Аввал хабар берилганидек, "Асакабанк" АЖ, "Ўзсаноатқурилишбанк" АТБ ва АТ "Алоқабанк"га тегишли “Toshkent City” халқаро ишбилармонлик маркази ҳудудидаги янги кўп қаватли бизнес марказларининг (кейинги ўринларда – “Бизнес марказлар”) халқаро оммавий савдолар орқали сотилиши тўғрисида эълон қилинган эди.
Мазкур Бизнес марказларини илғор хорижий тажриба асосида бошқариш ҳамда фойдаланиш малакасига эга соҳадаги халқаро йирик институтционал ва молиявий инвесторларни жалб қилиш, мулкий мажмуаларнинг индивидуал хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда халқаро сотиш жараёнини амалга ошириш, шунингдек жаҳон етакчи бизнес нашрлари ва халқаро офис тармоқлари орқали кенг қамровли маркетинг кампаниясини ташкиллаштириш учун “KPMG” компанияси (кейинги ўринларда – KPMG/Консультант) жалб қилинган.
Савдо жараёнининг дастлабки бозордаги қизиқишни ўрганиш (Market sounding) босқичи доирасида KPMG томонидан Бизнес марказлар тўғрисида тайёрланган инвестицион тизерлар соҳадаги 170 дан ортиқ йирик халқаро ва маҳаллий инвесторларга юборилиб, индивидуал мулоқотга киришиш орқали уларнинг Бизнес марказларни сотиб олишга қизиқишларини, шунингдек сотиб олиш шакли яъни бинони тўлиқ сотиб олиш ёки лотларга бўлган ҳолда сотиб олиш бўйича фикрлари ўрганилди.
“Market sounding” доирасида соҳадаги салоҳиятли инвесторларнинг Бизнес марказларни сотиб олишга билдирган қизиқишларини, сотишга ёндашув механизми бўйича билдирган фикрларини, соҳадаги халқаро инвесторни жалб қилиш имкониятларини инобатга олиб, Бизнес марказларни 3 та алоҳида лотларга бўлган ҳолда учта алоҳида яхлит мулкий мажмуалар сифатида сотилади.
Бизнес марказлар тўғрисида маълумот:
“Ўзсаноатқурилишбанк” АТБни кўп қаватли биноси
- Умумий майдони: 82,284 кв.м.;
- Қаватларнинг умумий сони:33
“Асакабанк” АЖни кўп қаватли биноси
- Умумий майдони: 66,202 кв.м;
- Қаватларнинг умумий сони:26
АТ “Алоқабанк”ни кўп қаватли биноси
- Умумий майдони: 81,439 кв.м.;
- Қаватларнинг умумий сони:26
Сотиш жараёни тўғрисида:
Савдо жараёнлари барча манфаатдор томонлар учун очиқ бўлган музокараларга оммавий таклиф этиш усули орқали амалга оширилади.
Савдо жараёни икки босқичда амалга оширилади, жумладан Cотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш (Express of interest), ҳамда Мажбуриятга эга бўлган таклиф (BO) тақдим этиш босқичлари.
Шу билан бирга, Бизнес марказларни баҳолаш учун “Катта тўртлик” (Big 4) туркумига кирувчи "Deloitte" халқаро компания жалб этилади.
Сотиш жараёнининг жорий босқичини амалга ошириш тўғрисида:
Қизиқиш билдириш босқичида иштирокчилардан қуйидаги маълумотлар билан сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш тўғрисидаги аризаларини (Expression of interest) тақдим этишлари сўралади:
- Иштирокчи тўғрисида қисқача маълумот (шу жумладан, СТИР, фаолият тури) ва сотиб олинган тақдирда Бизнес марказлардан фойдаланиш режалари.
- Иштирокчи устав капиталида 5 фоиздан ортиқ улуши мавжуд акциядорлар/таъсисчилар (эгалик улуши кўрсатилган ҳолда) ва якуний бенефициарлар тўғрисида маълумотлар;
- Охирги 3 йилги фаолияти бўйича молиявий ҳисоботи
Талабгорлар қизиқиш билдириши тўғрисидаги аризаларини хоҳишларига кўра ўзбек, рус ёки инглиз тилларида тайёрлаб 2024 йил 9 сентябрь соат 18:00га (Тошкент вақти билан) қадар қуйидаги алоқа каналларига юборишлари лозим:
Талабгорлар бир ёки бирнечта биноларни сотиб олиш бўйича қизиқиш билдиришлари мумкин.
Ушбу эълондан сўнг, Консультант янада кўпроқ салоҳиятли инвесторларни жалб қилиш мақсадида, KPMG халқаро алоқалари орқали инвестиция тизерларини тарқатиш орқали маркетинг кампаниясини давом эттиради.
Қабул қилинган аризалар қуйидаги мезонлар бўйича сараланади:
- Бизнес марказларни сотиб олиш учун етарли молиявий ресурслари;
- сотув жараёнида иштирок этилишини тақиқлаши мумкин бўлган маъмурий, ҳакамлик, арбитраж ёки бошқа суд жараёнларининг йўқлиги;
- Ўзбекистон Республикасининг 660-II-сонли “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунига риоя этилиши;
- Талабгор (консорциум ҳолатида, консорциум аъзоларидан ҳеч бири) ва унинг акциядорлари/иштирокчиларининг ҳеч бири давлат компанияси ёки устав капиталида давлат улуши бўлган компания бўлмаслиги керак;
- Талабгор (консорциум ҳолатида, консорциум аъзоларидан ҳеч бири) ва унинг тегишли шахсларидан ҳеч бири Европа Иттифоқи ва АҚШнинг, шунингдек йирик халқаро молия институтларининг (Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки) санкциялари рўйхатига киритилмаган бўлиши лозим. Шу билан бирга, ариза топширилган санада талабгорлар санкцияланган шахс/(лар) ёки юқорида айтиб ўтилган санкция органлари томонидан ҳар қандай иш ёки тергов объекти/(лар) бўлмаслиги керак. Шунингдек, талабгорлар (консорциум ҳолатида, консорциум аъзоларидан ҳеч бири) ва унинг тегишли шахсларидан ҳеч бири юқорида айтиб ўтилган муассасалар ва давлатларнинг санкциялар режимига зид бўлган ҳар қандай фаолиятга (тўғридан-тўғри ёки бирон бир шўба корхонаси орқали) жалб этилмаган бўлишлари лозим ва Талабгор (консорциум ҳолатида, консорциум аъзоларидан ҳеч бири), шунингдек унинг тегишли шахсларидан бирортасининг асосий молиялаштирувчи томонлари ёки кредиторлари санкциядаги шахслар ёки санкциядаги шахсларга тегишли бўлган ёки улар томонидан эгалик ва назорат қилинадиган банклар ёки молия институтлари бўлмаслиги лозим.
Аризаларни қабул қилиш тугаллангандан сўнг, Консультант томонидан иштирокчиларга тегишли хат (Process Letter) орқали кейинги жараённинг навбатдаги босқичини ташкил этиш тўғрисида индивидуал равишда хабардор қилинади.
Ушбу лойиҳа доирасида қўшимча маълумотлар учун қуйидаги алоқа каналларига мурожаат қилинг:
- Салтанат Сандикбаева, KPMG шериги: SSandykbayeva@kpmg.com, тел:. +99890-099-21-20;
- Шохрух Охунов, Давактив агентлигининг Департамент бошлиғи: sh.ohunov@davaktiv.uz, тел.: +99871-259-20-23.
Сотиш жараёнининг келгуси босқичлари тўғрисида:
Кейинги Мажбуриятга эга бўлган (BO) таклифларни қабул қилиш босқичига ўтган потенциал инвесторлар билан Ахборотни ошкор этмаслик тўғрисидаги битим (NDA) имзоланади ва мажбуриятга эга бўлган тижорат таклифларини тайёрлаш учун Бизнес марказлар фаолияти тўғрисидаги KPMG томонидан тайёрланган комплекс таҳлилий маълумотлар (Due-diligence) сақланадиган виртуал маълумотлар хонасига (VDR) кириш таъминланади.Шунингдек, Бизнес марказларига ташриф буюрган ҳолда унинг бошқарув органига саволлар бериш имконияти яратилади.
Давактив агентлиги сотув жараёнларининг ҳар бир босқичи тўғрисида жамоатчиликни қўшимча тарзда хабардор қилиб борилишини таъминлайди.