Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

08 Апрель 2021

Темурийлар тарихи давлат музейига саёҳат

Агентлик бир гуруҳ ходимлари буюк Соҳибқирон Амир Темур таваллуди куни муносабати билан бугун Темурийлар тарихи давлат музейига саёҳат қилдилар.

Йирик давлат арбоби, буюк саркарда, қудратли давлат асосчиси, илм-фан ва маданият ҳомийси Амир Темур 1336 йил 9 апрелда Кеш (ҳозирги Шаҳрисабз) шаҳри яқинидаги Хўжа Илғор қишлоғида (Яккабоғ тумани ҳудудида) туғилган. Унинг тўлиқ исми Амир Темур ибн Амир Тарағай ибн Барқул.

Музей масъуллари соҳибқирон ҳаёти ва амаллари ҳақида сўзлаб беришди. Таъкидланганидек, Амир Темурнинг онаси Такина хоним бухоролик, отаси Амир Тарағай эса барлос уруғининг оқсоқолларидан ва Чиғатой улусининг обрўли бекларидан эди. Амир Темур ёшлик чоғлариданоқ махсус мураббийлар назорати остида чавандозлик, овчилик, камондан ўқ узиш ва бошқа турли машқлар, ҳарбий ўйинлар билан шуғулланган. Шу тариқа моҳир чавандоз ва довюрак баҳодир бўлиб улғайган Амир Темур табиатан вазминлиги, босиқлиги, идроки, жасурлиги ва қатъияти билан тенгдошларидан ажралиб турарди.

Маълумки, ХIV асрнинг иккинчи ярми ва ХV аср Ватанимиз тарихида муҳим аҳамият касб этади. Чунки, айнан шу даврда мўғуллар ҳукмронлиги ва ўзаро тарқоқлик тугатилиб, Амир Темур бошчилигида ягона байроқ остида марказлашган, қудратли ва мустақил давлат ташкил топди. У ўз давлатининг куч-қудратини ошириш ва мустаҳкамлаш учун, биринчи навбатда, ҳарбий ва энг муҳим иқтисодий ислоҳотлар ўтказди.

Ҳозирги Хитой чегараларидан Ўрта Ер денгизи бўйларигача, жанубий Сибирдан Ҳиндистонгача бўлган бепоён ҳудудни, аниқроғи, 27 та давлатни бирлаштирган Амир Темур салтанатига маҳобати, маънавий ва илмий кашфиётларининг бойлиги, барқарорлиги ва қудрати борасида ўша даврнинг бирорта давлати тенглашолмайди. Бу тарихий ҳақиқатдир - дейилди саёҳат давомида.

Жаҳон тарихида қудратли ва гуллаб-яшнаган давлат барпо этган буюк Соҳибқирон ўз салтанатининг пойтахти бўлмиш Самарқандни Ер юзининг маданий-меъморий ва илмий-маърифий марказларидан бирига айлантирди. Амир Темур томонидан қурдирилган иморатлар орадан неча асрлар ўтса ҳамки, дунёни ҳайратга солиб келмоқда. Унинг давлатчилик ва дипломатия, ҳарбий маҳорат, бунёдкорлик, илм-фан, санъат ва меъморчиликка оид қарашлари акс этган “Темур тузуклари” асари ҳамон катта қизиқиш билан мутолаа қилинади.

Мустақиллик йилларида Амир Темур шахсини улуғлаш, унинг турли соҳаларга оид бой меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш, номини абадийлаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Музейни кўздан кечириш вақтида Тошкент, Самарқанд ва Шаҳрисабз каби шаҳарларда Соҳибқироннинг маҳобатли ҳайкаллари қад ростлагани, пойтахтимиз марказида, унинг номи билан аталувчи хиёбон ёнида Темурийлар тарихи давлат музейи ташкил этилгани ҳақида маълумот берилди. Музейга саёҳат Агентлик ходимларининг тарих, қадимий обидалар ҳақидаги таъсуротларини янада бойитди.

1768 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech