Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

10 Октябрь 2022

“Uzbekistan Airways” АЖнинг айрим ҳаво кемаларини сотиш юзасидан профессионал консалтинг компаниясини жалб қилиш натижалари тўғрисида эълон

Тегишли хусусийлаштириш дастурига мувофиқ, Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан “Uzbekistan Airways” АЖнинг айрим ҳаво кемаларини тури ва русумини инобатга олиб, лотларга бўлган ҳолда сотиш жараёнларини ташкиллаштириш учун профессионал консалтинг компанияси жалб қилиш бўйича тегишли Танлов эълони натижалари бўйича қуйидагилар маълум қилинади.

Мазкур танлов жараёнида, 6 та профессионал ташкилотлар, жумладан консорциум шаклидаги таклифлар турли хорижий (Европа, Шимолий Европа, Евроосиё ва Осиё минтақалари) ва маҳаллий ташкилотлардан қабул қилиниб, уларнинг молиявий таклифи, соҳадаги тажрибаси, малакаси ва белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича ёндашувлари асосида сараланди.

Саралаш натижасида, ACC Aviation (Буюк Британия) консультант сифатида танлов ғолиби деб топилди.

Маълумот учун:

ACC Aviation компанияси (Буюк Британия)лизинг, ҳаво транспорти, авиация активларини бошқариш ва стратегик консалтинг хизматлари соҳасида етакчи ечимларни тақдим этади.

Компания глобал мижозлар базасига хизмат қилади. Компаниянинг халқаро офислари тармоғи Европа, яқин Шарқ, Африка, Шимолий Америка ва Осиё минтақасида жойлашган.

Давлат активларини бошқариш агентлиги жалб этилган профессионал консалтинг компанияси билан бирга ушбу активнинг рақобат тамойилларига асосланган шаффоф ва муваффақиятли сотилиши учун барча чораларни кўради.

“Uzbekistan Airways” АЖнинг сотувга таклиф қилинаётган ҳаво кемаларини очиқ савдоларда сотиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 апрелдаги “Фуқаро авиацияси корхоналарини трансформация қилиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5100-сон қарорида белгиланган.

 

3799 Чоп этиш