Аввал хабар берилганидек, тегишли хусусийлаштириш дастурига мувофиқ, “Uzbekistan Airways” АЖнинг айрим ҳаво кемаларини сотиш белгиланган. Шунга кўра, Давактив агентлиги томонидан мазкур жараёнларни ташкиллаштириш учун Буюк Британиянинг ACC Aviation компанияси консультант сифатида жалб қилинган.
Консультант томонидан Ҳаво кемаларининг техник ҳолати, бозордаги талаб ва таклиф асосида сотиш механизми бўйича таҳлиллар ўтказилди. Консультант тавсиясига асосан “Uzbekistan Airways” АЖ қуйидаги икки лот бўйича Ҳаво кемаларини сотиш бўйича қизиқиш билдириш (Express of interest) босқичи бошланганлигини эълон қилди:
Лот 1:
- Боинг 757 (UK 75701), 1999 йилда ишлаб чиқарилган;
- Боинг 757 (UK 75702), 1999 йилда ишлаб чиқарилган;
Лот 2:
- Боинг 767 (UK 67007), 2003 йилда ишлаб чиқарилган;
- Боинг 767 (UK 67008), 2004 йилда ишлаб чиқарилган.
Талабгорлар қизиқиш билдириши тўғрисидаги аризаларини 2023 йил 23 февраль соат 18:00га (Тошкент вақти билан) қадар қуйидаги электрон почта манзилларига юборишлари лозим: ProjectHY@ACCAviation.com.
Шу билан бирга, “Uzbekistan Airways” АЖ томонидан келгусида қолган ҳаво кемаларни тури ва русумини инобатга олиб, лотларга бўлган ҳолда савдо жараёнлари эълон қилиниши билдирилган.
Савдо жараёнлари бўйича батафсил маълумотлар билан қуйидаги ҳавола орқали танишингиз мумкин.
Маълумот учун: “Uzbekistan Airways” АЖнинг сотувга таклиф қилинаётган ҳаво кемаларини очиқ савдоларда сотиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 апрелдаги “Фуқаро авиацияси корхоналарини трансформация қилиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5100-сон қарорида белгиланган.