Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

20 Июль 2024

Наманган вилоятида тадбиркорлар ва ишбилармонлар иштирокида навбатдаги “Roadshow” тақдимоти ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 19 апрелдаги “Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 247 та корхонадаги давлат акция пакетлари ва 1028 та кўчмас мулк объектлари оммавий савдоларга чиқарилиши, шунингдек, 12 та йирик корхонадаги давлат улушларининг маҳаллий фонд бозорида бирламчи (IPO) ва (ёки) иккиламчи (SPO) оммавий таклифи ўтказилиши белгиланган.

Ҳудудларда мазкур қарор мазмун-моҳиятини тадбиркорлар ва кенг жамоатчиликка тушунтириш, унинг тарғибот ишларини жадаллаштириш мақсадида, жорий йилнинг 20 июль куни Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан Наманган вилоятида хусусийлаштирилиши белгиланган давлат активлари, жумладан, корхоналардаги давлат улушлари, бўш турган давлат мулки объектлари ва сотилиши белгиланган ер участкалари тўғрисида навбатдаги “Roadshow” тақдимоти ўтказилди.

Ушбу тадбирда 150 нафардан зиёд тадбиркорлар ва ишбилармонлар, маҳаллий ҳокимликлар ҳамда вилоятдаги йирик корхоналарнинг вакиллари иштирок этди.

Тақдимот Давактив агентлиги директори ўринбосари Алишер Миралиев, Давактив агентлигининг Наманган вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Бекзод Матмусаев ҳамда вилоят ҳокими ўринбосари Акрамжон Абдуҳамидов бошчилигида бўлиб ўтди.

Тадбирда А.Миралиев сўзга чиқиб, сўнги йилларда мамлакатимизда хусусийлаштириш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш, тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш юзасидан кескин ислоҳотлар амалга оширилиб, тадбиркорлар учун бир қатор янгилик ва қулайликлар яратилганлигини таъкидлаб ўтди. Хусусан:

  • Давлат активлари 3 ойда сотилмаганда (Тошкент шаҳри ва вилоят марказлари бундан мустасно)уларнинг бошланғич баҳосининг 10 фоизигача босқичма-босқич пасайтирилиши белгиланди;
  • 2024 йил 1 январгача ижара шартномалари асосида ижарага олганига камида 5 йил бўлган ва мажбуриятларни бажарган тадбиркорларга хусусийлаштириш дастурларига кирган давлат мулкини баҳоланган қийматда тўғридан-тўғри сотиб олиш ҳуқуқи берилди;
  • Тадбиркорлик учун аукцион савдоларига чиқарилган ер участкалари (вилоят марказлари бундан мустасно) 3 ой давомида сотилмаганда бошланғич қийматининг 30 фоизигача, 6 ой давомида сотилмаганда 10 фоизигача босқичма-босқич 10 фоиздан пасайтирилиши, сотиб олиш тўловларининг 15 фоизини уч ой муддатда қолган қисмини 10 йилгача муддатда бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилди;
  • Давлат мулки сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган бўш ер участкаларига нисбатан туман (шаҳар) ҳокимликларининг қарздорликлари бўйича тақиқлар татбиқ этилмайди, ушбу ер участкалари аукцион савдоларида сотилганда, харидорларга тўсиқларсиз расмийлаштириб берилади;
  • Ихтисослашуви ҳамда кичик бизнес учун мавжуд шароитдан келиб чиқиб 4 ва 5-тоифаларга киритилган туманларда жойлашган давлат активлари ҳамда мулк ҳуқуқи асосида сотиб олинган ер участкалари бўйича тўловларни, миқдоридан қатъий назар, 5 йил ичида тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилди.

Шу билан бирга, “Roadshow” иштирокчиларига Давактив агентлиги Наманган вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан 2023 йилги хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ жами 83 та давлат активлари аукцион савдоларига чиқарилганлиги, шундан 54 та давлат активлари 86,2 млрд.сўм қийматга бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотилганлиги маълум қилинди. Бундан ташқари, тадбиркорлар ва фуқаролар учун 406 та 123,7 гектар ер участкалари электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилган бўлиб, шундан 315 та 54,5 гектар ер участкалари 17,7 млрд.сўмга сотилишига эришилган.

Ҳудудий бошқарма томонидан 2024 йилнинг ўтган даврида жами 47 та давлат активлари аукцион савдоларига чиқарилган бўлиб, шундан 43 та давлат активлари 52,9 млрд.сўм қийматга сотилиши таъминланган. Ҳозирги кунда умумий қиймати 139,9 млрд.сўм бўлган 37 та давлат активларининг савдоси давом этмоқда.

Ўз ўрнида, янги 2024 йилги хусусийлаштириш дастурига мувофиқ, Наманган вилоятида оммавий савдоларда сотилиши белгиланган жами 68 та давлат ва давлат иштирокидаги хўжалик жамиятларининг активлари, шундан 55 та кўчмас мулк объектлари тадбиркорлар ва тадбир иштирокчиларига яқиндан таништирилди.

Шунингдек, тадбир давомида қатнашчиларга “E-auksion” электрон савдо платформасидан фойдаланиш, савдо платформасида шахсий кабинет очиш, онлайн электрон имзо олиш ва савдоларда қатнашиш учун аризалар бериш тартиблари ҳам назарий, ҳам амалий тушунтирилди.

Кўтаринки руҳда ва савол-жавобларга бой ўтган тадбир якунида қатнашчилар ва ОАВ вакиллари томонидан берилган бир қатор саволларга тегишли жавоблар бериб ўтилди, жумладан маҳаллий тадбиркорларнинг бир қатор таклифлари қабул қилинди.

Шу билан бирга, куннинг иккинчи ярмида ОАВ вакиллари учун Пресс-тур ҳам ташкил этилиб, ҳудудда хусусийлаштирилиши белгиланган давлат активлари жойига чиққан ҳолда ўрганилди.

Мазкур тадбир бугунги кунда Фарғона ва Андижон вилоятларида ўтказилди ҳамда кейинги ўринлардареспубликанинг қолган барча вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилади.

463 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech