Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

18 Июнь 2022

Андижон вилоятида “Roadshow” тақдимоти ўтказилди

Бугун Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан Андижон вилоятида хусусийлаштирилиши белгиланган давлат активлари жумладан, корхоналардаги давлат улушлари, бўш турган давлат мулки объектлари ва сотилиши белгиланган ер участкалари тўғрисида навбатдаги Roadshow (тақдимот) ўтказилди.

Ушбу тадбирда 400 дан ортиқ маҳаллий ҳокимликлар ҳамда вилоятдаги йирик корхоналарнинг вакиллари ва тадбиркорлар иштирок этди. Ўз ўрнида, Давактив агентлиги мутасаддилари томонидан қатнашчиларга E-auksion электрон савдо платформасидан фойдаланиш бўйича мастер-класс ўтказилиб, савдо платформасида шахсий кабинет очиш, онлайн электрон имзо олиш ва савдоларда қатнашиш учун аризалар бериш тартиблари ҳам назарий ҳам амалий тушунтирилди.

Бугунги кунда Андижон вилояти Пахтаобод туманидаги "Маъмурий бино" иншоотлар ва "Қўрғонтепашаробсавдо" МЧЖдаги 100 давлат улуши каби жами 44 та давлат активларини (шундан 3 таси давлат улушлари, 39 таси кўчмас мулк объектлари) 15,1 млрд.сўм бошланғич қийматда ҳамда 1 577 та лотдаги 46,5 гектардаги бўш ер майдонлари умумий бошланғич қиймати 20,1 млрд. сўмга (427 таси 7,1 млрд.сўмга мулк ҳуқуқи билан, 1 150 таси 13 млрд.сўм қийматда ижара ҳуқуқи асосида) Е-АUKSION электрон савдо платформасига чиқарилган.

Бундан ташқари, тадбир қатнашчиларига аввалдан доимий фойдаланиш ёки умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида ўзларига тегишли бўлган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тартиби бўйича тушунтиришлар берилди.

Roadshow иштирокчиларига хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ оммавий савдоларда сотилиши белгиланган ҳамда савдо жараёнидаги давлат активлари, шу жумладан, вилоятдаги йирик активлар, дам олиш масканлари, маъмурий ҳамда ишлаб чиқариш бинолари каби объектлар ва ер участкалари тўғрисида маълумотлар берилди.

Кўтаринки руҳда ва савол-жавобларга бой ўтган Roadshow давомида Давактив агентлиги директори ўринбосари Алишер Миралиев ва вилоятнинг бошқа мутасадди раҳбарлари тадбир қатнашчилари ва ОАВ вакиллари томонидан берилган бир қатор саволларга батафсил жавоблар бериб ўтдилар. 

Шу билан бирга, тадбиркорлар учун аввал хусусийлаштирилган бир қатор давлат активларига тур ташкиллаштирилиб, амалга оширилаётган лойиҳалар бўйича маълумотлар берилди. 

Шу каби тадбирлар вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида ўтказилиши режалаштирилди.

Маълумот учун: бу каби тақдимотлар ва учрашувлар (Roadshow) республикамизнинг барча вилоятлари, Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилади.

1444 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech