Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

19 Январь 2021

Қорақалпоғистон ҳудудий бошқармасида қарор тарғиботи бўйича семинар ташкил этилди

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 9 декабрдаги “Давлат иштирокидаги корхоналар ижро этувчи органи фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 775-сон қарорининг мазмун моҳиятини тушунтириш ва уни амалиётга жорий этишда корхоналарга амалий ёрдам бериш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасидаги давлат иштирокидаги корхоналар вакиллари иштирокида семинар ташкил қилинди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ жамиятнинг директорига, бошқарув аъзоларига тўланадиган ҳақ миқдори жамият фаолиятининг самарадорлигига тўғридан-тўғри боғлиқ бўлиши ва шартномада белгиланиши назарда тутилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 27 октябрдаги “Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни такомиллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига асосан корхоналарда истеъмолчига йўналтирилган замонавий бошқарув усуллари, очиқлик, шаффофлик ва бозор тамойилларини жорий этиш, таннархни пасайтириш орқали даромадларни ошириш, ислоҳотлар жараёнида рақобат муҳитини янада яхшилаш мақсадида давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилиш белгиланган.

Бугунги “Янги Ўзбекистон” шароитида ислоҳотларни янада жадаллаштириш ҳамда давлат иштирокидаги корхоналар ижро этувчи органи фаолияти самарадорлигини баҳолаш, уларнинг масъулиятини ошириш ва мониторинг тизимини йўлга қўйиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан “Давлат иштирокидаги корхоналар ижро этувчи органи фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилинди.

Мазкур қарор билан давлат иштирокидаги корхоналар ижроия органи фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизими такомиллаштирилди.   

Жумладан:

Корхона самарадорлигини баҳоловчи асосий кўрсаткичларга қўшимча тарзда соф тушум ва соф фойда режаси, таннархни камайтириш, чет эл валютасига бўлган мустақиллик, маҳаллийлаштириш ва инвестиция дастурлари, экспорт ҳажмининг бажарилиши ва энергия самарадорлиги каби кўрсаткичлар (СМК) жорий этилиши;

СМКнинг салмоқ ўлчовлари қатъий белгиланиши;

СМК натижалари Агентлик веб-сайтида жойлаштирилмаган ёки "қониқарсиз" ёхуд "паст" бўлганда ижро органи рағбатлантирилмаслиги;

молиявий ҳисоботларни шакллантириш ва топшириш муддатидан қатъий назар, корхоналар ҳар чоракда СМКни ҳисоблаши ва эълон қилиши белгиланди.

Шунингдек, давлат иштирокидаги корхоналар, шу жумладан, тижорат банклари ижро этувчи органининг йил якунлари бўйича фаолияти самарадорлиги юқори баҳоланганда, уларга корхона бошқарув органининг қарорига асосан соф фойданинг 5 фоизигача бўлган миқдорда, бир йўла тўланадиган бонус берилиши мумкинлиги белгилаб қўйилди. Бунда, тўланган бонус миқдори тўғрисидаги ахборот икки кун муддатда корхонанинг расмий веб-сайтида жойлаштирилиши лозим.

Шу билан биргаликда, мазкур қарор билан Агентликка:

Энергетика вазирлиги билан ҳамкорликда энергия сиғими ва энергия самарадорлигига оид индикаторларни ишлаб чиқиш, уларни ҳисоблаш қоидалари ва норматив кўрсаткичларини тасдиқлаш;

Давлат солиқ ва статистика қўмиталари, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш, Бандлик ва меҳнат муносабатлари ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирликлари билан биргаликда корхоналарнинг иқтисодиётдаги улуши, ЯИМ, экспорт ҳажми, асосий капиталга инвестициялар шаклланиши, ишлаб чиқариш ва аҳоли бандлигидаги улушларини ҳисоблаш;

Ижро этувчи орган фаолияти самарадорлиги натижаларини ҳудудлар ва тармоқлар кесимида, фойдаланувчилар учун қулай шаклда кўриш, уларни автоматик тарзда ҳисоблаш бўйича янги модулни “Давлат мулки” ахборот тизимига киритиш орқали оммавий ошкор қилинадиган маълумотлар, шу жумладан, самарадорликнинг муҳим кўрсаткичлари бажарилиши тўғрисидаги йиғма маълумотлар Агентликнинг расмий веб-сайтида автоматик тарзда динамик янгиланувчан контент шаклида чоп этилишини таъминлаш;

Илғор халқаро тажриба ва стандартлар асосида корхона фаолияти давомийлигини (business continuity) таъминлашга қаратилган хужжатлар ва кўрсаткичлар ишлаб чиқилишини ташкил этиш вазифалари юклатилган.

Бугунги кунда, Қорақалпоғистон Республикасида 107 та давлат иштирокидаги корхоналар мавжуд бўлиб, шундан СМК жорий этилиши лозим бўлган 94 та корхоналардан (13 таси тугатиш, қўшиб юбориш, банкрот ва бошқа жараёнларда) 94 таси (87%) томонидан ижро этувчи орган фаолияти самарадорлигини баҳолаб бориш тизими йўлга қўйилган.

Мазкур қарорнинг қабул қилиниши, давлат иштирокидаги корхоналар фаолиятининг шаффофлигини ошириш, корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш ҳамда инвесторларнинг корхоналар молиявий-иқтисодий ҳолатидан ва стратегик мақсадларидан хабардор бўлишлигини таъминлайди.

Семинар иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

777 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech