Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

25 Июль 2021

Электрон онлайн-аукционни ўтказиш тартибини соддалаштириш, унинг шаффофлигини ошириш ҳамда иштирокчилар ҳуқуқларининг ишончли ҳимоясини кафолатлаш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қ а р о р и

“E-auksion” электрон савдо платформасида электрон онлайн-аукционни ташкил этиш ва ўтказиш тартибини соддалаштириш ҳамда унификация қилиш, жараёнларнинг очиқлиги ва шаффофлигини ошириш, иштирокчилар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, шунингдек, аҳолининг аукционда қатнашиши учун қулайликлар яратиш мақсадида:

1. 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб “E-auksion” электрон савдо платформасидаги (кейинги ўринларда – электрон савдо платформаси) электрон онлайн-аукционлар тартиб-таомилларининг ягона тартиби жорий этилсин ва унга мувофиқ:

иштирокчиларга, шу жумладан, чет эл фуқароларига аукционда қатнашиш учун электрон рақамли имзо калити сертификати масофадан туриб, Давлат активларини бошқариш агентлигининг “Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази” давлат унитар корхонаси (кейинги ўринларда – Марказ) томонидан бепул тақдим қилинади;

жисмоний ва юридик шахслар томонидан объектларни аукционга чиқариш учун тўланадиган йиғим бекор қилинади;

аукцион ўтказиш тўғрисидаги хабар у ўтказиладиган кундан 30 кун олдин эълон қилинади;

аукцион ўтказилиши тўғрисидаги хабар эълон қилинган пайтдан бошлаб аукцион жараёни якунига қадар иштирокчиларга объектни сотиб олиш бўйича аукцион қадамига боғланмаган ўз нарх таклифини киритиш ҳуқуқи берилади;

сотилган объектнинг қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг беш минг бараваригача бўлганда, тўловларни 10 иш куни, беш минг бараварига тенг ёки ундан ортиқ бўлганда тўловларни 15 иш куни мобайнида тўлаш имконияти яратилади, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно;

аукцион ғолиби тўловларни тўлашдан бош тортган тақдирда, ғолиб ҳамда унинг тўғридан-тўғри таъсисчилари ҳисобланган шахслар ноҳалол иштирокчи сифатида электрон савдо платформасидаги аукционлардан четлатилади. Бунда, тўловларни тўламаслик ҳолати биринчи марта содир этилганда бир йил муддатга, иккинчи марта такрорланса муддатсиз даврга аукционлардан четлатилади;

аукционга чиқарилган объектларни сотишга ва олди-сотди шартномасини расмийлаштиришга фақат аукционда камида иккита иштирокчи қатнашганда рухсат берилади.

Белгилансинки, мазкур тартиб қонунчилик ҳужжатлари билан электрон савдо платформаси орқали реализация қилиниши ёки ижарага берилиши белгиланган барча турдаги активларга нисбатан татбиқ этилади.

2. Электрон онлайн-аукцион иштирокчилари ҳуқуқларининг ишончли ҳимоясини кафолатлаш мақсадида, белгилансинки:

2021 йил 1 октябрдан бошлаб аукцион натижалари бўйича пул маблағлари Марказнинг махсус ҳисоб рақамида йиғилади ва аукцион ғолиби томонидан объект қабул қилинганлиги тасдиқлангандан сўнг, улар буюртмачи ҳисоб рақамига ўтказилади;

ижро ҳужжатлари бўйича автомототранспорт воситаларини реализация қилиш учун ўтказилган электрон онлайн-аукцион натижалари ҳақидаги баённома уни тақиқдан ечиш, шунингдек, аукцион ғолиби номига рўйхатдан ўтказиш (ҳисобга қўйиш) учун асос ҳисобланади. Бунда, мажбурий тартибда ундириш учун юборилмаган маъмурий жарималарни тўлаш мажбурияти автомототранспорт воситасининг собиқ эгаси зиммасида қолади;

электрон онлайн-аукционни ташкил этиш ва ўтказиш тартибидан ташқари бўлган тартиб-таомилларга риоя қилинмаганлиги учун аукцион натижалари тўғрисидаги баённомани бекор қилиш ёки ўзгартиришга йўл қўйилмайди.

3. Давлат активларини бошқариш агентлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Молия вазирлигининг қуйидагиларни электрон савдо платформасидаги электрон онлайн-аукцион йўли билан амалга ошириш ҳақидаги таклифлари маъқуллансин:

устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар, шунингдек, устав фондининг 50 фоизи ва ундан ортиғи 50 фоиз ва ундан ортиқ миқдорда давлат улушига эга юридик шахсга тегишли бўлган юридик шахсларнинг (кейинги ўринларда – давлат иштирокидаги корхоналар) улушлари, кўчмас мулклари, автомототранспорт воситалари ҳамда бошқа асосий воситаларини реализация қилиш;

давлат иштирокидаги корхоналар кўчмас мулклари, автомототранспорт воситалари ҳамда бошқа асосий воситаларини ижарага бериш.

Белгилансинки, давлат иштирокидаги корхоналар томонидан:

кўчмас мулкларини ижарага беришда, уларнинг давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам ставкалари, автомототранспорт воситаларини ижарага беришда жисмоний шахслар учун белгиланган ижара тўловининг энг кам ставкалари миқдорида, бошқа асосий воситаларини ижарага беришда эса Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексида белгиланган амортизациянинг камида йиллик энг юқори нормаси суммаси миқдорида бошланғич нархи белгиланади;

кўчмас мулклари, автомототранспорт воситалари ҳамда бошқа асосий воситаларини ижарага бериш ёки уларни ва улушни реализация қилиш ҳамда электрон онлайн-аукцион натижалари тўғрисидаги маълумотлар ўзларининг расмий веб-сайтларига жойлаштирилади.

4. Давлат активларини бошқариш агентлиги Молия вазирлиги ҳамда давлат номидан акциядор (таъсисчи, мулкдор) вазифаларини амалга оширувчи бошқа вазирлик, идора ва хўжалик бошқаруви органлари билан биргаликда:

бир ой муддатда давлат иштирокидаги корхоналар бошқарув органлари йиғилишларида уларга тегишли бўлган улушлар, кўчмас мулклар, автомототранспорт воситалари ҳамда бошқа асосий воситалардан самарали фойдаланиш, шу жумладан, уларни реализация қилиш ёки ижарага бериш бўйича “йўл хариталари”ни тасдиқлаш ташаббуси билан чиқсин;

икки ой муддатда давлат иштирокидаги корхоналарнинг улушлари кўчмас мулклари, автомототранспорт воситалари ҳамда бошқа асосий воситалари уларни реализация қилиш ёки ижарага бериш бўйича электрон савдо платформасидаги электрон онлайн-аукционга чиқарилишини бошласин.

5. 2022 йил 1 январдан бошлаб жисмоний ва юридик шахслар томонидан автомототранспорт воситаларини электрон савдо платформасидаги электрон онлайн-аукцион йўли билан ижарага беришда шартномаларни нотариал тасдиқлаш талаби бекор қилинсин.

Бунда, электрон онлайн-аукцион натижасига кўра расмийлаштирилган баённома ижара шартномаси кучига эга бўлади.

Адлия вазирлиги икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига автомототранспорт воситалари электрон савдо платформаси орқали ижарага берилганда, шартномани нотариал тартибда тасдиқлаш талабини бекор қилиш бўйича тегишли ўзгартиришларни киритсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 26 августдаги “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкаларини бериш ҳамда архитектура-қурилиш ишларини амалга ошириш тартиб-таомилларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4427-сон қарори билан Давлат хизматлари марказларида жисмоний шахсларга электрон онлайн-аукционда иштирок этиш имкониятини яратиш белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги ва Давлат активларини бошқариш агентлигининг:

Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида Марказнинг ҳудудлардаги 3 нафардан вакиллари фаолиятини йўлга қўйиш ва уларнинг зиммасига аукционга чиқарилаётган объектлар бўйича реклама ишларини ташкил этиш, аҳоли орасида аукционни оммалаштириш ҳамда унга чиқарилаётган объектлар юзасидан маълумотларни сифатли тайёрлашга кўмаклашиш вазифасини юклаш;

Марказ ва унинг ҳудудлардаги вакиллари объектларни реклама қилиш учун Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигига тегишли учувчисиз учиш аппаратларидан белгиланган тартибда фойдаланиш;

“E-ijro auksion” ягона электрон савдо майдончасини “E-auksion” электрон савдо платформаси деб қайта номлаш ҳақидаги таклифлари маъқуллансин.

Давлат активларини бошқариш агентлиги Адлия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда Марказнинг ҳудудлардаги вакиллари фаолиятини Давлат хизматлари марказларида йўлга қўйиш ва уларни зарурий воситалар билан таъминлаш чораларини кўрсин.

7. Давлат активларини бошқариш агентлиги:

Марказнинг ташкилий тузилмасида Ички аудит ва комплаенс-назорат хизмати ташкил этилишини ҳамда унинг зиммасига аукционларни ташкил этиш ва ўтказишда коррупция аломатларини аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш, шунингдек, Марказ ходимлари орасида коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик бўйича профилактик тадбирларни амалга ошириш вазифасининг юкланишини;

Марказнинг ҳудудлардаги вакилларини сақлаш харажатларини асосланган ҳисоб-китобларига кўра Давлат активларини бошқариш, трансформация ва хусусийлаштириш жамғармаси ҳисобидан қоплаб борилишини таъминласин.

8. Ер участкаларини электрон савдо платформасидаги электрон онлайн-аукцион йўли билан реализация қилиш ёки ижарага бериш тартибини такомиллаштириш мақсадида шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

ер участкаларини аукционга инвестиция киритиш шарти билан чиқариш тартиби бекор қилинади;

Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги ер участкалари бўйича аукцион ўтказилиши тўғрисидаги хабар эълон қилинган пайтдан бошлаб барча иштирокчиларга мазкур ер участкаларини олдиндан кўриш (кўздан кечириш) имкониятини таъминлайди;

ер участкаси бўйича тегишли маълумотлар, шу жумладан, фотосуратлар, унинг геолокация ва координаталари тўлиқ кўрсатилмаган ҳолда аукционга чиқариш учун буюртма тақдим этилганда, у камчиликларни бартараф этиш учун қайтарилади.

9. Давлат активларини бошқариш агентлиги:

а) Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ҳамда Миллий телерадиокомпания билан биргаликда икки ҳафта муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи амалий чора-тадбирлар режасини тасдиқласин:

республика бўйлаб барча туман ва шаҳарларда аукционни тарғиб қилиш бўйича семинар ва давра суҳбатларини ташкил этиш;

теле- ва радиоканалларда ҳар куни аукционда иштирок этиш бўйича видео- ва аудиолавҳаларни бериб бориш, шунингдек, ушбу йўналишда туркум кўрсатувлар тайёрлаш чораларини кўриш;

2021 йил 1 августга қадар электрон савдо платформасида аукционда иштирок этувчилар сони, шунингдек, аукцион жараёнини онлайн режимда кузатиб боришни жорий этиш;

2021 йил 1 октябрга қадар электрон савдо платформасининг демо версиясини ишлаб чиқиш, уни мактаб ва олий таълим муассасалари ўртасида оммалаштириш;

б) Марказ билан биргаликда икки ой муддатда ахборот технологиялари соҳасида етарли тажрибага эга бўлган ташкилотларни жалб этган ҳолда, электрон савдо платформасининг янгиланган дастурий таъминотини яратиш учун техник иқтисодий асосларни ишлаб чиқиб, тендер савдоларини эълон қилсин.

Бунда, аукцион натижалари бўйича иштирокчиларнинг ўзаро ҳисоб-китоблар механизмини (клиринг) юритувчи ахборот тизимини жорий қилиш назарда тутилсин;

в) Марказ билан биргаликда объектлар, шу жумладан, ер участкаларини электрон онлайн-аукционда сотиб олиб, қисқа муддат давомида ундан фойдаланмаган ҳолда уларнинг олди-сотдиси билан шуғулланаётган юридик ва жисмоний шахсларни таҳлиллар асосида аниқлаб, савдолардан белгиланган тартибда четлатиш чораларини кўриб борсин.

10. Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда мазкур қарор талабларидан келиб чиқиб, электрон савдо платформасида ташкил этиладиган электрон онлайн-аукционлар тартиб-таомилларининг ягона тартибини, шу жумладан, аукцион натижалари бўйича расмийлаштириладиган баённоманинг намунавий шаклини тасдиқласин.

Мазкур ягона тартибда ижро ҳужжатлари бўйича объектларни электрон онлайн-аукционга чиқариш ва реализация қилишнинг ўзига хос хусусиятлари инобатга олинсин.

11. Давлат активларини бошқариш агентлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

12. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил этишга масъул ва жавобгар этиб Бош вазирнинг ўринбосари Ж.А.Қўчқоров ва Давлат активларини бошқариш агентлиги директори А.Ж.Ортиқов белгилансин.

Қарор ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

        Президенти                                                                       Ш.МИРЗИЁЕВ

4611 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech