Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

21 Июнь 2024

Давлат мулкини ижарага бериш соҳасидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилди

Республика ҳудудларида давлат мулкини ижарага бериш тартибини бузиш ҳолатлари юзага келмоқда.

Мисол учун, 2022 йилда 595 та (38,2 минг кв.м.) ва 2023 йилда 581 та (129,8 минг кв.м.) ҳолатда давлат мулкини ижарага бериш тартиби бузилганлиги учун балансда сақловчилардан ижара тўлови давлат мулкидан фойдаланилган даврда унинг икки баравари миқдорида (1,8 млрд сўм) ундирилган.

Шунга кўра, давлат мулкини ижарага бериш тартибини бузиш ҳолатларининг олдини олиш ва бу борада жавобгарликни кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жорий йил 19 июнь куни имзоланган Қонун (ЎРҚ-933-сон) билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимчалар киритилди.

Эндиликда, давлат мулкини белгиланган тартибда ижара шартномасини тузмасдан ижарага бериш, ижарага олинган давлат мулкини қабул қилиб олишда, ижара муносабатларининг объекти ҳудудига киришда ва ундан фойдаланишда ижарага олувчига асоссиз равишда тўсқинлик қилиш ёки ижарага берилаётган давлат мулкининг параметрлари ва сонини ижара шартномасида нотўғри кўрсатган ҳолда давлат мулкини ижарага бериш:

  • мансабдор шахсларга БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача (1 млн 700 минг сўмдан 3 млн 400 минг сўмгача) миқдорда;
  • худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган тақдирда, мансабдор шахсларга БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача (3 млн 400 минг сўмдан 5 млн 100 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Мазкур Қонуннинг қабул қилиниши давлат мулкини ижарага беришда йўл қўйилаётган қонун бузилиши ҳолатларининг олдини олиш ва ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларга нисбатан жазонинг муқаррарлигини таъминлаш имконини беради.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

724 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech