I. Оммавий савдоларга чиқарилган “Чорвоқ оромгоҳи” дам олиш маскани ва “Чотқол оромгоҳи” бино-иншоотлари бўйича савдо жараёнининг биринчи босқичи якунланиб, Давлат тендер комиссиясининг тегишли қарори билан мазкур давлат активлари бўйича савдо жараёнларининг иккинчи босқичга ўтган талабгорлар рўйхати тасдиқланди.
Савдо жараёнининг иккинчи босқичига ўтган талабгорлардан 2022 йил 8 февраль соат 17-00га (Тошкент вақти билан) қадар тижорат таклифлари, яъни сотиб олиш нархи, тўлов муддати ва тўлов қобилияти бўйича таклифлар “E-auksion” электрон савдо платформаси орқали (ҳавола орқали Чорвоқ оромгоҳи, Чотқол оромгоҳи) қабул қилинади.
Ушбу давлат активлари бўйича савдо жараёнларининг биринчи босқичида иштирок этган барча талабгорларга Ишчи орган томонидан алоҳида расмий хабарномалар юборилади.
II. Мирзо Улуғбек тумани, Шаҳриобод кўчаси, 53-уй манзилдаги бўш турган бино-иншоотлар бўйича савдоларнинг натижаси бўйича Давлат тендер комиссиясининг тегишли қарорига асосан “Golden House Development” МЧЖ 74,0 млрд. сўм харид қийматини тўлаш шарти билан савдо ғолиби деб топилди.
Ўз навбатида, савдо ғолиби томонидан ҳудуднинг шаҳарсозлик меъёрларидан келиб чиқиб, маиший хизмат, спорт ва ижтимоий (таълим, соғлиқни сақлаш) хизматлар, кўнгилочар ва дам олиш марказлари, турар-жой мажмуалари ва умуман, ўзига хос инфратузилмага эга замонавий комплекс ташкил этиш кўзда тутилган.
Маълумот учун: ушбу бўш турган объект савдоси Давактив агентлигининг 2021 йил 18 ноябрдаги оммавий савдо тўғрисидаги эълонига мувофиқ ташкил этилган, 2021 йил 18 декабргача талабгорлардан “E-auksion” электрон савдо платформаси орқали таклифлар қабул қилинган ва савдо жараёнида рақобат муҳити таъминланган.