Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

23 Январь 2023

"Чиноз нефтни қайта ишлаш заводи" МЧЖ устав капиталидаги 100 фоиз давлат улушини хусусийлаштириш жараёни юзасидан ахборот

Давлат активларини бошқариш агентлиги (кейинги ўринларда – Давактив агентлиги) 23 декабрь 2022 йилда чоп этилган эълонга мувофиқ, “Чиноз нефтни қайта ишлаш заводи” МЧЖ устав капиталидаги 100 фоиз давлат улушини рақобатга асосланган сотув жараёнининг Активни сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш (Express of interest) бўйича аризаларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш босқичи якунланганлигини маълум қилади.

“Mosaic Financial” компанияси (кейинги ўринларда – Маслаҳатчи) ушбу Битим бўйича Давактив агентлигининг хусусийлаштириш бўйича етакчи маслаҳатчи сифатида жалб этилган.

Компаниянинг хусусийлаштириш жараёнлари доирасида Маслаҳатчи томонидан кенг қамровли маркетинг ишлари амалга оширилди, жумладан, инвестиция тизерлари салоҳиятли инвесторларга юборилди. Натижада, 2023 йил 12 январга қадар Ўзбекистон ва бошқа МДҲ давлатлари ва Европа мамлакатларидан 7 нафар халқаро ва маҳаллий инвесторлар томонидан сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш (Express of interest) тўғрисидаги аризалар Маслаҳатчига келиб тушган.

Давактив агентлиги ҳамда хусусийлаштириш бўйича маслаҳатчи томонидан келиб тушган барча аризалар қуйидаги мезонлар бўйича сараланади:

  • хусусийлаштириш жараёнида иштирок этилишини таъқиқлаши мумкин бўлган маъмурий, ҳакамлик ёки бошқа суд жараёнларининг йўқлиги;
  • Ўзбекистон Республикасининг 660-II-сонли “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунига риоя этилиши;
  • Талабгор (консорциум ҳолатида, консорциум аъзоларидан ҳеч бири) ва унинг тегишли шахсларидан ҳеч бири Европа Иттифоқи, Буюк Британия ва АҚШнинг, шунингдек йирик халқаро молия институтларининг (Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки) санкциялари рўйхатига киритилмаганлиги.

Маслаҳатчи томонидан келиб тушган аризаларни юқоридаги мезон талаблари асосида чуқур ўрганиши натижасида, барча талабгорлар кейинги босқичга ўтказилди.

Шунга кўра, барча талабгорлар хусусийлаштириш жараёнларининг келгуси Мажбуриятга эга бўлмаган таклиф (NBO) қабул қилиш босқичида иштирок этиш учун таклиф қилинади ҳамда Маслаҳатчи томонидан уларга ушбу босқич жараёнлари тўғрисидаги хат (Process Letter) юборилади.

Хусусийлаштириш жараёнларида келгусидаги ўз иштирокини тасдиқлаш учун, ушбу талабгорлар билан Ахборотларни ошкор этмаслик тўғрисидаги битим (NDA)ни имзолаш таклиф этилади, сўнгра уларга маслаҳатчи томонидан тайёрланган Активни сотиб олиш нархи бўйича индикатив мажбуриятга эга бўлмаган таклифларни тайёрлаш учун зарур бўлган ахборотни ўз ичига олган дастлабки маълумотлар тўплами (Information Memorandum) билан танишиш имкониятини берадиган виртуал маълумотлар хонаси (VDR)га кириш имконияти яратилади. Ушбу маълумотлар тўплами Активнинг хўжалик фаолиятини тавсифловчи ахборотларни ўз ичига олади.

Шунингдек, Маслаҳатчи томонидан Активни сотиб олиш нархи бўйича Мажбуриятга эга бўлмаган таклифлар (NBO) 2023 йил 23 февраль куни соат 18:00 га (Тошкент вақти билан) қадар қабул қилинади.

Давактив агентлиги ва “Mosaic Financial” компанияси хусусийлаштириш жараёнига қизиқиш билдирган ва аризалар топширган барча иштирокчиларга миннатдорчилик билдиради ҳамда Активни сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш (Express of interest) босқичидан муваффаққиятли ўтган талабгорлар билан келгусидаги жараён бўйича конструктив ҳамкорликни шаффоф муҳитда давом эттиради.

3471 Чоп этиш