Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

04 Апрель 2023

Давлат иштирокидаги корхоналарнинг иқтисодиётдаги улушини қисқартиришга навбатдаги қадам!

2021-2025 йилларда давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш ва ислоҳ қилиш стратегиясининг устувор йўналишларидан бири, давлат иштирокидаги корхоналарга эгалик қилиш асосларини белгилаш, хусусий сектор муваффақиятли фаолият кўрсатаётган ва рақобат ривожланган соҳаларда давлат иштирокини чеклаш, давлат иштирокидаги корхоналарни хусусийлаштиришда тизимлилик ва “сот ёки тушунтир” тамойилларини жорий этиш орқали давлат иштирокидаги корхоналарни кескин қисқартириш ҳисобланади.

Бугунги кунда давлат иштирокидаги корхоналар сони 2 333 тани ташкил этиб, улар турли соҳаларда фаолият юритмоқда. Таъкидлаш жоизки, уларнинг иқтисодиётидаги иштироки ҳануз юқорилигича қолмоқда. Бозор иқтисодиёти шароитида хусусий мулк устуворлигини таъминлаш эса асосий талаб ҳисобланади.

Шунга кўра, жорий йил 3 апрелда давлат иштирокидаги корхоналарни кескин қисқартириш борасидаги яна бир муҳим хужжат бўлган Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат муассасалари ва давлат иштирокидаги корхоналарни қайта ташкил этиш ва тугатишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” қарори қабул қилинди. Унга кўра жами 1 259 та давлат муассасалари ва давлат иштирокидаги корхоналарнинг:

493 тасини қайта ташкил этиш (282 тасини давлат муассасаси, 2 тасини масъулияти чекланган жамият ва 209 тасини филиал сифатида);

766 тасини истиқболсиз, фаолият кўрсатмаётган, зарар кўриб ишлаётган ва паст рентабелли бўлганлиги сабабли белгиланган тартибда тугатиш белгиланди.

Шу билан бирга, қарор доирасида давлат муассасалари ва давлат иштирокидаги корхоналарни қайта ташкил этиш ва тугатиш ишларининг сифатли, тўлиқ ва ўз муддатида амалга оширилиши юзасидан шахсий масъулият ушбу ташкилотлар таъсисчи (муассис)ларига юкланди.

Шу ўринда, Стратегия доирасида давлат иштирокидаги корхоналар сони 2025 йилга келиб 75 фоизга қисқариш белгиланган.

2485 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech