I. Аввал маълум қилинганидек, тегишли хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ, “Автокомпонент” МЧЖ (кейинги ўринларда – Корхона) устав капиталидаги 98,8 фоиз давлат улушини сотиш бўйича очиқ савдо жараёнларининг Мажбуриятга эга бўлган таклифлар (BO)ни тақдим этиш босқичи бошланган.
Ушбу босқичда, Ахборотни ошкор этмаслик тўғрисидаги битимни (NDA) имзолаган талабгорларга хусусийлаштириш бўйича консультант “Portfolio Investments” компанияси (кейинги ўринларда – Консультант) тайёрлаган Корхонанинг молиявий, солиқ, ҳуқуқий ва экологик фаолияти юзасидан комплекс таҳлил (due diligence) ҳисоботлари билан танишиш, шунингдек, Корхонанинг бошқарув органи билан учрашиш имконияти яратилди.
Белгиланган муддатларда Консультантга Корхонани сотиб олиш бўйича 2 нафар талабгорлардан Мажбуриятга эга бўлган таклифлар (BO) келиб тушди ҳамда 105 млрд сўм миқдоридаги энг юқори харид баҳосини таклиф қилган АЖ шаклидаги “Uz-Dong Won Ko” Ўзбекистон-Жанубий Корея қўшма корхонаси (ҳозирги номи "BEST PIPE AND PARTS" АЖ) савдо ғолиби деб топилди.
Шунингдек, Харидорнинг таклифи Консультант томонидан ҳисобланган Корхонанинг индикатив нархлар оралиғининг юқори қисмида жойлашган ҳамда Корхонанинг баҳоланган қийматидан юқори.
Шу билан бирга, Корхонанинг асосий фаолият турини 10 йилдан кам бўлмаган муддат давомида сақлаб қолиш, маҳсулотларнинг лицензиати бўлган “General Motors” компанияси (АҚШ) томонидан тасдиқланган етказиб берувчи билан техник қўллаб-қувватлаш бўйича лицензия келишувларига ва “General Motors” технологиялари билан боғлиқ технологик жиҳозлардан фойдаланиш юзасидаги "Бош Альянс" келишувида ўрнатилган талаблар ва тегишли чекловларга қатъий риоя қилиш каби шартлар Харидор томонидан қабул қилинган.
Корхонани хусусийлаштириш натижалари Давлат активларини хусусийлаштириш ва хусусийлаштириш жараёнларини мувофиқлаштириш давлат комиссиясининг тегишли қарори билан маъқулланган.
Маълумот учун: АЖ шаклидаги “Uz-Dong Won Ko” Ўзбекистон-Жанубий Корея қўшма корхонаси –1996 йилда давлат рўйхатидан ўтган бўлиб, автотранспорт воситалари учун бутловчи қисмлар ва аксессуарлар ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланади.
II. Аввал маълум қилинганидек, тегишли хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ, “Трест-12” АЖ (кейинги ўринларда - Корхона) устав капиталидаги 51,12 фоиз давлат улушини сотиш бўйича очиқ савдо жараёнлари бошланган.
Хусусийлаштириш жараёни доирасида, хусусийлаштириш бўйича консультант “Deloitte” консалтинг компаниясини (кейинги ўринларда – Консультант) томонидан кенг қамровли маркетинг ишлари амалга оширилди, жумладан, инвестиция тизерлари салоҳиятли инвесторларга юборилди. Натижада, 4 нафар хорижий ва маҳаллий инвесторлар томонидан сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш тўғрисидаги аризалар (Expression of Interest) Консультантга келиб тушди.
Шу ўринда, Консультант томонидан мазкур босқичда аввалдан белгиланган мезонларга мувофиқ бўлган 3 нафар талабгор хусусийлаштириш жараёнининг кейинги – Мажбуриятга эга бўлган таклифлар (BO)ни тақдим этиш босқичида иштирок этиш учун таклиф қилинди.
Ушбу босқичда, Ахборотни ошкор этмаслик тўғрисидаги битимни (NDA) имзолаган талабгорларга Консультант тайёрлаган Корхонанинг молиявий, солиқ, ҳуқуқий ва экологик фаолияти юзасидан комплекс таҳлил (due diligence) ҳисоботлари билан танишиш, шунингдек, Корхонанинг бошқарув органи билан учрашиш имконияти яратилди.
Белгиланган муддатларда Консультантга Корхонани сотиб олиш бўйича 2 нафар талабгорлардан Мажбуриятга эга бўлган таклифлар (BO) келиб тушди ҳамда 111 млрд сўм миқдоридаги энг юқори харид баҳосини таклиф қилган “Delta Global Dynamics” МЧЖ савдо ғолиби деб топилди.
Шунингдек, Харидорнинг таклифи Консультант томонидан ҳисобланган Корхонанинг индикатив нархлар оралиғининг юқори қисмида жойлашган ҳамда Корхонанинг баҳоланган қийматига мувофиқ.
Шу билан бирга, 2 йил мобайнида Корхонада мавжуд иш ўринларини ва ишчилар сонини сақлаб қолиш (табиий сабаблар билан бўшайдиган иш ўринлари бундан мустасно), амалдаги иш ҳақи фонди миқдорини камайтирмаслик ва жамоа шартномаси шартларини ёмонлаштирмаслик каби шартлар Харидор томонидан қабул қилинган.
Корхонани хусусийлаштириш натижалари Давлат активларини хусусийлаштириш ва хусусийлаштириш жараёнларини мувофиқлаштириш давлат комиссиясининг тегишли қарори билан маъқулланган.