Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

01 Ноябрь 2022

Давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш ва ислоҳ қилиш стратегияси доирасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан Давактив агентлигининг департаменти бошлиғи С.Қурбоналиев иштирокидаги брифинг

Брифинг матни:

Давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш ва ислоҳ қилиш Стратегияси илғор хорижий тажрибага асосан ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган.

Стратегиянинг асосий мақсадлари сифатида қуйидагиларни таъкидлаб ўтиш мумкин:

  • Корхоналарни бошқариш ва ислоҳ қилишга оид қонунчиликни такомиллаштириш;
  • Давлат иштирокидаги корхоналар сонини муттасил қисқартириб бориш;
  • Корхоналарда корпоратив бошқарувнинг замонавий услубларини жорий этиш ва улар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш.

Ушбу мақсадларга эришиш учун Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан қуйидаги ишлар амалга оширилди:

1) Стратегия талабларидан келиб чиқиб, тегишли қонунчилик нормалари мувофиқлаштирилди.

2) “Давлат мулкини бошқариш тўғрисида”ги Қонуни Олий Мажлис Сенати томонидан маъқулланди, Хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритилди.

3) Давлат иштирокидаги корхоналарнинг раҳбарлари ва кузатув кенгаши аъзолигига номзодларни шакллантириш тартиби ишлаб чиқилди.

4) Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ҳукуматнинг қарорлари доирасида 500 дан ортиқ давлат корхоналарни хусусийлаштириш ва қарийб 600 та корхонани қайта ташкил этиш ва тугатиш белгиланди.

Натижада, 2021 йилда давлат иштирокидаги корхоналар сонини 30 фоизга қисқартиришга эришилди.

Бугунги кунда, Стратегияда белгиланган “сот ёки тушунтир” тамойили асосида 2 мингдан ортиқ корхоналар хатловдан ўтказилиб, уларни сотиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш бўйича таклифлар тайёрланди.

Бу борадаги ишларни давом эттирган ҳолда, 2025 йилгача давлат иштирокидаги корхоналар сонини 75 фоизга қисқартириш кўзда тутилмоқда.

Бунинг учун, тегишли асосларсиз давлат иштирокида янги корхоналарни ташкил этишга йўл қўйилмайди, фаолият юритаётган давлат унитар корхоналари эса босқичма-босқич хусусийлаштирилади ёки тугатилади.

5) Стратегия нормаларини амалиётга татбиқ этиш, жумладан йирик корхоналарга нисбатан тижорат ва нотижорат мақсадларни аниқлаш, дивиденд сиёсати ва аҳлоқ кодексини ишлаб чиқиш учун Европа тикланиш ва тараққиёт банки кўмагида 5 та халқаро ва маҳаллий компаниялар жалб этилиб, бу борада ишлар бошлаб юборилди.

6) Давлат иштирокидаги корхоналор ва хусусий секторга тенг шароитлар яратиш мақсадида давлат корхоналарига эксклюзив имтиёзлар ва давлат кафолатларини тақдим этиш амалиёти бекор қилинади.

7) Корхоналар бошқарув органларига малакали мутахассисларни жалб этиш мақсадида Кузатув кенгаши мустақил аъзолари уюшмаси ташкил қилинди.

Бугунги кунда 54 та давлат корхоналарининг кузатув кенгашларига 71 нафар мустақил аъзолар жалб этилган.

Ушбу ишларни давом эттириш учун Жаҳон банки билан ҳамкорликда ўтказилган танловларга кўра, махсус халқаро миқёсдаги компания жалб этилди.

Таъкидлаш жоизки, жорий йилдан бошлаб, корхона раҳбарлари ва кузатув кенгаши аъзоларининг ваколати муддати уч йилгача узайтирилди – олдин бир йил эди.

Бунда, корхона раҳбарларининг фаолияти – KPI натижаларига ҳамда Кузатув кенгашлари аъзолари фаолияти корпоратив бошқарув ҳолатига қараб баҳоланади, натижаси юзасидан улар билан мехнат шартномасини узайтириш масаласи кўриб чиқилади.

8) Ички назорат тизимини мустахкамлаш мақсадида, 120 дан ортиқ корхоналарда кузатув кенгаши қошида аудит қўмитаси ташкил этилди.

9) Ҳозирда, “Ernst & Young” компанияси билан хамкорликда 2 та корхона (“Ўзметкомбинат” АЖ, “Иссиқлик электр станциялари” АЖ)да таваккалчиликни бошқариш тизими татбиқ этилмоқда.

10) Шаффофлик ва маълумотни ошкор қилиш борасида амалга оширилган ишларга тўхталиб ўтсак, илк бор корхоналарнинг фаолияти натижадорлиги ва давлат мулкидан фойдаланиш ҳолати тўғрисидаги йиғма ҳисобот шакллантирилиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилди.

Бундан ташқари, корхоналар фаолиятининг очиқлиги ва ҳисобдорлигини таъминлаш учун уларнинг веб-сайтларида маълумотлар тўлиқлиги ва актуаллигини мониторинг қилиш тизими йўлга қўйилди.

Ушбу тадбирларнинг барчаси – давлат органлари ҳамда корхоналарнинг жамоатчилик олдидаги ҳисобдорлигини ошириш ва очиқликни таъминлашга хизмат қилади.

11) Шунингдек, жорий йилнинг 26 октябрь куни Стратегия талабларидан келиб 8 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчаларни киритишни назарда тутувчи Ҳукумат қарори қабул қилинди. Унга кўра:

- давлат унитар корхоналарида кузатув кенгашини ташкил этилиши;

ички аудит хизматини танлов асосида сайланиши;

- корхоналарда корпоратив бошқарув тизимини баҳолаш бўйича саволнома Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан тасдиқланиши белгиланди.

Шу билан бирга, корхоналар томонидан мажбурий ошкор этилиши лозим бўлган маълумотлар рўйхати кенгайтирилди, давлатнинг махсус ҳуқуқи “олтин акция” бекор қилинди.

Бу борадаги ишлар Агентлик томонидан давом эттирилади.

 

1742 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech