очиқ савдоларда 6 нафар талабгорлар мулкий мажмуани сотиб олиш бўйича таклифлари “E-auksion” электрон савдо платформаси орқали келиб тушган.
Мулкий мажмуани сотиб олиш учун қўйилган шаҳарсозлик талабларига қатъий риоя этган ҳолда энг яхши лойиҳа концепциясини тақдим қилган ҳамда бошқа талабгорларнинг тижорат таклифидан юқори нарх таклифини билдирган “CENTARA PRO” МЧЖ 300,0 млрд. сўм сотиб олиш тўлови ва 50,0 млн. АҚШ доллари миқдоридаги инвестициялар киритиш шарти билан савдо ғолиби деб топилди.
Таъкидлаш жоизки, Харидорнинг таклифи мустақил баҳоловчи ташкилотининг баҳолаган қийматидан юқори.
“CENTARA PRO” МЧЖ томонидан тақдим этилган лойиҳа концепциясига асосан мулкий мажмуа негизида замонавий ҳордиқ ва маданият, шу жумладан музей, кўнгилочар объектлар, офис ва апартаментлар барпо этилиши кўзда тутилган.
Мулкий мажмуани хусусийлаштириш натижалари Давлат активларини хусусийлаштириш ва хусусийлаштириш жараёнларини мувофиқлаштириш давлат комиссиясининг тегишли қарори билан маъқулланган.
Таъкидлаш жоизки, мулкий мажмуа бўйича савдо жараёнининг ҳар бир босқичи юзасидан Давактив агентлигининг расмий веб-сайти орқали жамоатчиликка ахборотлар бериб борилган ва савдо жараёнида рақобат муҳити таъминланган.
Маълумот учун: Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги (УзА)га Тошкент шаҳар, Миробод тумани, Матбуотчилар 32-уй манзилида жойлашган бино маъмурий бино сифатида ажратилган.
“CENTARA PRO” МЧЖ туристик ва реклама фаолияти, шу жумладан меҳмонхоналар ҳамда кўчмас мулк объектларининг бошқаруви фаолиятини амалга оширади.