Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

26 Июль 2023

Тўловга қобилиятсизлик соҳасига оид ҳужжатлар такомиллаштирилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 12 июлдаги “Тўловга қобилиятсизлик соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари такомиллаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги тегишли Фармони қабул қилинди.

Мазкур Фармонга мувофиқ, Қарор ва Фармонлардаги “банкротлик” атамаси “тўловга қобилиятсизлик” атамаси билан алмаштирилди, жисмоний шахсларнинг тўловга қобилиятсизлиги амалиёти жорий этилганлиги муносабати билан уларга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомилини қўллашнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланди.

Шунингдек, Фармонда:

  • мажбурий ижро бюроси томонидан қарздор корхонанинг қарзларини ундириш имконияти мавжуд эмас деб топилганда cолиқ хизмати органлари 30 кундан кечиктирмасдан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида ариза билан судга мурожаат қилиниши;
  • тугатишга доир иш юритиш 12 ойдан ошмаслиги, алоҳида ҳолларда тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишда иштирок этаётган шахсларнинг илтимосномасига асосан суд қарори билан 3 ойгача узайтирилиши;
  • суднинг ҳукмда қарздор корхонанинг муассиси (иштирокчиси), мулкдори ёхуд бошқа мансабдор шахсларининг ноқонуний ҳаракатлари натижасида сохта тўловга қобилиятсизлик, уни яшириш ёки қасддан тўловга қобилиятсизликка олиб келиш аломатлари аниқланганлиги кўрсатилганда, мазкур ҳукм қарздор корхонанинг мансабдор шахсларини субсидиар жавобгарликка тортиш учун асос ҳисобланиши;
  • тўловга қобилиятсизлик қўлланилган қарздор корхоналарнинг мол-мулклари суд бошқарувчилари томонидан “E-auksion” электрон онлайн-аукцион орқали сотилиши;
  • қарздор жисмоний шахсга нисбатан тўловга қобилиятсизлик ва (ёки) бошқа қарздорга нисбатан тўловга қобилиятсизликнинг соддалаштирилган тартиби қўлланилганда, суд бошқарувчисига ҳақ тўлаш харажатлари солиқ органи томонидан Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланиши белгиланди.

 

1432 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech