Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

09 Февраль 2021

“Coca-cola Ichimligi Uzbekiston, Ltd” МЧЖ устав капиталидаги давлат улушини сотиш жараёни юзасидан

2020 йил 16 декабрда Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан берилган “Coca-cola Ichimligi Uzbekiston, Ltd” МЧЖ (кейинги ўринларда - Компания) устав капиталидаги давлат улушини сотиш жараёни бошланиши тўғрисидаги Эълонга мувофиқ, сотиш жараёнининг биринчи босқичи якунланди.

Унга кўра, давлат улушини сотиб олиш учун қизиқиш билдирган талабгорлардан таклифлар 2021 йил 15 январга қадар қабул қилинди.

Давлат улушини сотиб олиш бўйича Агентликка ва Молиявий маслаҳатчига Осиё, Европа, Америка ва Африка қитъалари мамлакатларидан бир қанча талабгорларнинг таклифлари келиб тушди.

Талабгорлардан келиб тушган барча таклифлар Ўзбекистон Республикасининг “Масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги Қонунининг 20-моддасини инобатга олган ҳолда ҳамда Компания устави ва унинг фаолиятини тартибга солувчи ички ҳужжатлар талабларига мувофиқ, Компаниянинг иккинчи мулкдори билан келишилган ҳолда кўриб чиқилди ҳамда сотиш учун белгиланган мезонларга мос келган деб эътироф этилган талабгорлар аниқланди ҳамда кейинги босқичга ўтказилди.

Ушбу талабгорлар билан музокаралар жараёни давлат улушини сотиш бўйича жалб этилган халқаро маслаҳатчилар – “Rothschild & Cie” инвестиция банки (молиявий маслаҳатчи, Франция) ва “Dentons” юридик фирмаси (юридик маслаҳатчи, Буюк Британия) иштирокида давом эттирилади.

Мазкур босқичда талабгорлар билан Ошкор этмаслик тўғрисидаги тегишли битимлар имзоланади. Компания тўғрисидаги қўшимча маълумотлар, жумладан Ахборот меморандуми, Компаниянинг молиявий ҳисоботлари, бизнес-режаси, юридик, молиявий ва солиқ жиҳатдан ўрганиш ҳисоботлари уларга тақдим этилади.

 

Давлат активларини бошқариш агентлиги
Ахборот хизмати

2202 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech