Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

27 Май 2021

“Давлат корхоналарини трансформация қилиш ва хусусийлаштириш: иқтисодий ислоҳотларнинг янги босқичи” халқаро форуми

27 май куни пойтахтимиздаги "Hyatt Regency" меҳмонхонасида Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги Жаҳон банки билан ҳамкорликда “Давлат корхоналарини трансформация қилиш ва хусусийлаштириш: иқтисодий ислоҳотларнинг янги босқичи” мавзусида халқаро форумни ташкил этди. Тадбир давлат иштирокидаги корхоналарни хусусийлаштириш ва трансформация қилиш ва бу соҳада Ўзбекистонда олиб бориладиган кейинги ислоҳотлар масалаларини муҳокама қилишга бағишланди.

Унда мамлакат ҳукумат аъзолари, жумладан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Иқтисодий тараққиёт  ва қамбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров, Молия вазири Тимур Ишметов, Давлат активларини бошқариш агентлиги Акмалхон Ортиқов, Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов ва ҳамкор сифатида Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий вице-президенти Анна Бьерде иштирок этди.

Шунингдек, дунёнинг турли мамлакатларидан 400 дан ортиқ иштирокчилар, жумладан халқаро молия институтлари, инвестициявий ва консалтинг компаниялари, тижорат банклари, маҳаллий ва халқаро ишбилармон доиралари вакиллари қатнашди. Форум видеоконференц алоқа воситаси орқали ҳам олиб борилди.

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Иқтисодий тараққиёт ва қамбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров ва Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий вице-президенти Анна Бьерде ўз чиқиш сўзлари билан очиб бердилар.

Таъкидланганидек, ҳозирги пайтда мамлакатда 2500 га яқин давлат корхоналари мавжуд. Улар сонини камайтириш иқтисодиётнинг турли соҳаларига қўшимча хусусий сармояларни жалб қилиш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва Ўзбекистонда хусусий сектор ўсишини тезлаштиришга имкон беради.

Давлат активларини бошқариш агентлиги директори А. Ортиқов сўзга чиқиб, аввало Жаҳон банки ва халқаро экспертларга, ҳамкор ташкилотлар вакилларига ушбу нуфузли тадбирда иштирок этишга қизиқиш билдиргани учун самимий миннатдорлик билдирди.

“Давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокининг юқори даражаси соғлом рақобат муҳитини ривожлантиришга тўсқинлик қилади. Шаффоф хусусийлаштириш жараёнисиз биз маҳаллий ва хорижий инвесторларнинг ишончини қозона олмаймиз. Давлат корхоналарини трансформация қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширмасдан уларнинг жозибадорлигини таъминлай олмаймиз” – деди Агентлик директори.

Форумда Ўзбекистоннинг иқтисодиётда давлат ролини камайтириш мақсадида давлат корхоналарини трансформация қилиш ва хусусийлаштириш бўйича ислоҳотларни амалга оширишда эришилган ютуқлар муҳокама қилинди. Ушбу жараён билан боғлиқ мавжуд муаммолар ва имкониятлар танқидий таҳлил қилинди.

Халқаро молия институтлари ва ташкилотлари мутахассислари, жумладан Жаҳон банки гуруҳи, ХВФ, ЕТТБ, ОТБ, БМТТД, ИҲТТ ва Франция тараққиёт агентлиги ўтиш даври иқтисодиётига эга бўлган бошқа мамлакатларнинг давлат корхоналарини хусусийлаштириш ва ислоҳ қилишнинг муваффақиятли намуналари билан ўртоқлашди.

Уларнинг тажрибаси шуни кўрсатадики, хусусийлаштириш ва давлат корхоналарини ислоҳ қилиш кенг кўламли иқтисодий ўзгаришларга эришиш ҳамда инклюзив ва динамик хусусий секторни ривожлантириш учун жуда муҳимдир.

Халқаро форум доирасида ўтказилган самарали мунозаралар, конструктив фикрлар ва илғор тажрибалар алмашинуви унинг иштирокчиларига республика тараққиёти учун давлат корхоналарини бошқариш, ислоҳ қилиш ва хусусийлаштириш соҳасида амалий тавсиялар ишлаб чиқишга имкон беради.

Ахборот ва PR хизмати

3806 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech