Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

28 Декабрь 2024

“Uz-Koram Kompani” МЧЖ устав капиталидаги давлат улушини хусусийлаштириш бўйича келишувга эришилди

Аввал маълум қилинганидек, тегишли хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ, Давактив агентлиги томонидан Portfolio Investments консалтинг компаниясини хусусийлаштириш бўйича консультант сифатида жалб қилган ҳолда Uz-Koram Kompani” МЧЖ (кейинги ўринларда - Корхона) устав капиталидаги 100 фоиз давлат улушини сотиш бўйича очиқ савдо жараёнлари бошланган.

Хусусийлаштириш жараёни доирасида, Консультант томонидан кенг қамровли маркетинг ишлари амалга оширилди, жумладан, инвестиция тизерлари салоҳиятли инвесторларга юборилди. Натижада, Европа, Ғарбий ва Жануби-Шарқий Осиё ҳамда МДҲ давлатларидаги 5 нафар халқаро ва маҳаллий инвесторлар томонидан сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш тўғрисидаги аризалар (Expression of Interest) Консультантга келиб тушди.

Шу ўринда, Консультант томонидан мазкур босқичда аввалдан белгиланган мезонларга мувофиқ бўлган 4 нафар талабгор хусусийлаштириш жараёнининг кейинги – Мажбуриятга эга бўлган таклифлар (BO)ни тақдим этиш босқичида иштирок этиш учун таклиф қилинди, шунингдек 1 нафар талабгор ушбу босқичда белгиланган мезонларга мувофиқ ҳужжатларни тақдим этмаганлиги ва активни сотиб олиш учун молиявий ресурсларининг етарлилиги келтирилмаганлиги сабабли жараённинг навбатдаги босқичига ўтказилмади.

Ушбу босқичда, талабгорлар билан Ахборотни ошкор этмаслик тўғрисидаги битим (NDA) имзоланиб, Консультант томонидан тайёрланган Корхонанинг молиявий, солиқ, ҳуқуқий ва экологик фаолияти юзасидан комплекс таҳлил (due diligence) ҳисоботлари жойлаштирилган виртуал маълумотлар хонаси (VDR)га кириш ва Корхонанинг бошқарув органи билан учрашиш имконияти яратилди.

Белгиланган муддатларда 2 нафар талабгор томонидан Мажбуриятга эга бўлган таклифлар (BO) тақдим қилинган.

Натижада, Корхонани сотиб олиш учун энг юқори нарх таклифини билдирган “Centrum Aviation FZCO” (Бирлашган Араб Амирликлари) компанияси 24 млн. АҚШ доллари миқдорида сотиб олиш тўловини тўлаш шарти билан савдо ғолиби деб топилди.

Шунингдек, Харидорнинг таклифи Консультант томонидан ҳисобланган Корхонанинг индикатив нархлар оралиғининг юқори қисмида жойлашган ҳамда Корхонанинг баҳоланган қийматидан юқори.

Шу билан бирга, Корхонанинг асосий фаолият турини 10 йилдан кам бўлмаган муддат давомида сақлаб қолиш, маҳсулотларнинг лицензиати бўлган “General Motors” компанияси (АҚШ) томонидан тасдиқланган етказиб берувчи билан техник қўллаб-қувватлаш бўйича лицензия келишувларига ва “General Motors” технологиялари билан боғлиқ технологик жиҳозлардан фойдаланиш юзасидаги "Бош Альянс" келишувида ўрнатилган талаблар ва тегишли чекловларга қатъий риоя қилиш каби шартлар Харидор томонидан қабул қилинган.

Корхонани хусусийлаштириш натижалари Давлат активларини хусусийлаштириш ва хусусийлаштириш жараёнларини мувофиқлаштириш давлат комиссиясининг тегишли қарори билан маъқулланган.

Маълумот учун: “Centrum Aviation FZCO” Centrum Holding таркибида ташкил этилган. Асосий фаолияти ҳаво юк ташиш ва авиация савдосида брокерлик хизматларини кўрсатиш, ҳаво кемаларини ижарага беришдан иборат. “Centrum Air” бренди остида Ўзбекистонда авиа хизматларини кўрсатади.

 

4349 Чоп этиш