Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

19 Август 2022

“Uzbekistan airways” АЖни хусусийлаштириш стратегиясини ишлаб чиқиш учун профессионал консалтинг компаниясини жалб қилиш тўғрисида эълон

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги (кейинги ўринларда - Давактив агентлиги/Буюртмачи) тегишли хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ, “Uzbekistan airways” АЖни (кейинги ўринларда - Актив) хусусийлаштириш стратегиясини ишлаб чиқиш учун профессионал консалтинг компанияси (кейинги ўринларда - Консультант) танлаб олиниши юзасидан танлов эълон қилади.

Барча қизиқиш билдирган маҳаллий ва хорижий талабгорлардан Таклиф тақдим этиш учун сўровномага (RfP) асосан тижорат таклифларини жорий йил 17 сентябрь куни соат 18:00 (Тошкент вақти билан)га қадар тақдим этишларини сўраймиз.

Агар, биргаликда қўшма тижорат таклифи тақдим этилса, жалб қилинган шерик-консультантнинг ҳам ишини мувофиқлаштириш учун масъул бўлган ва жавобгарликни зиммасига оладиган асосий консультант кўрсатилиши лозим.

Барча манфаатдор томонлар қуйидаги ахборот каналлари орқали тижорат таклифларини тақдим этишлари сўралади:

Шохрух Охунов, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигининг Мувофиқлашган ҳаракатни таъминлаш департаменти бошлиғи;

Тел.: + 998-71-259-21-87; эл.почта: tender@davaktiv.uz.

Битим бўйича ишлар Консультант, Буюртмачи ва Актив вакиллари ўртасида яқин ҳамкорликда амалга оширилиши кутилмоқда, зарур ҳолларда эса маълумотлар йиғишда Актив жамоасига амалий кўмаклашиш ва Активга ташриф буюришлари мумкин.  

Дисклеймер

Мазкур сўровнома тижорат таклифини тақдим этиш мажбурияти ҳисобланмайди ва Буюртмачига таклифни қабул қилиш ёки шартнома тузиш мажбуриятини юкламайди. Шунга кўра, таклифлар учун ушбу сўровни эълон қилиш ва/ёки у билан боғлиқ аризаларни олиш, бир ёки бир нечта иштирокчилар билан музокаралар ва муҳокамалар орқали шартнома тузишни назарда тутмайди.

Ушбу ҳужжатда келтирилган материаллар ва маълумотлар лойиҳанинг фақат энг муҳим томонларининг дастлабки хулосаси ва Консультантдан хусусийлаштириш стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича кутилиши мумкин бўлган ишлар ҳажми тўғрисида умумий маълумот сифатида хизмат қилишига мўлжалланган.

Танлов иштирокчилари ҳеч нарсага ишониб ва боғланиб қолишлари керак эмас, танлов жараёни билан боғлиқликда буюртмачи учун дастлабки тақдимот ва таклифларни тайёрлаш мақсадида ягона чеклов бундан мустасно.

“Uzbekistan airways” АЖни хусусийлаштириш стратегиясини ишлаб чиқиш юзасидан Таклиф тақдим этиш учун сўровнома (RfP)

Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган ривожланиш стратегиясини амалга ошириш, хусусан, иқтисодиётда рақобатни таъминлаш, тадбиркорлик субъектлари учун тенг шароитлар яратиш, бозор муносабатларига тўлиқ ўтишни жадаллаштириш, миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, шунингдек, хусусий инвестицияларнинг кескин ўсишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 8 апрелдаги ПФ–101-сон Фармонида қуйидагилар белгиланган:

"в) ..."Uzbekistan airways" АЖ устав капиталидаги 51 фоиз ва ундан юқори миқдордаги давлат улушининг савдога чиқарилишини, шу жумладан акцияларини оммавий жойлаштириш (IPO)..."

Шу муносабат билан, Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан "Uzbekistan airways" АЖни хусусийлаштириш стратегиясини ишлаб чиқиш учун танлов асосида консультант (кейинги ўринларда - Консультант) жалб қилинади.

Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиацияси тармоғида активларни хусусийлаштириш қуйидаги мақсадларга эришишга қаратилган:

  • Тармоқда рақобатни ривожлантириш ва унда давлат иштирокини қисқартириш;
  • Табиий, молиявий, техник ва меҳнат ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш;
  • Тармоқни ривожлантириш учун хусусий инвестицияларни жалб қилиш ҳажмини кўпайтириш.

Актив тўғрисида қисқача маълумот

Компания “O’zbekiston havo yo’llari” Ўзбекистон Республикаси миллий авиякомпаниясининг хизмат кўрсатиш белгиси ва савдо белгисининг мутлоқ ҳуқуқий вориси ҳисобланади.

"Uzbekistan airways" АЖ – Ўзбекистон Республикаси авиацияси ва халқаро қоидаларининг низомига мувофиқ йўловчиларни ва ҳар қандай турдаги почталарни  ҳаво кемалари орқали ташиш бўйича хизматларни тақдим этади.

"Uzbekistan airways" АЖ 50 нафардан ортиқ белгиланган йўналишларда, жумладан Европа, Осиё ва Шимолий Америка мамлакатларига мунтазам равишда рейсларни амалга оширади. Авиакомпаниянинг ваколатхоналари 20 дан ортиқ дунё шаҳарларида фаолият кўрсатади.

Компаниянинг асосий фаолиятидан ташқари, "Uzbekistan airways" АЖга тегишли "UZBEKISTAN AIRWAYS TECHNICS" МЧЖ (ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш), "UZBEKISTAN HELICOPTERS" МЧЖ (маҳсус авиация), "O‘QUV-MASHGULOT MARKAZI" МЧЖ (таълим фаолияти) ва "KETRING" МЧЖ (борт учун озиқ-овқатлар етказиш) каби таркибий корхонлари мавжуд.

2021 йил якунига кўра компания 6,3 трлн. сўм миқдоридаги соф тушумга, 53,7 млрд. сўм миқдоридаги соф фойдага, шунингдек 4,2 трлн. сўм миқдоридаги устав капиталига эга.

Компаниянинг марказий офиси Тошкент шаҳар, Миробод тумани, А.Темур кўчасида жойлашган.

Хизматлар ҳажми:

Ушбу лойиҳа доирасида консультант хизматларининг кўлами 2 босқичда амалга оширилади.

1-босқич: Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиацияси соҳасининг таҳлили, шунингдек:

1. Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиацияси бозори ва минтақадаги давлатларда ҳаво транспорти таҳлили, жумладан:

1.1. Минтақадаги давлатларда (МДХ, Шарқий Европа, Марказий Осиё, Жанубий Осиё, Яқин Шарқ, Хитой ва бошқалар) ҳаво транспорти бозорларининг таҳлили ва хусусиятлари, минтақадаги алоҳида давлатларнинг фуқаро авиацияси соҳасидаги транспорт сиёсатини жорий этиш тажрибаси.

1.2. Авиаташувлар бўйича Ўзбекистондаги йўловчи ва юк ҳаво транспорти бозори ва уни ривожланиш истиқболлари таҳлили, Ўзбекистон ва минтақада (МДХ, Шарқий Европа, Марказий Осиё, Жанубий Осиё, Яқин Шарқ давлатлари, Хитой ва бошқалар) йўловчи ва юк ташиш бўйича мавжуд прогнозларни таҳлил қилиш ва умумлаштириш.

2. Лицензиялаш механизмлари ва авиаташувлар бозорига киришни тартибга солиш масалаларига алоҳида эътибор қаратган ҳолда фуқаро авиацияси соҳасидаги корхоналар фаолиятини тартибга солувчи Ўзбекистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий базасини таҳлил қилиш ва ушбу соҳада келгусида янада рақобат муҳитини шакллантириш бўйича норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича маслаҳатлар.

3. Икки томонлама ва кўп томонлама (агар мавжуд бўлса) давлатлараро ва ҳукуматлараро Ўзбекистон ва бошқа давлатлар ўртасида ҳаво қатновлари бўйича тузилган  шартномаларни таҳлил қилиш, Европа ва Осиё, шу жумладан Марказий Осиё минтақасида ҳаво транспорти бозорларини либераллаштириш бўйича кузатилаётган тенденцияларни баҳолаш.

4. Давлат ҳокимияти органлари томонидан фуқаро авиацияси соҳасини ислоҳ қилиш ва фуқаро авиацияси инфратузилмасини ривожлантириш бўйича эълон қилинган чора-тадбирларни ва уларни мазкур соҳада рақобат кучайишига ва активларни хусусийлаштириш жараёнига потенциал таъсирини таҳлил қилиш.

5. Халқаро амалиёт ва турли мамлакатларда (камида учта мамлакатда) фуқаро авиацияси бозорида жорий этилган тартибга солиш моделлар таҳлили.

6. Хусусийлаштиришнинг асосий параметрлари кўрсатилган дунёдаги ўхшаш компанияларни муваффақиятли хусусийлаштириш мисолларини (Ўзбекистон шароитида ушбу хусусийлаштириш лойиҳасини амалга оширишда инобатга олиниши лозим бўлган хусусийлаштириш вазифалари, хусусийлаштирилган объектларнинг хусусиятлари, хусусийлаштириш усули, жалб қилинган инвесторлар таҳлили, битимлар шартлари, инвестиция мажбуриятлари, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари, хусусийлаштиришнинг бошқа амалдаги жиҳатлари) ва ундан олинган натижаларни таҳлил қилиш.

7. Барча таҳлиллар асосида Ўзбекистон фуқаро авиацияси соҳасида транспорт сиёсати бўйича тавсиялар бериш. Тавсиялар фуқаро авиациясида арзон нархларда хизмат кўрсатишга қодир ишончли ва рақобатбардош соҳани ривожлантиришга ва ушбу соҳада рақобатни ривожлантиришнинг меъёрий-ҳуқуқий базасини такомиллаштиришга қаратилган бўлиши керак.

1-босқични амалга ошириш доирасида тегишли вазирлик ва идора, шунингдек, фуқаро авиациясининг етакчи субъектлари вакилларидан иборат Ишчи гуруҳ тузилади. Ишчи гуруҳнинг асосий вазифаси Косультантга соҳанинг жорий ҳолати тўғрисида зарур маълумотларни тақдим этиш ва Косультант билан олинган тушунча ва хулосаларни муҳокама қилишдан иборат бўлади.

1-босқич натижаларига кўра, Консультант 1-7 банларга мувофиқ таҳлил ва тавсияларни ўз ичига олган таҳлилий ҳисоботни тақдим этиши лозим. Ҳисобот рус ва инглиз тилларида PDF форматда тайёрланиши керак (мажбурий – MS Word форматида ва зарур бўлганда MS Excel, PowerPoint форматларида бўлиши керак).

2-босқич: “Uzbekistan airways” АЖнинг хусусийлаштириш стратегиясини ишлаб чиқиш:

Буюртмачи 1-босқич бўйича ҳисоботни тасдиқлаганидан сўнг Консультант 2-босқичга ўтади.

Буюртмачи 1-босқич натижаларига кўра, 2-босқичда иш ҳажмини ўзгартириш (шу жумладан, камайтириш) ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади. Шу билан бирга, иш ҳажми ва консультантчининг иш ҳақи миқдоридаги ўзгаришларни буюртмачи ва консультант ўртасидаги шартномага қўшимча ва ўзгартиришлар киритмасдан амалга оширилмайди.

2-босқич иш ҳажми қуйидагиларни ўз ичига олади:

1. “Uzbekistan airways” АЖ инвестиция олди диагностикаси (предынвестиционная диагностика), шу жумладан:

  1. Компания ва унинг таркибидаги корхоналарнинг ташкилий тузилмасини таҳлили;
  2. консолидация даражасида, Компаниянинг тузулмавий ташкилотлари ва/ёки бизнес сегментлари кесимида сўнги 3 йил давомида молиявий ҳолати ва молиявий натижаларни таҳлил қилиш (бошқарув ҳисоби маълумотлари, бухгалтерия ҳисобининг Миллий стандартлари ва/ёки МҲХС асосида);
  3. асосий фаолият кўрсаткичлари ва уларни бошқа давлатлар, биринчи навбатда қўшни мамлакатлардаги ўхшаш компаниялар кўрсаткичлари билан таққослаш (ҳаво кемасининг тури ва сони, йўловчи ташиши ҳажми, хизматлар сони, маршурут йўналишининг тармоқланиши);
  4. минтақадаги ҳаво транспорти бозорининг айрим сегментларида компаниянинг рақобатбардош позициясини таҳлил қилиш;
  5. Компаниянинг халқаро фонд биржалари ва капитал бозорлари талабларига мувофиқлигини юқори даражада таҳлил қилиш;
  6. компаниянинг жорий операцион моделини таҳлил қилиш ва компаниянинг ривожланишига таъсир кўрсатадиган чекловларни аниқлаш (таҳлил ўз ичига маршурут тармоғини режалаштириш жараёнларини тўғрисида умумий маълумот, ҳаво кемалари паркини режалаштириш ва ушбу режани амалга ошириш, даромадларни бошқариш, индивидуал савдо каналларини бошқариш ва уларнинг самарадорлиги, парвоз экипажини бошқариш, самалётларга техник хизмат кўрсатиш жараёнини бошқариш ва бошқаларни ўз ичига олиши лозим).

2. 1-банд ва 1-босқични таҳлили натижаларига кўра, консультант “Uzbekistan airways” АЖнинг давлат улушини сотиш бўйича тавсиялар бериш, консультантнинг тавсияси Давалт улушининг консолидацияланган даражада сотиш мақсадга мувофиқлиги ва унинг мақбул миқдори ва реализация қилиниши мумкин бўлган индикатив қиймати.

3. Консультант томонидан “Uzbekistan airways” АЖнинг давлат улушини консолидацияланган даражада сотиш мақсадга мувофиқ эмас деб хулоса берилганда, Консультант давлат улушини Компаниянинг таркибий индивидуал активлар даражасида сотиш юзасидан тавсиялар бериши лозим. Шу билан бирга, барча шўба корхоналар учта гуруҳга бўлиниши лозим:

  • хусусийлаштиришга тайёр корхоналар (1-гуруҳ);
  • сотишдан олдинги тайёргарликдан ўтиши керак бўлган корхоналар (2-гуруҳ);
  • хусусийлаштириш мақсадга мувофиқ бўлмаган корхоналар (3-гуруҳ).

4. Консультант 1-гуруҳ корхоналарининг ҳар бири учун қуйидаги масалаларни акс эттирувчи хусусийлаштириш йўл харитасини ишлаб чиқиши лозим:

  1. Сотишнинг мақсадга мувофиқлигини асослаш ва сотишнинг мақбул улуши бўйича таклиф тайёрлаш;
  2. индикатив қиймат таҳлили;
  3. активларни сотишнинг энг мақбул усули бўйича маслаҳатлар (IPO ёки стратегик инвесторларга сотиш); 
  4. кейинги жараёнларни ташкил этиш ва талаб этиладиган муддатлари бўйича тавсиялар бериш.

Агар консультант томонидан улушни IPO орқали сотиш тавсия этиладиган бўлса, консультантнинг тавсияси қуйидагиларни ўз ичига олиши лозим:

  • IPO доирасида сотиладиган ҳар бир компания акциялари пакети ҳажми ва IPO ўтказиш учун фонд биржаси бўйича аниқ ва бирмаъноли тавсиялар;
  • рақобат муҳитига киришда компания қийматининг қиёсий таҳлили ва таққосланадиган очиқ компанияларнинг қийматини ҳисобга олган ҳолда сотиш нархи бўйича потенциал мукофот/чегирма миқдорини аниқлаш бўйича тавсиялар;
  • таққосланадиган компанияларнинг сўнги жойлашувини таҳлил қилиш орқали IPO учун потенциал бозор талабининг умумий таҳлили.

5. Консультант 2-гуруҳ корхоналарининг ҳар бири учун қуйидаги масалаларни акс эттирувчи Хусусийлаштириш йўл харитасини тузади:

  1. актив ҳозирда сотувга тайёр эмаслиги тўғрисидаги хулосани асослаш, шу жумладан корхоналарнинг молиявий ҳолатини, солиқ, ҳуқуқий ва экологик хавфларнинг мавжудлигини таҳлил қилиш;
  2. активни хусусийлаштиришга имкон берадиган қонунчилик базасидаги мумкин бўлган ўзгаришлар бўйича тавсиялар (агар зарур бўлса);
  3. асосий активдан алоҳида сотилиши мумкин бўлган носоҳавий активлар бўйича тавсиялар.

6. Давлат улушини хусусийлаштиришнинг юқоридаги усулларининг ҳар бири учун Консультант хусусийлаштиришнинг мамлакат иқтисодиётига таъсирини пул тушумларининг индикатив миқдор кўринишида баҳолайди.

7. Консультант 3-гуруҳ бўйича ўрта/узоқ муддатли истиқболда сотишнинг мақсадга мувофиқ эмаслигини кўрсатадиган сабабларни, шунингдек активни давлат мулкида сақлашнинг иқтисодий самарасини таҳлили қилиши лозим.

2-босқичнинг натижалари:

  • “Uzbekistan airways” АЖнинг консолидациялашган даражада ёки алоҳида активлар кесимида хусусийлаштиришнинг мақсадга мувофиқлигини таҳлил қилган ҳолда инвестиция олди диагностикаси (предынвестиционная диагностика);
  • Давлат улушини консолидациялашган ёки активлар кўринишида сотиш бўйича йўл хариталари.

Барча ҳужжатлар рус ва инглиз тилларида PDF форматда тақдим этилиши лозим.

Ушбу техник топшириқда 1- ва 2-босқичларда таклиф қилинган тавсияларни амалга ошириш/татбиқ этиш назарда тутилмаган.

Консультантга қўйиладиган талаблар:

  1. Консультант фуқаро авиацияси соҳаси, биринчи навбатда авиакомпаниялар учун консалтинг хизматларини амалга оширишда етарли тажрибани намойиш этиши ва тавсифланган вазифаларни бажариш учун тайинланган асосий гуруҳ аъзоларини тақдим этиши лозим. Жамоа қуйидаги шартлардан камида биттасига жавоб берадиган бир кишини ўз ичига олиши керак:
  • хусусийлаштиришга тайёргарлик кўриш ёки кредиторларни ҳимоя қилиш тартибининг бир қисми сифатида чуқур қайта қуриш жараёнидан ўтган қарор қабул қилувчи, консультант ёки авиация компанияси аъзоси сифатида шахсий иштирок этиш;
  • фуқаро авиацияси соҳасидаги мутахассис, соҳани ривожлантиришнинг долзарб масалалари ва истиқболлари бўйича материалларни фаол равишда нашр этади.
  1. Консультант бирлашиш бозоридаги битимларни, шу жумладан хусусийлаштириш жараёнлари доирасидаги битимларни қўллаб-қувватлаш бўйича етарли тажрибани намойиш қилиши лозим.
  2. Консультант капитал бозорида етарли тажрибага ва акцияларни оммавий таклиф қилиш билан боғлиқ қоидалар бўйича билим даражага эга бўлиши лозим.
  3. Консультант вазифани ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш учун етарли моддий ва инсон ресурсларига эга бўлиши лозим.
  4. Халқаро тармоққа аъзо компаниялар учун ягона халқаро тармоққа аъзолик тамойили бўйича Консультантга алоқадор бир неча юридик шахсларнинг тажрибасини кўрсатишга рухсат этилади.

Консультант техник топшириқда белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун субпудратчини жалб қилиш ҳуқуқига эга, шу билан бирга Консультант субпудратчининг иши учун жавобгар ҳисобланади.

Ваколатли органнинг қарорига мувофиқ Консультант кейинчалик ушбу активни хусусийлаштириш учун жалб қилиниши мумкин.

 

5164 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech