Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

17 Февраль 2023

“Angren pipe plant” МЧЖ устав капиталидаги 100 фоиз давлат улушини сотиш бўйича келишувга эришилди

Тегишли хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ, Давлат активларини бошқариш агентлиги (Давактив агентлиги) “Angren Pipe plant” МЧЖ (кейинги ўринларда - Корхона) устав капиталидаги 100 фоиз давлат улушини 19,2 млн. АҚШ долларига (217,5 млрд.сўм, 14.02.2023 йил ҳолатидаги Марказий банкнинг валюталар курслари бўйича) “Natural Juice” МЧЖ ва “Gross” АЖ суғурта компанияси консорциумига (кейинги ўринларда - Харидор) сотиш бўйича келишувга эришилганлигини маълум қилади.

Корхона акция пакетини хусусийлаштириш бўйича ўтказилган халқаро жараён натижалари Давлат мулкини сотишда тендер савдоларини ўтказиш бўйича давлат комиссиясининг тегишли қарори билан маъқулланган.

Бунда, Давактив агентлиги томонидан энг мақбул таклифларни танлаб олиш асосида “Portfolio Investments” МЧЖ (кейинги ўринларда – Консультант) хусусийлаштириш бўйича консультант сифатида жалб этилган ва Корхонани мустақил баҳолаш “Баҳолаш ва консалтинг маркази” МЧЖ томонидан амалга оширилган.

Консультант ва Давактив агентлиги томонидан хусусийлаштириш жараёни доирасида ҳам маҳаллий, ҳам халқаро даражада кенг кўламли маркетинг ишлари амалга оширилган, жумладан инвестиция тизерлари консультантнинг инвесторлар тармоғи орқали турли хорижий инвесторларга (investor sounding) юборилган.

Натижада Европа, МДҲ ва Ўзбекистондаги инвесторлардан сотиб олиш бўйича қизиқиш тўғрисида 5 та талабгорлардан аризалар (Express of Interest) келиб тушган. Талабгорлар хусусийлаштириш жараёнида иштирок этишини таъқиқлаши мумкин бўлган маъмурий, ҳакамлик ёки бошқа суд жараёнларининг йўқлиги ҳамда Европа Иттифоқи ва АҚШнинг, шунингдек йирик халқаро молия институтларининг санкциялари рўйхатига киритилмаганлиги юзасидан ўрганилган.

Бундан ташқари, Мажбуриятга эга бўлган таклифлар (BO)ни тайёрлаш доирасида, белгиланган малака мезонларига мувофиқ бўлган 4 та талабгорлар билан Ахборотни ошкор этмаслик тўғрисидаги битим (NDA) имзоланиб, уларга Корхонани ўзлари томонидан комплекс таҳлил (due diligence) ўтказиш, шунингдек Консультант томонидан тайёрланган ҳамда виртуал маълумотлар хонаси (VDR)га жойланган Корхонанинг молиявий, солиқ, ҳуқуқий ва экологик фаолияти юзасидан таҳлилий ҳисоботлар билан танишиш имконияти берилди.

Шунга кўра, энг яхши мажбуриятга эга бўлган таклиф “Natural Juice” МЧЖ ва “Gross” АЖ суғурта компанияси консорциуми томонидан тақдим этилган ва унинг нарх таклифи Консультант томонидан ҳисобланган Корхонанинг индикатив нархлар параметрлари оралиғида жойлашган ҳамда Корхонанинг баҳоланган қийматидан юқори.

Маълумот учун:

“Gross” АЖ суғурта компанияси 2011 йилдан бошлаб барча 17 суғурта тоифалари бўйича фаолият юритиб келмоқда. Gross жамоаси 450 дан ортиқ юқори малакали мутахассислардан иборат. Республика бўйича 80 дан ортиқ филиаллар фаолият кўрсатиб, ихтиёрий ва мажбурий шакллардаги барча 17 суғурта тоифалари бўйича 100 дан ортиқ турдаги суғурта маҳсулотларини тақдим этмоқда.

"Angren Pipe plant" МЧЖ – Ўзбекистонда турли диаметрли мис қувурлар ишлаб чиқарувчи корхона бўлиб, қуввати йилига 8 000 тоннани ташкил этади. Aсосий хом ашё Марказий Осиё минтақасидаги энг йирик тоғ-кон ва қайта ишлаш корхоналаридан бири бўлган “Олмалиқ КМК” AЖ томонидан асосий металл таркиби 99,99% (ГОСТ 546) бўлган катодли мис етказиб берилади. Компаниянинг Марказий офиси Тошкент вилояти, Aнгрен шаҳар, Оҳангарон кўчасида жойлашган. Корхона 2013 йилдан тижорат фаолиятини бошлаган.

2268 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech