Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

22 Февраль 2021

Фарғонада хусусийлаштириш жараёни қандай бормоқда?

Мамлакатимизда давлат улуши бўлган корхоналар сони кескин қисқариб бормоқда. Албатта, бунда давлат корхоналарини ислоҳ қилиш ва хусусийлаштириш бўйича янги ёндашувлар белгилангани муҳим аҳамият касб этмоқда. Хўш, бугунги кунда бу борада ҳудудларда қандай ишлар амалга оширилмоқда?

Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан Фарғона вилоятида инвестиция мажбуриятларини бажараётган, хусусийлаштириши режалаштирилган, бўш турган ва ижарага берилиши кўзда тутилган объектлар бўйлаб оммавий ахборот воситалари ходимлари учун ташкил этилган пресс-турда бу бўйича батафсил маълумотлар берилди.

Вилоятда хатлов натижасида аниқланган бўш турган 256 та давлат кўчмас мулк объектлари 106,450 миллиард сўм ва 500 минг доллари миқдорида инвестиция киритиш ва 1 минг 863 та янги иш ўринларини яратиш шарти билан аукцион савдоларига чиқарилди. 203 та давлат кўчмас мулки объектлари ижарага бериш учун аукцион савдога қўйилди. Ўтган йилда 164 та объект сотилиб, 92 таси ишга туширилди. Шаҳар ва туманларда ижтимоий соҳа объектларининг самарасиз бўш турган қисми хатловдан ўтказилиб, фойдаланмай бўш турган 220 та бино аниқланди. Уларнинг 50 таси сотиш ҳамда 162 таси ижарага бериш мақсадида «e-ijro auksion» платформасига жойлаштирилди. Мазкур пресс-турда вилоятда жорий йилда амалга оширилаётган ишлар мутахассислар томонидан тушунтириб берилди.

Дастлаб давлат активларини «e-ijro auksion» онлайн майдончаси орқали савдоларга чиқарилган давлат мулк объектларини сотиб олиш тартиб-тамойиллари, қулайликлар, шаффофлик, ҳужжатларни расмийлаштириш, инвестиция мажбуриятларни бажаришда мулк эгаларига яратиб берилган қулайлик ва имкониятлар хусусида маълумотлар берилди.

Бугун тадбиркорларнинг энг катта муаммоси – жой масаласи. Уларнинг бизнес ғояси учун бино керак. Шу боис, бўш турган ва фойдаланилмаётган давлат мулки объектларини тадбиркорларга оммавий савдолар орқали сотишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса истиқболли лойиҳаларни рўёбга чиқариш, янги иш ўринларини яратиш имконини бераётир.

Фарғона шаҳар “Шодиёна” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган Фарғона механика заводининг қурилиши тугалланмаган ўқув биноси узоқ йиллар давомида қаровсиз қолганди. Мулк “Artaped Alians” масъулияти чекланган жамиятига аукцион орқали 499 миллион сўмга бир йил давомида 2 миллиард сўм инвестиция киритиш ва 20 та янги иш ўринлари яратиш шарти билан сотилди.

– Бу ерда травматология ва ортопедия йўналишида хизмат кўрсатувчи тиббий килиника қурилиши якунланмоқда, – дейди жамият раҳбари Бекзод Ўринбоев. – Шу кунга қадар 370 минг АҚШ доллари миқдорида тиббий жиҳозлар олиб келдик. Ҳозирга қадар жалб этилган умумий инвестиция миқдори 6 миллиард сўмдан ошди. Марказ ишга тушса 60 та янги иш ўрни яратилади.

Мулк ҳақиқий эгасини топганлигини олиб борилаётган бундёкорлик ишларидан билса бўлади. Албатта, тез кунларда бу ерда аҳоли учун хизмат кўрсатувчи замонавий тиббий марказ иш бошлайди.

Пресс-тур иштирокчилари Президентимизнинг 2020 йил 27 октябрдаги “Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони доирасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

“Фарғона ёғ-мой” акциядорлик жамияти ана шундай корхоналар сирасига киради. Корхонанинг устав капиталдаги 84,45 фоиз давлат улуши 62, 2 миллиард сўм миқдорида савдога чиқарилган. Холбуки, корхона фаолияти тўхтагани йўқ. Аммо мавжуд қувватлардан тўлиқ фойдаланилмаяпти. 50-60 фоиз қувват билан фаолият кўрсатмоқда. Асосий сабаб хомашё етишмайди, янги қувватларни ишга тушириш учун сармоя йўқ.

– Корхоналарнинг хусусийлаштирилиши инвестиция миқдорини кенгайтириш, маҳсулот турларини кўпайтириш, хом ашё базасини мустаҳкамлаш ҳамда янги иш ўринлари яратиш имкониятини беради, – дейди Давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси бош мутахассиси Нодиржон Саидаҳмедов. – Жорий йил вилоятдаги 13 та давлат активлари сотилиши белгиланган. Йил бошидан ҳозирга қадар 2 та объектлар ишга туширилди.

Иштирокчилар Фарғона шаҳрида ўтказилган хатлов натижасида бўш турганлиги аниқланган биноларда ҳам бўлиб, келгусида амалга оширилиши кўзда тутилаётган режалар билан танишди.

М. Сулаймонов, М. Қодиров (сурат), ЎзА

720 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech