Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

31 Май 2023

"UNG Petro" МЧЖни хусусийлаштириш бўйича профессионал консалтинг компаниясини жалб қилиш тўғрисида эълон

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги (кейинги ўринларда Давактив агентлиги/Буюртмачи) тегишли хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ “UNG Petro” МЧЖнинг устав капиталидаги 100 фоиз давлат улушини (кейинги ўринларда ­ Актив) хусусийлаштириш бўйича профессионал консалтинг компаниясини (кейинги ўринларда – Консультант) жалб этиш юзасидан танлов эълон қилади.

Барча қизиқиш билдирган талабгорлардан Таклиф тақдим этиш учун сўровномага (RfP) асосан тижорат таклифларини 2023 йил 11 июнь куни соат 18:00га (Тошкент вақти билан) қадар тақдим этишларини сўраймиз.

Агар, биргаликда қўшма тижорат таклифи тақдим этилса, жалб қилинган шерик — консультантнинг ҳам ишини мувофиқлаштириш учун масъул бўлган ва жавобгарликни зиммасига оладиган асосий консультант кўрастилиши лозим.

Барча манфаатдор томонлар қуйидаги ахборот каналлари орқали тижорат таклифларини тақдим этишлари сўралади (кодланган ҳолда):

Талъат Юлдашевич Самандаров — Давлат активларини хусусийлаштиришга тайёрлаш ва хусусийлаштириш департаменти бошлиғининг ўринбосари;

Телефон: + 998-71-259-20-67;

E-mail: tender@davaktiv.uz

Консультантларнинг вакиллари билан Битим бўйича ишлар яқин ҳамкорликда, зарур ҳолларда эса, Активда қўшимча лойиҳа гуруҳини тузиш орқали амалга оширилиши мумкинлиги маълум қилинади.

Дисклеймер

Мазкур сўровнома тижорат таклифини тақдим этиш мажбурияти ҳисобланмайди ва Буюртмачига таклифни қабул қилиш ёки шартнома тузиш мажбуриятини юкламайди. Шунга кўра, таклифлар учун ушбу сўровномани эълон қилиш ва/ёки у билан боғлиқ аризаларни олиш, бир ёки бир нечта иштирокчилар билан музокаралар ва муҳокамалар орқали шартнома тузишни назарда тутмайди.

Ушбу ҳужжатда келтирилган материаллар ва маълумотлар лойиҳанинг фақат энг муҳим томонларининг дастлабки хулосаси ва Консультантдан хусусийлаштириш бўйича кутилиши мумкин бўлган ишлар ҳажми тўғрисида умумий маълумот сифатида хизмат қилишига мўлжалланган.

Танлов иштирокчилари танлов жараёни билан боғлиқ ҳолда Буюуртмачи учун дастлабки тақдимотлар ва таклифларни тайёрлашнинг ягона чекланган мақсадидан ташқари, ҳеч нарсага таянолмайдилар ва ишонмасликлари шарт.

 “UNG Petro” МЧЖни хусусийлаштириш бўйича консультантни жалб қилиш юзасидан таклиф тақдим этиш учун сўровнома (RfP)

Кириш

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 24 мартдаги ПҚ-102-сон қарорига мувофиқ, “UNG Petro” МЧЖнинг 100 фоиз улуши (кейинги ўринларда – Битим) сотилиши белгиланган.

Сотиш жараёнлари “UNG Petro” МЧЖнинг тармоқ ва индивидуал хусусиятларидан келиб чиқиб Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги талаблари доирасида энг мақбул хорижий тажриба асосида ташкил этилиши лозим. Буюртмачи тўғри қарор қабул қилиши учун Активни мустақил баҳолаш ишларини амалга оширади.

Ушбу Таклиф тақдим этиш учун сўровнома (кейинги ўринларда ­ Сўровнома) Консультантга қўйиладиган талабларни ва унинг баҳоланиши керак бўлган таклифининг тузилишини, шунингдек, ушбу Сўровноманинг иловасида Битимни қўллаб-қувватлаш бўйича зарур иш ҳажмини тавсифлайди. Консультантлар консорциумга киришлари ёки хизматларнинг тўлиқ спектрини тақдим этиш бўйича қўшма таклифлар киритишлари мумкин.

Актив тўғрисида қисқача маълумот

"UNG Petro" МЧЖ – Ўзбекистон Республикасидаги энг йирик ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғи бўлиб, у «UNG» миллий бренди остида нефть ва газ маҳсулотларини сотади. "UNG Petro" МЧЖ чакана савдо тармоғига Ўзбекистон Республикаси бўйлаб жойлашган ёқилғи ва газ қуйиш шохобчалари киради.

Корхонанинг юридик манзили: Тошкент ш., Юнусобод тумани, 7Б, 17-уй.

Консультантлардан кутилаётган таклифлар тузилмаси ва уларга қўйиладиган талаблар

Консультантнинг (индивидуал аризачи ёки Консорциум) таклифи рус/инглиз тилида тайёрланиши ва қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши керак:

а) Активни хусусийлаштириш жараёнини ташкиллаштириш бўйича консультантнинг келгусидаги ҳаракатлар кетма-кетлигини ва иш кўламини ўз ичига олган режаси. Консультантнинг тавсиялари ва таклифларига қисқа вақт ичида тегишли жавоб берилган тақдирда, хусусийлаштириш жараённинг давомийлиги бўйича хулосаси (10 баллгача);

б) Тижорат таклифи икки қисмдан иборат (50 баллгача):

Хизмат ҳақининг қатъий қисми ягона рақам шаклида (ҚҚС ва бошқа харажатлар билан бирга) бўлиши ва консультантнинг субъектив тахминларидан ҳоли бўлиши лозим;

Таклиф этилган ҳақ миқдори ишлаб чиқилган савдо стратегиясига боғлиқ ва Буюртмачи таклифнинг муваффақияти учун (“success fee”) мутаносиб ҳақ тўлашни таъминлайдиган таклифларга устунлик беради;

Агар хизмат ҳақи нархлар оралиғида берилган бўлса, унда таклифни баҳолаш учун унинг юқори чегараси қабул қилинади. Қўшимча жорий харажатлар (хизмат сафари, таржима ва бошқалар учун) белгиланган қатъий қисмига киритилиши керак;

в) Шу тоифадаги активлар доирасида тузилган битимлар юзасидан консультантларнинг иш тажрибаси тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек, 2017 йил 1 январь кунидан бошлаб ҳозирги даврга қадар МДҲ минтақасидаги мандатлар тўғрисида маълумот (20 баллгача);

г) Лойиҳани амалга оширишдан келиб чиқиб, Битимни амалга ошириш юзасидан ишларни ташкил этиш бўйича таклиф. Таклиф этилган Битимга жалб қилинган жамоа ҳақида маълумот, шахсларнинг (жисмоний ва юридик) исмлари ва улар ҳақидаги маълумотлар: иш тажрибаси, фаолият муддати, битимлар тузиш бўйича умумий тажриба ва уларни амалга ошириш бўйича малакаси (20 баллгача);

д) Қўйилган вазифаларни бажариш учун етарли салоҳият ва ваколатга эгалиги, шунингдек, инсон, вақт ва моддий ресурсларнинг мавжудлиги тўғрисида ёзма ариза;

е) Манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги ҳақида маълумот. Маслаҳатчи ушбу савдога жалб қилинган тақдирда зиддиятлар олиб келиши мумкин бўлган ҳолларда потенциал битим бўйича салоҳиятга эга эканлигини кўрсатиш.

Хусусийлаштириш бўйича консультантдан кутилаётган ишлар ҳажми

I. Нефть ва газ маҳсулотларини қуйиш шохобчалари хизмати учун бозор таҳлили:

  • Ўзбекистонда ва минтақада соҳани ривожлантиришдаги шароитларни ва бозор таҳлили, соҳа корхоналарини ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар;
  • бошқа (жумладан, қўшни) давлатларда мазкур соҳада амалга оширилган хусусийлаштириш тажрибаси таҳлили, ушбу турдаги активнинг хусусийлаштиришдаги муваффақиятсизликларининг асосий сабаблари, келгусида соҳани ривожлантириш ва муваффақиятли хусусийлаштиришни таъминловчи омиллар;
  • амалга оширилган таҳлиллар асосида активнинг хусусийлаштириш жараёнларини муваффақиятли ташкиллаштиш учун лозим бўлган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилади.

II. Активни сотишдан олдин тайёрлаш бўйича маслаҳатлар:

  • Активнинг инвестиция жозибадорлигини ошириш, энг илғор амалиётлар ва ўхшаш (аналог) активларнинг таҳлили асосида тузилма ва бошқарувни такомиллаштириш бўйича таклифлар;
  • Активнинг ҳар томонлама (солиқ , ҳуқуқий, молиявий ва экологик) чуқур таҳлилини ўтказиш (due diligence);
  • оптимал маркетинг стратегияси бўйича тавсиялар, маркетинг материалларини тайёрлаш (тизер, инфо-меморандум, жараён ҳолати бўйича хат ва бошқалар) ва инвесторлар ўртасида ахборот материалларини тарқатиш;
  • маркетинг материалларини тайёрлаш, шу жумладан инвестиция видеолари, тарқатма материаллар ва бошқалар;
  • жамоатчилик билан алоқа ўрнатиш бўйича тавсиялар тақдимоти, уларнинг саволларига жавоблар;
  • баҳолаш услубини тўғри танлаш ва уларнинг инвесторлар учун долзарблигини белгилаш, нарх диапазони бўйича тавсиярни тақдим этиш;
  • инвестор нуқтаи назаридан баҳолашга таъсир этувчи асосий омиллар, асосий кўрсаткичлар ва таҳминларни аниқлаш;
  • лойиҳа доирасида бошқа малакали консультантларни жалб этиш (зарур бўлган ҳолларда) ва уларнинг ишини мувофиқлаштириш.

III. Битим жараёнига ҳамроҳлик қилиш:

  • Активни хусусийлаштиришга қаратилган барча чораларни кўриш, виртуал маълумотлар хонаси (ВДР)ни ташкил этиш;
  • салоҳиятли талабгорлар билан алоқаларни мувофиқлаштириш, шу жумладан, уларнинг саволларига жавоблар бериш;
  • барча зарур ҳужжатларни, жумладан, олди-сотди шартнома лойиҳасини (ўзбек тилига таржимаси билан, керак бўлса рус ва инглиз тилларида ҳам) тайёрлаш билан бирга сотиш жараёнида ҳамроҳлик қилиш;
  • Битимни эълон қилиш ва ёпишни ташкиллаштириш.

 

(1) Агар ариза консорциум томонидан тақдим этилган тақдирда, консорциум бўйича келишувни тақдим этиш, шунингдек, мувофиқлаштирувчи асосий маслаҳатчи (одатда консорциум раҳбари деб аталди) кўрсатиш лозим. Ушбу ҳолатда хизматларнинг умумий қиймати кўрсатилиши керак.

(2) Агар консультантларнинг таклифлари "а","в" ва "г" бандларида кўрсатилган талаблардан келиб чиқиб 30 баллдан кам баҳоланса, "б" бандида назарда тутилган баҳолаш балли қўлланилмайди.

4697 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech