Сўнги йилларда, иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш, рақобат муҳити мавжуд бўлган соҳаларда хусусий сектор иштирокини янада кўпайтириш, шунингдек, носоҳавий, самарасиз фойдаланилаётган ва бўш турган давлат мулкини хусусийлаштириш орқали хусусий сектор улушини оширишга қаратилган тизимли ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Юқорида қайд этилган ислоҳотларни тизимли давом эттириш мақсадида, Давлат активларини бошқариш агентлиги (кейинги ўринларда – Давактив агентлиги/буюртмачи)га иқтисодиёт соҳаларида хусусий сектор улушини ошириш, активларини хусусийлаштириш ҳолатини баҳолаш методологиясини ишлаб чиқиш юзасидан консультантларни жалб этиш вазифаси топширилган.
Шу муносабат билан, Давактив агентлиги хусусийлаштириш ва иқтисодиётда хусусий сектор иштирокини ошириш бўйича республика ва маҳаллий ҳокимият органлари, шунингдек, давлат иштирокидаги корхоналарга юклатилган вазифалар ҳолатини баҳолаш методологиясини (кейинги ўринларда –Методология) ишлаб чиқиш учун профессионал консалтинг компаниясини (кейинги ўринларда – Консультант) жалб қилиш бўйича танлов эълон қилади.
Барча қизиқиш билдирган талабгорлар Таклиф тақдим этиш учун сўровномага (RfP) асосан тижорат таклифларини 2024 йил 21 июнь соат 18:00 га (Тошкент вақти билан) қадар тақдим этишлари сўралади.
Агар, биргаликда қўшма тижорат таклифи тақдим этилса, жалб қилинган шерик — консультантнинг ҳам ишини мувофиқлаштириш учун масъул бўлган ва жавобгарликни зиммасига оладиган асосий консультант кўрсатилиши лозим.
Барча манфаатдор томонлар қуйидаги ахборот каналлари орқали тижорат таклифларини тақдим этишлари сўралади (кодланган ҳолда):
Ибрагимов Махмуд Баходирович – бўлим бош мутахассиси;
Телефон: +998-71-259-22-24;
E-mail: tender@davaktiv.uz.
Дисклеймер
Мазкур сўровнома тижорат таклифини тақдим этиш мажбурияти ҳисобланмайди ва Буюртмачига таклифни қабул қилиш ёки шартнома тузиш мажбуриятини юкламайди. Шунга кўра, таклифлар учун ушбу сўровномани эълон қилиш ва/ёки у билан боғлиқ аризаларни олиш, бир ёки бир нечта иштирокчилар билан музокаралар ва муҳокамалар орқали шартнома тузишни назарда тутмайди.
Ушбу ҳужжатда келтирилган материаллар ва маълумотлар лойиҳанинг фақат энг муҳим томонларининг дастлабки хулосаси ва Консультантдан Методология бўйича кутилиши мумкин бўлган ишлар ҳажми тўғрисида умумий маълумот сифатида хизмат қилишига мўлжалланган.
Танлов иштирокчилари ҳеч нарсага ишониб ва боғланиб қолишлари керак эмас, танлов жараёни билан боғлиқликда буюртмачи учун дастлабки тақдимот ва таклифларни тайёрлаш мақсадида ягона чеклов бундан мустасно.
Активларни хусусийлаштириш ва иқтисодиётда хусусий сектор иштирокини оширишда республика ва маҳаллий ҳокимият органлари, шунингдек, давлат иштирокидаги корхоналар томонидан амалга оширилган ишларни баҳолаш методологиясини ишлаб чиқиш бўйича консультант жалб қилиш юзасидан таклиф тақдим этиш учун сўровнома (RfP)
Кириш
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 19 апрелдаги "Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-162-сон қарорига асосан иқтисодиётнинг хусусий сектор ривожланган тармоқларида давлат иштирокини қисқартириш, хусусий сектор фаолияти учун қулай рақобат муҳитини яратиш бўйича вазифалар ижросини баҳолаш методологиясини тасдиқлашини таъминлаш, шунингдек келгусида хусусийлаштириш жараёнларини тезлаштириш ва у асосида 2024 йил якунидан бошлаб рейтингларни шакллантириш ва эълон қилиб бориш белгиланган.
Консультантлардан кутилаётган таклифлар тузилмаси ва уларга қўйиладиган талаблар:
- ушбу техник топшириқ мақсадлари ва предметига хос (ўхшаш) халқаро тажрибаларни ўрганиш;
- Ўзбекистон Республикасининг макроиқтисодий таҳлили (тармоқлар бўйича, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар динамикаси ва бошқалар);Муайян тармоқни ривожлантириш учун масъул бўлган давлат органлари рўйхатини шакллантириш;
- тармоқлар кесимида иқтисодиётда давлатнинг улушини аниқлаш;
- соҳалар кесимида рақобат даражасини таҳлил қилиш ва баҳолаш мақсадида бозорларга янги иштирокчилар кириб келиши; хусусий корхоналар улушларининг ўзгариши; рақобат соҳасидаги қонун бузилишлар бўйича шикоятлар миқдорини аниқлаш (Рақобатни ривожлантириш ва исътемолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси билан ҳамкорликда);
- алоҳида соҳаларга субсидиялар, имтиёзлар ва преференциялар тақдим этилишини ўрганиш орқали давлат аралашуви даражасини баҳолаш;
- иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш бўйича вазифаларни бажаришда эришилган ютуқларни суҳбат асосида таҳлил қилиш, шу жумладан иқтисодиётнинг хусусий секторга ўтган улушини кўриб чиқиш;
- хусусий сектор динамикасини, жумладан, хусусий инвестицияларнинг ўсишини, хусусий корхоналар сонининг кўпайишини, рақобат ва инновацияларнинг даражасини ортишини ўрганиб чиқиш;
- хусусий корхоналарнинг маҳсулдорлиги ва самарадорлигини таққослаш ва уларни давлат корхоналари билан солиштириш;
Олинган маълумотлар асосида соҳада хусусий сектор улушининг муттасил ўсишини, рақобат муҳити шаклланган соҳалардаги, шунингдек, носоҳавий, самарасиз фойдаланилаётган ва бўш турган активларни хусусийлаштириш ҳолатини баҳолаш методикасини ишлаб чиқиш, хусусан:
- Ўзбекистон Республикасида қабул қилинган хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ хусусийлаштиришнинг мақсадли кўрсаткичларини белгилаш;
- республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда хўжалик жамиятлари томонидан соҳада хусусий сектор улушини муттасил ошириб бориш, рақобат муҳити шаклланган соҳалардаги, шунингдек носоҳавий, самарасиз фойдаланилаётган ва бўш турган активларни хусусийлаштириш ҳолатини баҳолашнинг мақсадли кўрсаткичлари рўйхатини шакллантириш;
- активларни хусусийлаштириш ва хусусий сектор улушини ошириш бўйича мақсадли кўрсаткичлар рўйхатига асосан рейтинглар тақдим этиш тамойили;
- активлар ва хизматлар бўйича кўрсаткичларни ҳисоблаш формуласи;
- республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик жамиятларига берилган рейтингга мувофиқ асосий стандартлаштирилган тавсия ва ташаббуслар;
- баҳолаш ва республика ва ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик жамиятларига рейтинг бериш учун бошланғич нуқтани аниқлаш;
- Қарор доирасида вазифалар юкланган давлат органлари ва давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари билан Методология лойиҳасини муҳокама қилиш мақсадида семинар ташкил этиш ва ўтказиш;
- методологияни ва уни босқичма-босқич жорий этиш бўйича «йўл харитаси»ни тасдиқлашни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлаш;
- ижро ҳолатини ва масъул органлар рейтингини мониторингини юритиш бўйича таклифлар;
- биринчи рейтинг лойиҳасини тайёрлашда ёрдам бериш.
Қабул қилинган таклифларни саралаш жараёнлари ҳақида:
Консультантнинг (якка аризачи ёки Консорциум) таклифи ўзбек ва рус тилларида тайёрланиши ва қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши керак:
- Жараёнини ташкиллаштириш бўйича консультантнинг келгусидаги ҳаракатлар кетма-кетлигини ва иш кўламини ўз ичига олган режаси. Консультантнинг тавсиялари ва таклифларига қисқа вақт ичида тегишли жавоб берилган тақдирда, жараённинг давомийлиги бўйича хулосаси (10 баллгача);
- Хизмат ҳақининг қатъий қисми ягона рақам шаклида (ҚҚС ва бошқа харажатлар билан бирга) бўлиши ва консультантнинг субъектив тахминларидан ҳоли бўлиши лозим (40 баллгача);
Агар хизмат ҳақи нархлар оралиғида берилган бўлса, унда таклифни баҳолаш учун унинг юқори чегараси қабул қилинади. Қўшимча жорий харажатлар (хизмат сафари, таржима ва бошқалар учун) белгиланган қатъий қисмига киритилиши керак; - Шу тоифадаги активлар доирасида тузилган битимлар юзасидан консультантларнинг иш тажрибаси тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек, 2019 йил 1 январь кунидан бошлаб ҳозирги даврга қадар МДҲ минтақасидаги мандатлар тўғрисида маълумот (25 баллгача);
- Таклиф этилган лойиҳага жалб қилинган жамоа ҳақида маълумот, шахсларнинг исмлари ва уларнинг маълумотлари кўрсатилган ҳолда: иш тажрибаси, фаолият муддати, шунга ўхшаш лойиҳаларда умумий тажриба ва уларни амалга ошириш бўйича малакаси. Жамоа аъзоларининг ўзбек тилини билишига афзаллик берилади (25 баллгача).
Белгиланган вазифаларни бажариш учун етарли малака, шунингдек, инсон, вақт ва моддий ресурслар мавжудлиги тўғрисида ёзма ариза;
Манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги ҳақида маълумот.