Давактив агентлигининг жорий йил 26 сентябрдаги “Халқчил IPO” дастури доирасида “ЎзРТХБ” АЖнинг акцияларини оммавий жойлаштириш бўйича ОАВда берган эълонига мувофиқ қуйидагилар маълум қилинади.
Давактив агентлиги томонидан “KPMG” халқаро компанияси билан биргаликда “ЎзРТХБ” АЖ акцияларини оммавий жойлаштиришни ташкил этиш учун энг мақбул таклифлар асосида “KAP DEPO” инвестиция компанияси (“Kapital-Depozit” МЧЖ, “Satori Capital” МЧЖ ва “Satori IB Group” МЧЖ андеррайтерлар консорциуми) андеррайтер сифатида жалб этилди.
Маҳаллий инвесторларнинг буюртмаларини қабул қилиш “Тошкент” РФБ савдо майдончасида амалда бўлган усулларга қўшимча равишда, “E-auksion” электрон савдо платформаси (ipo.e-auksion.uz) ва унинг мобил иловаси, шунингдек “KAP DEPO” компаниясининг GoInvest иловаси ҳамда Jett сервиси (Multicard, Zoomrad, MyUztelecom, DavrMobile иловалари) ва унинг app.jett.uz веб-терминали орқали онлайн харид қилиш имкониятлари яратилди.
Шунингдек, “ЎзРТХБ” АЖ акцияларини оммавий жойлаштириш жараёнида рақобат муҳитини таъминлаш ва жамоатчилик қамровини кенгайтириш мақсадида қўшимча равишда 10 дан ортиқ – “Мулк сармоя брокерлик уйи” АЖ, “Freedom Finance” МЧЖ, “Alkes Research” МЧЖ, “Alp Omad Invest” МЧЖ, “Premium Finance” МЧЖ, “Қорақалпоғистон вақт” МЧЖ, “Dalal Standart” МЧЖ, “Leader Finance Capital” МЧЖ, “Silk Capital” МЧЖ, “Ishonch Ltd” МЧЖ, “Tat-Reestr” МЧЖ ва “Finance Invest Brok” МЧЖ каби инвестиция воситачилари жалб қилинди.
Олиб борилган тарғибот-ташвиқот ишлари ва ҳудудларда ўтказилган Road show дастурлари ҳамда фуқаролар томонидан билдирилган қизиқишлари натижасида сотиб олишга таклиф этилган акциялар бўйича етарлича буюртмалар йиғилди.
Шунга қарамасдан, акцияларни сотиб олиш бўйича аҳолидан кўплаб қизиқиш келиб тушмоқда.
Шу билан бирга, “ЎзРТХБ” АЖ акцияларини оммавий жойлаштиришни билан боғлиқ тарғибот жараёнлари юртимиздаги сиёсий тадбир – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови кампанияси билан бир вақтга тўғри келганлиги сабабли ҳамда акцияларни сотиб олишга мавжуд бўлган талабни инобатга олиб, андеррайтерлар томонидан буюртмаларни қабул қилиш муддатини узайтириш таклиф этилган.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда "Халқчил IPO" дастурида иштирок этиш учун аҳолининг барча қатламларига кенг имконият яратиш ва унинг сезиларли қисмининг иштироки орқали жараённинг халқчиллигини таъминлаш мақсадида, “ЎзРТХБ” АЖ акцияларини оммавий жойлаштириш муддати 2024 йил 8 ноябрь куни соат 23:59 га (Тошкент вақти билан) қадар узайтирилади.