Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

25 Январь 2021

Таркибий ислоҳотларнинг яна бир йўналиши бу – давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини камайтириш

Давлат активларини бошқариш агентлигида Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси мазмун-моҳиятига бағишланган тарғибот тадбири бўлиб ўтди.

Агентлик ходимлари иштирок этган тадбирда Тошкент молия институти доценти Жамолиддин Нуруллаев Президентимизнинг Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган Мурожаатномаси мазмун-моҳияти ва унда белгиланган устувор вазифалар ҳақида батафсил тушунтириш берди.

Таъкидланганидек, Мурожаатномада барча соҳаларни ривожлантиришга катта аҳамият қаратилган. Масалан, давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш бўйича янги вазифалар, қонун устуворлигини таъминлашнинг долзарб йўналишлари, иқтисодиётга бозор механизмларини кенг жорий этиш кабилар бунга ёрқин мисолдир.

Мурожаатномада Давлат активларини бошқариш агентлиги фаолиятига доир устувор вазифалар ҳам белгилаб берилди. Жумладан, “Фарғона азот” ва “Деҳқонобод калий” заводлари, “Кока-кола ичимлиги” корхонаси, “Билдирсой” ва “Чорвоқ” оромгоҳлари, “Ичан қалъа” ва “Ҳайат Реженси” меҳмонхоналари, “Пойтахт” бизнес мажмуаси, Алкоголь, Ёғ-мой каби тармоқлардаги 83 та йирик корхонадаги давлат улуши сотувга қўйилиши қайд этилди.

– Барчамиз 2020 йил 29 декабрь куни мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги энг муҳим воқеа бўлган бу галги Мурожаатномани тўғридан-тўғри кузатдик, – деди Давлат активларини бошқариш агентлиги директори ўринбосари вазифасини бажарувчи Тўлқин Набиев. – Мурожаатномада 2020 йилдаги асосий кўрсаткичлар, 2021 йилга мўлжалланган мақсад ва вазифалар эълон қилинди. Унда Агентлигимизнинг асосий вазифалари ҳисобланган иқтисодиётда давлат иштирокидаги корхоналар сонини кескин қисқартириш, уларни хусусийлаштириш, трансформация қилиш ва оператив самарадорлигини ошириш бўйича ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Шу муносабат билан ҳар бир раҳбар, бу йил ва кейинги йиллар учун ўз йўналиши бўйича аниқ таклиф ва вазифалар белгилаб олиши лозим.  

Тадбир якунида Мурожаатнома бўйича тайёрланган видеоролик намойиш этилди.

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА

638 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech