Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

28 Февраль 2022

Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонасидаги давлат улушини сотиш жараёни бошлангани тўғрисида эълон

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги (кейинги ўринларда – Давактив агентлиги) тегишли хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ “Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонасини (кейинги ўринларда – Меҳмонхона ёки Актив) хусусийлаштириш жараёнлари бошланганлигини эълон қилади (кейинги ўринларда – Битим). Савдолар “Пойтахт қурилиш ва хизмат” ДУКнинг (Меҳмонхонани балансда сақловчи) ташкилий-ҳуқуқий шаклини хўжалик жамиятига  ўзгартирилган ҳолда, ундаги 100 фоиз давлат улушини сотувга чиқариш орқали амалга оширилади.

Ушбу Савдо жараёнига “KPMG Valuation and Consulting” МЧЖ (кейинги ўринларда – KPMG), активни хусусийлаштириш бўйича энг яхши таклифларни танлаш асосида, эксклюзив молиявий маслаҳатчи сифатида жалб этилган.

Меҳмонхонани улуш (бизнес) сифатида баҳолаш ишларига “Катта тўртлик”ка (Big 4) кирувчи халқаро компаниялардан бири жалб қилиниб, уларнинг баҳолаш ҳисоботлари асосидаги активнинг тавсиявий баҳолаш қиймати савдо жараёнларида мўлжал сифатида ҳисобга олинади.

Савдо жараёни рақобатбардошлик тамойилларига асосланган ҳолда барча манфаатдор томонлар (кейинги ўринларда – Иштирокчилар) учун очиқ аризалар бериш йўли билан ташкил этилади. Бугунги кунда, Меҳмонхонани сотиш жараёнида иштирок этиш истагидаги Иштирокчилардан ўз қизиқишларини билдиришлари тақдим этишлари сўралади.

Меҳмонхона бўйича қисқача маълумот:

  • 5 юлдузли “Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонаси 2016 йилда Тошкент марказида очилган ва “Hyatt” халқаро брендининг Ўзбекистондаги биринчи меҳмонхонасига айланди;
  • Актив Ўзбекистонда халқаро меҳмонхоналар тармоғи бошқарувида бўлган 5 юлдузли меҳмонхонадир;
  • Меҳмонхона Тошкент шаҳрининг марказида, Тошкентнинг асосий диққатга сазовор жойлари, Марказий вазирлик ва идораларга пиёда масофада бўлган ҳолда, қулай жойлашувга эга;
  • умумий ер майдони 3,1 гектар, бино ва иншоотлар майдони 60,1 минг квадрат метрни ташкил этади;
  • Меҳмонхона 8 қаватда жойлашган бўлиб, турар жой учун 300 та хона, жумладан 248 та стандарт ва 52 та полулюкс/люкс хоналарни таклиф этади;
  • Меҳмонхона ҳудудида халқаро сифат стандартлари даражасида жиҳозланган турли сиғимдаги бир нечта конференция заллари, шунингдек, 850 квадрат метр майдонга эга банкет зали, ёпиқ бассейн ва фитнес-соғломлаштириш маркази мавжуд;
  • сифат стандартларига мувофиқлиги “Hyatt Group” томонидан аккредитация қилинган экспертлар томонидан текширилган ва тасдиқланган.

Манфаатдор шахслар қуйидаги электрон манзилларга ўзбек, рус ёки инглиз тилларида (аризачининг ихтиёрига кўра, аммо рус ёки ўзбек тилларида тайёрланган хат инглиз тилидаги хати билан юборилиши керак) тайёрланган хат шаклидаги, аризачининг ваколатли вакили томонидан имзоланган аризаларини (кейинги ўринларда – Ариза) юбориш лозим:

DKalazhanov@kpmg.kz;

SSandykbayeva@kpmg.kz;

VPolyakov@kpmg.kz.

 

Аризалар 2022 йил 28 март куни соат 18:00 га (Тошкент вақти билан) қадар қабул қилинади.

 

Ариза топшириш жараёни барча иштирокчилар учун очиқ. Барча иштирокчилар потенциал иштирокчилар реестрига киритилади.

Кейинги босқичга ўтган потенциал инвесторлар билан Ахборотни ошкор этмаслик тўғрисидаги битим (NDA) имзоланиб, Актив фаолияти бўйича умумий маълумотлар жойлаштирилган витруаль ахборот хонаси (VDR)га кириш имконияти яратилади.

Шу билан бирга, сотиш жараёнининг кетма-кетлиги, унинг шартлари ва кейинги босқичлар тўғрисидаги хабарлар қўшимча равишда батафсил эълон қилинади.

Қўшимча маълумотлар учун юқоридаги электрон манзилларга мурожаат қилишингиз мумкин.

Қўшимча шартлар:

Давактив агентлиги сотиш жараёнининг кетма-кетлигини ўзгартириш ёки потенциал харидорга (харидорларга) сотишни ёки сабабларини тушунтирмасдан исталган вақтда улар билан музокара олиб боришни рад этиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.

Ушбу эълон ёки унинг мазмунининг бирон-бир қисми мазкур эълон чоп этилишидан келиб чиқиб тахмин қилиниши мумкин бўлган Давактив агентлиги, Меҳмонхона ва KPMGнинг Активни сотиш билан боғлиқ бирор-бир шаклдаги мажбурияти сифатида талқин қилинмаслиги керак. Давактив агентлиги ва KPMG (Савдо доирасида Давактив агентлигининг эксклюзив молиявий маслаҳатчиси вазифасини бажарувчи) ўз хоҳишига кўра ҳар қандай вақтда ва ҳар қандай муносабатда, биргаликдаги ёки шахсий жавобгарликни ўз зиммаларига олмасдан:

(i) аризалар бериш муддатига ўзгартириш киритиш;

(ii) турли хил манфаатдор томонлар учун турли хил тартиб-қоидалар бўйича иш тутиш ва/ёки Давактив агентлиги, Меҳмонхона ва KPMG томонидан кўзда тутилган режа-жадвал ва тартиб доирасида исталган бошқа потенциал харидорни (харидорларни) олдиндан огоҳлантирмасдан чиқариб ташлаган ҳолда бир ёки бир нечта потенциал харидорлар билан музокаралар олиб бориш;

(iii) ҳар қандай сабабга кўра сотиш жараёнини тўхтатиш; ва/ёки

(iv) исталган вақтда ва сабабларни тушунтирмасдан Савдога тааллуқли бўлган ҳар қандай потенциал харидор (харидорлар) билан ҳар қандай муҳокама ва музокараларни тугатиш ҳуқуқларини ўзида сақлаб қолади.

6595 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech