Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

11 Февраль 2021

Маънавиятимиз сарчашмалари

Давлат активларини бошқариш агентлигида буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги ҳамда шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 538 йиллиги муносабати билан “Маънавиятимиз сарчашмалари” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда Агентлик ва унинг таркибий бўлинмалари ходимлари адабиётшунос олим, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети доценти Абдимурод Тилавов, таниқли шоир Абдумажид Азим иштирок этди. Тадбир видеоконференц алоқа воситаси орқали намойиш этилди.

Алишер Навоий ўзининг ўлмас асарлари билан ўзбек мумтоз адабиётини жаҳон адабиёти ва умумбашар маданияти миқёсига олиб чиққан буюк шоирдир. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда Навоийнинг халқ қалбидаги сиймоси, унинг обрўси, унга бўлган ҳурмат ва эътиқод аллома асарларининг тарғиби ва ташвиқидаги бирламчи қадам, асосий тамал тоши бўлиб келмоқда. Зеро, буюк мутафаккирнинг ҳаёти ва ижодини ўрганиш юксак маънавиятни шакллантиришда муҳим ўрин тутади. Тадбирда Алишер Навоий бугун ўзбек халқи учун миллий ифтихор рамзига, адабий, маънавий камолот тимсолига айлангани, халқимиз улуғ бобокалонимизнинг бебаҳо меросини ҳамиша севиб эъзозлаши қайд этилди.

Таъкидланганидек, қайси соҳада ишламасин ёки қандай касб эгаси бўлмасин, ҳамма унинг асарларини ўқиши керак. Айниқса, бугунги глобаллашув даврида бу янада долзарб аҳамият касб этади. Шунинг учун ҳам Президентимиз бу меросни ўрганиш, тарғиб қилиш ва кўпроқ ёшларни ундан баҳраманд этишга доимий эътибор қаратиб келмоқда. Давлатимиз раҳбаринг 2020 йил 19 октябрдаги “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни тубдан янги босқичга кўтарди.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва ижодини ўрганишга нафақат юртимиз, балки бутун дунёда ҳамиша катта қизиқиш билан қараб келинган. Унинг “Бобурнома” асари 18-19 асрлардаёқ Европанинг бир неча тилларига таржима қилинган. Бобур Мирзо катта илмий-адабий мерос қолдириш билан бирга, моҳир саркарда ва адолатли шоҳ сифатида ҳам эъзозланади.

Шоир Абдумажид Азим ўзининг Алишер Навоийга бағишланган шеърларидан намуналар ўқиди. Шоирнинг Бобур ва унинг авлодлари ҳақидаги фикрлари иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. 

Тадбир якунида эълон қилинган онлайн викторина ғолиблари ва фаол иштирок этганларга буюк алломаларимизнинг нодир асарлари совға қилинди.

843 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech