Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

03 Февраль 2022

Пресс-тур: янги қурилган тиббиёт муассасалари ва ишлаб чиқариш объектлари

Давлат активларини бошқариш агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси томонидан соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ишларни жамоатчиликка етказиш мақсадида Беруний тумани ва Нукус шаҳрига пресс-тур ташкил этилди.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар иштирок этган тадбир иштирокчилари дастлаб Беруний туманидаги Доктор Мақсудова инновацион клиникасидаги ишлар билан яқиндан танишди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг 2018 йил 3 ноябрдаги қарорига асосан, Давлат активларини бошқариш агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси ва “Beruniy innovation dmclinic” масъулияти чекланган жамияти ҳамда Беруний туман ҳокимлиги ўртасида “Хоразм” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган Сил касалликларига қарши курашиш диспансери объектига инвестиция киритиш ва ижтимоий мажбуриятларини қабул қилиш шарти билан 2019 йил 11 февраль куни олди-сотди шартномаси имзоланган. Шартномада “Beruniy innovation dmclinic” масъулияти чекланган жамияти томонидан мазкур объектга 9300,0 миллион сўм инвестиция киритиш, 18 та янги иш ўрни яратиш ва инновацион клиника ташкил этиш режалаштирилди.

Инвестиция киритилиб, қурилиш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Бугунги кунда АҚШ, Европа давлатларининг, Япония ва Кореянинг энг замонавий тиббий ускуналари ўрнатилиб, аҳолига хизмат кўрсатиб келинмоқда. Натижада 20 тадан зиёд янги иш ўрни яратилди.

– Бу ерда нафақат Қорақалпоғистон Республикаси, балки Хоразм ва Бухоро вилоятлари аҳолисига ҳам тиббий хизмат кўрсатиб келинмоқда, – дейди бош шифокор Вахид Ҳакимов. – Беморларга кўз касалликларидан ташқари оториноларингология, кардиология, стоматология, гинекология, клиник лаборатория йўналишлари бўйича ҳам хизмат кўрсатилади.

Авваллари қаровсиз бўш турган иншоот ўрнида замонавий тиббиёт муассасасининг қад ростлагани аҳоли учун ажойиб совға бўлди.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Нукус шаҳрида полимер маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси амалга оширилиб, 2017 йил 24 июлда заводнинг қурилиш ишлари якунланди ва турли диаметрдаги полиэтилен қувурлар ишлаб чиқариш йўлга қуйилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 октябрдаги “Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан “Нукус полимер” масъулияти чекланган жамиятининг 100 фоиз давлат улушини тўлалигича оммавий савдолар орқали хусусий секторга сотилиши белгиланган. Мазкур фармонга асосан, “e-auksion” электрон савдо платформасига савдога чиқарилиб, аукцион натижаларига мувофиқ “Aromatniy mir shark” масъулияти чекланган жамияти томонидан жами 35 миллиард сўмга беш йил бўлиб тўлаш шарти билан уч томонлама шартнома имзоланди.

Корхонада бугунги кунда 16 диаметрдан 630 лик диаметргача бўлган полиэтилен қувурлар ишлаб чиқарилмоқда. 2021 йилнинг апрель ойидан бошлаб томчилатиб суғориш ленталари ишлаб чиқарила бошланди. Йилига 8000 тонна қувур ва 1200 тонна томчилатиб суғориш лентасини ишлаб чиқариш қувватига эга корхонада 50 киши, асосан, ёшлар иш билан таъминланган.

Тадбир иштирокчилари корхонада амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

–Ўтган йил давомида давлат ташкилотларида эҳтиёж бўлмаганлиги сабабли бўш турган давлат мулки объектларидан 93 та бино-иншоот белгиланган тартибда савдога чиқарилиб, улардан 40 таси тадбиркорлик субъектларига 45,6 миллиард сўм ҳамда 6,8 миллиард сўм инвестиция киритиш, шунингдек, 143 та янги иш ўрни яратиш шарти билан сотилди, – дейди Давлат активларини бошқариш агентлиги Қоралпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси бўлим бошлиғи Испандияр Далибаев. – Шунингдек, бугунги кунда 53 та объект 120,8 миллиард сўмга бошланғич баҳода “е-auksion” электрон савдо платформасида савдода турибди. Шу билан бирга, ҳозирда яна 7 та давлат мулки объектини сотиш мақсадида таклифлар қабул қилиниб, бугунги кунда ҳудудий танлов комиссиясига киритилган. Ушбу объектлар ҳудудий танлов комиссияси томонидан маъқулланганидан кейин тез кунларда савдога чиқарилиб, тадбиркорларимизга ўзларининг лойиҳаларини амалга ошириши учун янада қўшимча имконият бўлиб хизмат қилади.

ЎзА ахборот агентлиги

1584 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech