Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

06 Сентябрь 2021

1-сентябрдан “E-auksion” электрон савдо платформасида нималар ўзгарди?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021-йил 24-июлдаги “Электрон онлайн-аукционни ўтказиш тартибини соддалаштириш, унинг шаффофлигини ошириш ҳамда иштирокчилар ҳуқуқларининг ишончли ҳимоясини кафолатлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5197-сонли қарорига асосан 2021-йил 1-сентабрдан бошлаб “E-auksion” электрон савдо платформасидаги электрон онлайн-аукционларни ўтказиш тартибида қуйидаги ўзгаришлар амалга татбиқ этилади:

– иштирокчиларга, шу жумладан чет эл фуқароларига аукционда қатнашиш учун электрон рақамли имзо калити сертификати масофадан туриб, Давлат активларини бошқариш агентлигининг “Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази” давлат унитар корхонаси томонидан бепул тақдим қилинади;

– жисмоний ва юридик шахслар томонидан объектларни аукционга чиқариш учун тўланадиган йиғим бекор қилинади;

– аукцион ўтказиш тўғрисидаги хабар у ўтказиладиган кундан 30 кун олдин эълон қилинади;

– аукцион ўтказилиши тўғрисидаги хабар эълон қилинган пайтдан бошлаб аукцион жараёни якунига қадар иштирокчиларга объектни сотиб олиш бўйича аукцион қадамига боғланмаган ўз нарх таклифини киритиш ҳуқуқи берилади;

– сотилган объектнинг қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг беш минг бараваригача бўлганда, тўловларни 10 иш куни, беш минг бараварига тенг ёки ундан ортиқ бўлганда тўловларни 15 иш куни мобайнида тўлаш имконияти яратилади. Қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно экани Қарорда қайд этилган.

– аукцион ғолиби тўловларни тўлашдан бош тортган тақдирда, ғолиб ҳамда унинг тўғридан-тўғри таъсисчилари ҳисобланган шахслар ноҳалол иштирокчи сифатида электрон савдо платформасидаги аукционлардан четлатилади. Бунда, тўловларни тўламаслик ҳолати биринчи марта содир этилганда бир йил муддатга, иккинчи марта такрорланса муддатсиз даврга аукционлардан четлатилади;

– аукционга чиқарилган обектларни сотишга ва олди-сотди шартномасини расмийлаштиришга фақат аукционда камида иккита иштирокчи қатнашганда рухсат берилади.

Электрон савдоларни ўтказишнинг янги тартиби платформани соддалаштириш, иштирокчиларнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида жорий этилмоқда.

Маълумот учун, исталган иштирокчи аукцион объекти учун келиб тушган аризалар сонини ҳамда ўтказилаётган аукцион жараёнини платформадан рўйхатдан ўтмасдан кўриши имконияти яратилди.

1239 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech