Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

28 Февраль 2024

“Ягона миллий баҳолаш стандартининг моҳияти ва аҳамияти” мавзусида семинар ўтказилди

Жорий йил 28 февраль куни Давлат активларини бошқариш агентлиги биносида “Ягона миллий баҳолаш стандартининг моҳияти ва аҳамияти” мавзусида семинар ташкил қилинди. Мазкур тадбир Давактив агентлигининг марказий аппарати, ҳудудий бошқармалар ходимлари, ҳамда вазирлик ва идоралар, баҳоловчи ташкилотлар ва баҳоловчи ташкилотларнинг профессионал жамоат бирлашмалари вакиллари, жами 100 дан ортиқ соҳа мутахассислари иштирокида бўлиб ўтди. Шунингдек,  мазкур тадбирни Республикада фаолият юритаётган 70 дан кўп баҳоловчи ташкилотлар ва 121 нафар баҳоловчилар онлайн видеоалоқа орқали кузатишди.

Семинарда Давактив агентлиги томонидан ишлаб чиқилган Ягона миллий баҳолаш стандартининг янги таҳрири Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2023 йил 28 декабрда 3487-сон билан рўйхатдан ўтказилганлиги ва 2024 йил 1 январдан кучга кирганлиги эслатиб ўтди.

Мазкур стандарт янги таҳрирининг мақсади асосли қарорлар қабул қилиш учун баҳолаш жараёнларининг ишончлилиги, шаффофлиги ва изчиллиги орқали истеъмолчиларнинг баҳолаш хизматлари сифатидан қаноатланиш даражасини оширишдан иборат. Шунингдек, ушбу стандарт мустақил ва холис баҳолаш тизимини ривожлантиришга, баҳолаш хизматларининг профессионал даражаси ва сифатини оширишга хизмат қилади ҳамда баҳолаш қонунчилигини бир хил талқин қилинишини таъминлайди ва маҳаллий баҳолаш тизимига ишончни оширади.

Тадбирда Давактив агентлигининг Баҳолаш ва риелторлик фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Раджабов “Баҳолаш фаолияти соҳасини такомиллаштириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ва амалда учраётган муаммолар таҳлили” ҳақида сўз олиб борди.

Б.Раджабов таъкидлаганидек, Ягона миллий баҳолаш стандартининг янги таҳрири республиканинг иқтисодий ривожланиш хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда халқаро баҳолаш стандартлари нормаларига мувофиқлаштирилди ва тизимлаштирилди ва уч бўлимдан таркиб топди. Бунда, биринчи бўлим баҳолашга оид вазифасидан то баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботни тайёрлашгача асосий тамойиллар ва концепцияларни белгилайдиган умумий стандартлар гуруҳини, иккинчи бўлим активларнинг айрим турларини баҳолашга оид махсус стандартлар гуруҳини ва учинчи бўлим баҳолаш стандартларини амалий қўллаш талаблари ва тартибини белгилайдиган методикларни ўз ичига олади.

Шу билан бирга, тадбирда “Ўзбекистон баҳоловчилар, экспертлар ва маслаҳатчилар жамияти” раиси, олий тоифали баҳоловчи Зухриддин Нигманханов ўз маърузаси билан иштирок этиб, Ягона миллий баҳолаш стандартининг бугунги кундаги аҳамияти ва уни амалиётга жорий этиш ҳолати ҳақида тўхталиб ўтди. Маърузачи стандартга киритилган янгиликлар, девелопмент жараёнида бўлган кўчмас мулк қийматини баҳолашнинг ўзига хос хусусиятлари ва номолиявий мажбуриятлар шаклидаги номоддий активларнинг қийматини баҳолаш масаласи ҳақида тингловчиларга маълумот берди.

Навбатдаги маърузачи, “Баҳолаш ташкилотлар Ассоциасияси” раиси, олий тоифали баҳоловчи Адилжон Исламов Давлат улушига эга бўлган объектларни, шу жумладан хусусийлаштириш мақсадида баҳолашда Ягона миллий баҳолаш стандартини амалиётга қўллаш хусусиятлари билан меҳмонларни таништирди.

Бундан ташқари халқаро баҳолаш стандартларининг Ягона миллий баҳолаш стандарти билан ўзаро уйғунлашуви тўғрисида Банк-молия академияси иқтисод фанлари доктори, проффесор ва малакали баҳоловчи Динара Абдикаримова сўзлаб берди. Маърузачи таъкидлаганидек, янги таҳрирдаги ЯМБСнинг баҳолаш бўйича истеъмолчиларнинг, шу жумладан хорижий инвесторларнинг баҳолаш хизматлари сифатига ишончини, шунингдек, ички баҳолаш тизими даражасини ошириш ва унинг ташқи бозорларга чиқишига кўмаклашади.

Тадбир давомида баҳоловчилар ўзининг қизиқтирган саволлари билан қизғин иштирок этиб, саволларга аниқ мисоллар орқали жавоблар олинди.

1086 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech