Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

10 Март 2023

Ўзбекистон Республикасининг “Давлат мулкини бошқариш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 октябрдаги ПФ-6096-сон Фармони ва 2021-2025 йилларда давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш ва ислоҳ қилиш стратегияси доирасида Давактив агентлиги томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасининг “Давлат мулкини бошқариш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилиниб, ижрога киритилди (2023 йил 9 март, ЎРҚ-821).

Қонунни ишлаб чиқишда ушбу соҳага оид халқаро тажриба, хусусан, Халқаро молия ташкилотлари экспертлари ва бошқа бир қатор малакали ҳорижий маслаҳатчилар таклифлари инобатга олинган.

Қонуннинг мақсади – давлат мулкини бошқариш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Қонунда қуйидаги асосий нормалар назарда тутилган:

1) давлат мулкини бошқариш соҳасида давлат сиёсатининг йўналишлари;

2) давлат мулкини бошқариш принциплари: бунда муҳим принциплардан бири сифатида давлат корхоналари ва нодавлат ташкилотлари юридик шахсларига тенг шарт-шароитлар яратиш ҳамда давлат корхоналарига қўшимча имтиёзлар ва преференциялар берилмаслиги белгилаб қўйилди;

3) давлат мулкининг тоифаланиши: эндиликда, давлат мулки республика ва муниципал мулкка тоифаланади;

4) хусусийлаштирилмайдиган давлат мулки объектлари рўйхати тасдиқланди (жумладан, ер ости бойликлари, сув омборлари, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, шунингдек хиёбонлар ва ботаника боғлари ва бошқалар);

5) давлат мулкини бошқариш субъектлари этиб, Вазирлар Маҳкамаси, Давактив агентлиги, махсус ваколатли давлат органлари, давлат муассасалари, шу жумладан давлат органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва уларнинг ваколатлари белгиланмоқда;

Давактив агентлиги давлат мулкини бошқариш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириши белгилаб қўйилди.

6) давлат мулкига эгалик қилиш ва ундан фойдаланишнинг асосий қоидалари белгиланмоқда: давлат мулкига бириктирилган шахслар, эгалик қилиш, ундан оқилона ва самарали фойдаланиш, эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш, унинг яхлитлиги ва бут сақланишини таъминлаш учун масъул этиб белгиланмоқда;

7) давлат мулкидан фойдаланиш қоидалари ва давлат мулкини бошқариш самарадорлигини баҳолаш тартиби ишлаб чиқилади. Бунда, ортиқча, фойдаланилмаган ёки мақсадга мувофиқ фойдаланилмаган мулк қайтариб олинади;

8) давлат иштирокидаги корхоналарни ташкил этишга фақат давлат мулкига эгалик қилиш мезонларига мувофиқ бўлган тақдирда йўл қўйилади;

9) давлат иштирокидаги корхоналарда корпоратив бошқарувни жорий этишнинг асосий йўналишлари белгиланмоқда:

  • давлат иштирокидаги корхоналар раҳбарларига уларнинг фаолияти самарадорлигига қараб, кузатув кенгашига эса, корхоналардаги корпоратив бошқарув тизими натижаларига қараб баҳо берилади. Кузатув кенгаши томонидан раҳбарнинг ҳисоботлари, жумладан харидлар тўғрисидаги ҳисоботлари ҳар чоракда камида бир марта кўриб чиқилади;
  • корхоналарда кузатув кенгашининг аъзоларига ҳақ тўлаш механизми корпоратив бошқарув тизимининг баҳолаш натижаларига боғлиқ ҳолда ишлаб чиқилади;

10) кузатув кенгашлари ва ижроия органлари аъзоларининг жавобгарлиги суғурта қилиниши белгиланди;

11) кузатув кенгаши аъзоларининг корхона манфаатларини кўзлаб ҳаракат қилиши ва қонунга мувофиқ жавобгар бўлиши белгиланди;

12) давлат мулкига эгалик қилиш мезонларига мувофиқ бўлмаган давлат унитар корхонаси ва давлат муассасаси хўжалик жамияти этиб (АЖ, МЧЖ) ўзгартирилади;

13) давлат мулки реестри ягона марказлаштирилган электрон ахборот маълумотлар базаси шаклида юритилади;

14) давлат мулкидан фойдаланиш самарадорлигини баҳолашни жорий қилиш ҳамда давлат мулкини бошқаришда ҳисобдорлик, шаффофлик ва маълумотларни ошкор қилиш талаблари белгиланди;

Давлат мулкини бошқариш самарадорлиги бўйича Давактив агентлиги Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бир йилда камида бир марта, сўровлар бўйича эса, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ҳисобот бериб боради.

Давлат мулкини бошқарувчи барча ташкилотлар томонидан маълумотлар ошкор этилади ва давлат мулкини бошқариш самарадорлиги тўғрисидаги йиғма ҳисобот Давактив агентлиги сайтида жойлаштирилади.

15) давлат мулкига эгалик қилиш мезонларига мувофиқ ҳар йили 1 октябрга қадар реализация қилинадиган корхоналар рўйхати тасдиқланади;

Табиий монополия, норентабел соҳалар, хусусийлаштирилмайдиган объектлар, стратегик манфаат ва аҳоли хавфсизлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланган объектлар сақлаб қолинади.

16) мулкдор ҳуқуқини Давактив агентлигига ёки тартибга солиш вазифаларини бошқа давлат органларига ўтказиш орқали мулкдор ва тартибга солиш вазифалари ажратилади;

Бугунги кунда корхоналар 61 та вазирлик ва идоралар томонидан бошқарилмоқда.

Ушбу Қонуннинг қабул қилиниши давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини камайтиришга, давлат мулкини бошқариш соҳасини янада такомиллаштиришга ҳамда бу соҳада давлат ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг масъулияти ва ваколатларини аниқ белгилаш, давлат мулкини бошқариш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, ушбу Қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатаси томонидан 2022 йил 15 март куни қабул қилиниб, Олий Мажлис Сенати томонидан 2022 йил 13 июнда маъқулланган.

3430 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech