Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

17 Январь 2022

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 17 январдаги “Капитал бозорини қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмларини жорий этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-90 сонли Қарори қабул қилинди

Қарорга кўра, 2022 йил 1 апрелдан 2024 йил 31 декабрга қадар:

  • Ўзбекистон Республикасининг резиденти ва норезиденти бўлган жисмоний шахсларнинг акциялар бўйича ҳисобланган дивидендлар тарзидаги даромадлари даромад солиғидан озод қилинади;
  • Ўзбекистон Республикасининг норезиденти бўлган юридик шахсларнинг акциялар бўйича ҳисобланган дивидендлар тарзидаги даромадларига Ўзбекистон Республикасининг резиденти бўлган юридик шахслар сингари фойда солиғининг 5 фоиз ставкаси тадбиқ этилади;
  • Ўзбекистон Республикасининг резиденти ва норезиденти бўлган жисмоний ва юридик шахсларнинг хўжалик жамиятлари облигациялари бўйича ҳисобланган фоизлар тарзидаги даромадлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва юридик шахслардан олинадиган фойда солиғидан озод қилинади.

2022 йил 1 июлдан:

  • Қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари уюшган савдосида қимматли қоғозларга доир битимлар тузилганда сотувчи (эмитент бундан мустасно) томонидан фойда солиғи ва даромад солиғи ўрнига битим суммасининг 0,3 фоизи миқдорида йиғим тўланади;
  • Акциядорлар умумий йиғилиши томонидан жамият акцияларини фонд биржасининг биржа котировка варағидан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилинганда, ушбу жамият овоз берувчи акцияларининг эгалари бўлган акциядорларга ўзларига тегишли акцияларнинг жамият томонидан қайтариб сотиб олинишини талаб қилиш ҳуқуқи берилади.

Қарорга биноан, акцияларининг “Тошкент” республика фонд биржасида бирламчи (IPO) ва (ёки) иккиламчи (SPO) оммавий таклифи ўтказиладиган акциядорлик жамиятларининг рўйхати маъқулланди.

Шунингдек, Давлат мулкини сотишда тендер савдоларини ўтказиш бўйича давлат комиссиясига Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорларига асосан бирламчи (IPO) ва (ёки) иккиламчи (SPO) оммавий таклиф этиладиган акциялар пакетининг ҳажмини ва савдога чиқариш муддатини белгилаш, уларнинг рўйхатига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ваколати берилди.

Молия вазирлиги ва Давлат активларини бошқариш агентлигининг 2023 йил 31 декабрга қадар эксперимент тариқасида хорижий банклар ва инвестиция воситачиларига Ўзбекистон Республикасида алоҳида лицензия олмасдан қимматли қоғозлар бозорида андеррайтинг фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган ва ўз маблағларининг миқдори 500 млн сўмдан кам бўлмаган маҳаллий юридик шахслар билан шартнома тузган ҳолда, андеррайтинг фаолиятини амалга оширишга рухсат бериш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

2022 йил 1 апрелдан бошлаб маҳаллий эмитентларга ўз акцияларини дастлаб “Тошкент” РФБда жойлаштиргандан сўнг андеррайтер тавсиясига кўра уларни хорижий фонд бозорларида ёки бир вақтда маҳаллий ва хорижий фонд биржаларида жойлаштириш ҳуқуқи берилади.   

4420 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech