Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

26 Март 2023

Давактив агентлиги ходимлари "Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунининг лойиҳаси билан таништириб ўтилди

Давлат активларини бошқариш агентлиги биносида жорий йил 25 март куни Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти мутахассиси Ш. Жолдасова томонидан Давактив агентлиги директори ўринбосари Б. Усмонов бошчилигида марказий аппарат, таркибий тузилмалар ва ҳудудий бошқармалар ходимлари учун "Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасининг мазмуни ва моҳиятини тушунтиришга қаратилган маъруза қилинди.

Таъкидланганидек, умумхалқ муҳокамаларида келиб тушган 220 мингдан зиёд таклифларнинг ҳар тўрттасидан биттаси лойиҳадан жой олди. Фуқароларнинг билдирган бирор-бир таклифи эътибордан четда қолмади. Асосий қонуннинг 65 фоиз матни халқ таклифлари асосида янгиланди.

Шунингдек, ушбу Конституциявий қонун лойиҳасининг:

65-моддасида барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ҳамда ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиниши, хусусий мулк дахлсизлиги ва мулкдор ўз мол-мулкидан қонунда назарда тутилган ҳоллардан ташқари ҳамда суднинг қарорига асосланмаган ҳолда маҳрум этилиши мумкин эмаслиги белгиланганлиги, иқтисодиётимизнинг негизида дахлсиз хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этилишига ва давлат бозор муносабатларини ривожлантириб ҳалол рақобат учун янада қулай шарт-шароитлар яратилишига ҳамда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини янада устуворлигини таъминлашга хизмат қилиши;

68-моддасида ер қонунда назарда тутилган ҳамда уни умуммиллий бойлик сифатида муҳофаза қилишни таъминловчи шартлар асосида ва тартибда хусусий мулк бўлиши мумкинлиги белгиланганлиги эса ерни хусусий мулкка бериш, яъни ерни ҳақиқий эгаси — халққа берилишини Конститутция даражасида ҳуқуқий таъминланиши таъкидланди. 

Конституциявий комиссия аъзолари фикрича, мол-мулк, уй-жой дахлсизлиги масаласини Бош қомусимизда белгилаш — партия аъзолари ва электорати учун айни муддаодир. Зеро, мол-мулк дахлсизлигининг юксак даражада кафолатланиши ишбилармонлик ва инвестициявий фаолликни рағбатлантиради.

Конституциявий қонун лойиҳаси билан илк маротаба узлуксиз таълим тизими, унинг ҳар хил турлари ва шакллари, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ривожини таъминлаш давлатнинг вазифалари қаторидан жой олмоқда.

Йиғилишда Конституциявий қонун лойиҳаси беш турдаги, яъни лингвистик, юридик, гендер-ҳуқуқий, коррупцияга қарши ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларга мувофиқлиги бўйича экспертизалардан ўтказилгани, шунингдек, лойиҳанинг ўзбек тилидаги матни таҳририни тайёрлаш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилгани таъкидланди.

Тадбир якунида иштирокчилар Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича барча қизиқтирган саволларига жавоб олдилар.

1449 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech