Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

13 Декабрь 2023

Давлат активларини бошқариш соҳасидаги халқаро ҳамкорлик

Германия Федерал Молия вазирлиги ҳамда Давактив агентлиги ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандуми доирасида Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси Қонунчилик Палатаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, Давактив агентлиги вакилларидан иборат делегация аъзолари жорий йилнинг 2-9 декабрь кунлари Германия Федератив Республикасида ташриф билан бўлдилар.

Мазкур мемонрандум доирасида Германия Федерал Молия вазирлиги техник кўмаги асосида жалб этилган экспертлар билан ҳамкорликда “Давлат мулкини бошқариш тўғрисида”ги ва “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунлари ҳамда Корпоратив бошқарув кодекси ишлаб чиқилган.

Германия хусусийлаштириш жараёнларини ўтган давлат бўлиб, давлат тасарруфида қолган активларни бошқаришда катта тажрибага эга.

Германия Федерал Молия вазирлигининг Халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) томонидан ташкил қилинган ушбу ташриф германиялик ҳамкорлар, шунингдек “Indecon consulting” компанияси экспертлари иштирокида жорий йил 9-11 октябрь кунлари Давактив агентлигида ўтказилган давлат активларини самарали бошқариш, корпоратив бошқарувнинг илғор тажрибалари ва хусусийлаштириш масалаларига бағишланган семинарларнинг мантиқий давоми бўлди.

Тадбир доирасида Ўзбекистон делегацияси вакиллари Германиянинг Федерал Молия вазирлиги, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ), Саксония Савдо ва Инвестиция департаменти фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Шунингдек, “Deutsche Bahn”, “Volkswagen” ва “Toll collect” компанияларига ташриф буюрган ҳолда уларнинг фаолияти, корпоратив бошқарув тизимини ташкил этилганлиги ва трансформация жараёнлари бўйича истиқболдаги режалари ўрганилди.

Учрашувнинг марказий мавзуси бўлган Ўзбекистон Республикасининг “Акциядорлик жамиятлари тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси давлат мулкини бошқариш сиёсатини юритувчи Федерал молия вазирлиги масъул ходимлари, Indecon consulting компанияси экспертлари билан биргаликда кенг муҳокама қилинди ҳамда давлат мулкини бошқариш соҳаси бўйича тажриба алмашилди.

Шу билан бирга, делегация аъзолари корпоратив бошқарув соҳасига кириб келаётган янги тенденциялар, жумладан CSR (корпоратив ижтимоий масъулият), ESG (экология, ижтимоий сиёсат ва корпоратив бошқарув), SDG (барқарор ривожланиш мақсадлари) тамойиллари, давлат активларини бошқаришда юқори даражада ҳисобдорлик ва шаффофликни таъминлаш, давлат ташкилотлари томонидан фойдаланишда бўлган кўчмас мулк объектларидан самарали фойдаланиш тажрибаси билан яқиндан танишиб чиқдилар.

Ташриф давомида келажакда давлат активларини бошқариш соҳасида энг яхши халқаро амалиётларни татбиқ этиб бориш, бу йўналишдаги қонунчиликни такомиллаштириш мақсадида Германия Федерал Молия вазирлиги билан мулоқотларни давом эттириш, шунингдек, Корпоратив бошқарув кодексининг янги таҳририни ҳамкорликда ишлаб чиқишга келишиб олинди.

Юқорида қайд этилган дўстона ва ҳамкорлик муносабатлари мамлакатимиз иқтисодиёти ўсишига, жумладан давлат иштирокидаги корхоналарнинг барқарор ривожланишида муҳим аҳамият касб этади.

1667 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech