Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

16 Сентябрь 2022

Давлат активларини бошқариш агентлиги Давлат иштирокидаги корхоналар натижадорлиги тўғрисидаги йиғма ҳисоботини Олий Мажлис Қонунчилик палатасига тақдим қилди

Ошкоралик ва ҳисобдорликнинг илғор стандартлари давлат корхоналари самарадорлиги ва қийматини ошириш ҳамда инвестицияларни жалб этишда муҳим аҳамият касб этади.

Шу боис, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 июлдаги ПФ-6257-сон Фармони билан тасдиқланган Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021-2022 йилларга мўлжалланган Давлат дастури ва Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 мартдаги 166-сон қарори билан тасдиқланган Давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш ва ислоҳ қилиш стратегиясида Давлат активларини бошқариш агентлигига ҳар йили давлат иштирокидаги корхоналарнинг фаолияти натижадорлиги ва давлат мулкидан фойдаланиш ҳолати тўғрисидаги ҳисоботни Олий Мажлис Қонунчилик палатасига тақдим этиш амалиётини жорий этиш топширилган.

Шунга кўра, жорий йилнинг 15 сентябрь куни Давлат активларини бошқариш агентлигининг Давлат иштирокидаги корхоналарнинг 2021 йилдаги фаолияти натижадорлиги ва давлат мулкидан фойдаланиш ҳолати тўғрисидаги илк йиғма ҳисоботи Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасида эшитилди.

Таъкидлаш жоизки, йиғма ҳисобот шакли Халқаро молия институтлари (Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки) ва ҳорижий экспертлар билан ҳамкорликда корпоратив бошқарувнинг илғор халқаро тажрибасига, хусусан Швеция, Норвегия, Финляндия, Янги Зеландия, Латвия давлатларининг ҳисоботларига асосланган ҳолда ишлаб чиқилган.

Ҳисобот давлат корхоналари тўғрисидаги йиллик жамланган маълумот бўлиб, уларнинг бошқарув тузилмаси, фаолияти натижалари, молиявий ривожланиши ва ҳисобот йилидаги муҳим воқеалар тўғрисидаги маълумотларни қамраб олган. Шунингдек, давлат иштирокидаги корхоналар ҳақидаги маълумотлардан ташқари, умуман Давактив агентлиги фаолияти, давлат мулкини бошқариш ва хусусийлаштириш жараёнлари ҳақидаги муҳим маълумотлар ёритилган.

Хусусан, 2022 йил 1 январь ҳолатига давлат иштирокидаги корхоналар сони 2 144 тани ташкил қилган, шундан 231 таси акциядорлик жамияти, 871 таси масъулияти чекланган жамият, 1 042 таси давлат унитар корхонаси шаклида, буларга 72 та вазирлик ва идора эгалик қилган.

2021 йилда корхоналарнинг жами даромадлари 287,5 трлн. сўмни ташкил қилиб, 32,1 трлн.сўм соф фойда кўрган, шу билан бирга 335 та корхона ўз фаолиятини 8,9 трлн.сўм зарар билан якунлаган. Корхоналар томонидан давлат бюджетига 52,7 трлн. сўм солиқ ва 13,9 трлн. сўм дивиденд (ажратма) тўланган бўлиб, давлат бюджети даромадининг 40,5 фоизини ташкил қилган.

Давлат иштирокидаги корхоналарда жами 575,6 минг нафар ходим фаолият юритиб, улар жами банд аҳолининг 4,2 фоизини ташкил қилди.

Шу билан бирга, ҳисоботда Давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш ва ислоҳ қилиш Стратегияси билан белгиланган топшириқлар ижроси тўғрисида маълумотлар келтирилган.

Давлат иштирокидаги корхоналарнинг фаолияти натижадорлиги ва давлат мулкидан фойдаланиш ҳолати тўғрисидаги йиғма ҳисобот ҳар йили Олий Мажлис Қонунчилик палатасига тақдим этиб борилади.

2133 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech