Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

29 Март 2023

Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори билан хусусийлаштириш жараёнлари янада жадаллаштирилади (1001 акция+1046 кўчмас мулк+40 та IPO)

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 24 мартдаги Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент қарори имзоланди.

Биринчидан, 1 001та корхонадаги давлат акция пакетлари оммавий савдога чиқарилади;

Иккинчидан, 1 046та кўчмас мулк объектлари оммавий савдоларга қўйилади. Оммавий савдоларга қўйилаётган кўчмас мулк объектларининг асосий қисми инфратузилма билан таъминланган ва аҳоли пунктларига яқинлиги ушбу мулклардан кейинчалик фойдаланишда қўшимча имкониятлар яратади. Бунда, ушбу объектларни сотишни тезлаштириш учун мулкларни сотишга тайёрлаш муддати 80 кундан 48 кунга қисқартирилади. 2 минг квадрат метргача бўлган объектларни тадбиркорларнинг мурожаати асосида тўғридан-тўғри савдога чиқаришга рухсат берилади;

Учинчидан, 40 та йирик корхона ва банклардаги давлат улуши халқчил IPO орқали сотилади. Жумладан, “халқчил IPO”да барча фуқаролар ва инвесторларга қатнашиш имконияти тақдим этиш мақсадида битта акция – битта лот тамойили жорий этилади. Жумладан, илк бор Навоий ва Олмалиқ кон-металлургия комбинатлари, Металлургия комбинати, “Ўзтелеком” АЖ, Саноатқурилишбанк каби йирик корхоналарнинг ўртача 2 фоиз акциялари аҳолига таклиф этилади.

Бунда:

аҳолига акцияларни тўғридан-тўғри сотиб олиш имконияти яратилади;

энг яхши таклифларни танлаб олиш асосида профессионал ташкилотлар савдо жараёнларини ташкил этиш учун жалб этилиши мумкин;

маҳаллий инвесторларга E-auksion электрон савдо платформаси, шу жумладан мобил иловаси орқали реал вақт режимида уларни идентификация қилиш, инвестиция воситачилари билан шартнома тузиш ва депо ҳисоб рақамини очиш имконияти яратилади;

акцияларни сотиб олишда “E-auksion” электрон савдо платформасида барча инвестиция воситачилари ва уларнинг мижозлари иштирок этиши учун тенг шароитлар яратилади;

акцияларни сотиб олиш учун электрон аризалар маҳаллий инвесторнинг ўзи томонидан ёки инвесторлар номидан ҳаракат қилувчи инвестиция воситачиси орқали берилиши мумкин;

онлайн аукционлар якунларига кўра олди-сотди шартномалари қимматли қоғозлар савдолари ташкилотчиларининг савдо майдончаларидан ташқарида рўйхатдан ўтказилади ва унинг натижаси тўғрисидаги маълумот инвесторнинг шахсий кабинетига юборилади.

Шу билан бирга қуйидаги норматив-ҳуқуқий талаблар жорий этилади: 

а) фонд биржасига чиқарилган давлат акция пакетларини сотишга ва олди-сотди шартномасини расмийлаштиришга фақат савдо жараёнларида камида иккита иштирокчи қатнашганда рухсат берилади;

б) барча давлат муассасаларининг асосий воситаларини сотиш ёки ижарага бериш “E-auksion” электрон савдо платформаси орқали амалга оширилади;

в) 2023 йил 1 июлдан бошлаб, жисмоний шахсларга “Давлат мулки” электрон тизими орқали майдони 2 000 метр квадратгача бўлган давлат кўчмас мулк объектларини хусусийлаштириш ёки ижарага бериш учун тўғридан-тўғри онлайн аукцион савдоларига чиқариш бўйича ариза бериш ҳуқуқи берилади;

г) 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб

кўчмас мулк объектлари ва давлат улушлари хусусийлаштирилганлиги тўғрисидаги давлат намунасидаги ордер ва сертификат Давлат хизматлари марказлари ва (ёки) Ягона интерактив давлат хизматлари портали  орқали QR-код қўйилган ҳолда берилади;

онлайн аукцион савдоларида давлат мулки объектларини сотиб олган харидорлар билан шартномалар савдо натижаси бўйича баённома асосида “E-auksion” электрон савдо платформасида электрон шаклда (шу жумладан электрон рақамли имзо орқали) расмийлаштирилади;

ҳар чоракда тегишли вазирлик ва идоралар ходимларининг жойига чиққан ҳолда инвестиция мажбуриятларининг бажарилишини оралиқ мониторинг қилиш тартиби бекор қилинади;

инвестиция мажбуриятларининг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботларни қоғоз шаклида тақдим этиш тартиби бекор қилиниб, тегишли давлат органлари ва ташкилотларнинг электрон базасини Давлат мулки” ахборот тизимига интеграция қилиш ва тадбиркорлар электрон тизимга киритадиган маълумотлар орқали ҳисоботларни олиш йўлга қўйилади. 

2580 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech