Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

26 Февраль 2021

Давлат активларини бошқариш агентлиги халқаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтирмоқда

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни янада жадаллаштириш, бунда давлат активларини бошқариш жараёнига хориж тажрибасини жалб қилиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда Давлат активларини бошқариш агентлиги  ходимларининг малакасини ошириш мақсадида халқаро профессионал ташкилотлар билан яқиндан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилмоқда.

Бугун 26 февраль куни Давлат активларини бошқариш агентлиги ва Корея активларини бошқариш корпорацияси (KAMCO) ҳамда Корея давлат корпорациялари институти (KIPF) раҳбарлари ўртасида видеоконференц алоқа тарзида уч томонлама Меморандум имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Меморандумдан кўзланган мақсад Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги иқтисодий-молиявий барқарорликни янада мустаҳкамлаш, давлат активларини бошқариш соҳаларида мунтазам равишда тажриба алмашиш бўйича ҳамкорликларни мувофиқлаштиришдир.

Тадбирда КAМСО раиси ва бош ижрочи директори Сун Ю Мун ва KIPF давлат корхоналарини тадқиқ қилиш маркази ижрочи директори Гунхо Баэлар сўзга чиқиб, Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларни алоҳида эътироф этиб, кейинги йилларда мамлакатимиз ўз эшикларини халқаро ҳамкорларга кенг очгани ва бу қисқа вақтларда юксак самаралар беришини алоҳида таъкидладилар.

Агентлик директори Акмалхон Ортиқов ўз нутқида икки мамлакат 30 йилдан ортиқ вақт давомида стратегик шерик бўлиб келаётгани ва икки томонлама муносабатларни доимий равишда ривожлантиришга интилаётгани ҳамда бунинг далили сифатида жорий йил 28 январда мамлакатларимиз раҳбарлари ўртасида бўлиб ўтган онлайн саммитни қайд этар экан, унда Ўзбекистон – Корея муносабатларини ҳар томонлама ривожлантириш ва махсус стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилганига алоҳида урғу берди.

Тадбир сўнгида томонлар ҳамкорлик алоқалари расмийлаштирилганини мамнуният билан қайд этиб, тез орада институционал салоҳиятни мустаҳкамлаш ва тажриба алмашиш борасида таълим ва малака ошириш дастурларини амалга оширишга келишиб олдилар.

1056 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech