Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги “Ўзагроэкспортбанк” АТБ устав капиталидаги 100 фоиз давлат акция пакетини “Совкомбанк” ОАЖ (Россия Федерацияси) билан 4,0 млн. АҚШ долларига сотиш юзасидан келишув (Битим)га эришилганини маълум қилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2020 - 2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида” 2020 йил 12 майдаги ПФ - 5992-сон Фармонига мувофиқ ҳамда халқаро талаблардан келиб чиқиб, “Ўзагроэкспортбанк” АТБ фаолияти таҳлили (due diligence) натижалари ва хусусийлаштириш бўйича консультант тавсиясига кўра тижорат банкнинг 100 фоиз давлат акция пакетини яхлит ҳолда, рақобатга асосланган оммавий ошкора сотув жараёни амалга оширилди.
Сотиш жараёнига хусусийлаштириш бўйича консультант сифатида “Grant Thornton” ва баҳолаш учун “KPMG” халқаро компаниялари жалб этилган.
“Ўзагроэкспортбанк” АТБнинг устав капиталидаги давлат акция пакетини сотиб олиш бўйича жами 4 та талабгорлардан қизиқиш билдирилган ва улардан таклифлар келиб тушган.
Ҳар бир талабгорга банкка оид молиявий, ҳуқуқий, ташкилий ва солиқ маълумотлари билан танишиш учун виртуал маълумотлар хонасига (VDR) кириш, фаолиятни таҳлил (due diligence) қилиш, банк менежменти ва хусусийлаштириш бўйича консультантга саволлар бериш, банкка ташриф буюрган ҳолда ўрганиш имконияти яратилди.
Келиб тушган таклифлар орасида “Совкомбанк” ОАЖ номзоди бевосита банк фаолияти билан шуғулланиши, мамлакатимизга хорижий инвестиция билан биргаликда чет эл банки тажрибаси, замонавий молиявий маҳсулотлар ва хизматларни жорий қилиш каби талабларга жавоб беради.
“Совкомбанк” томонидан келиб тушган таклиф банк соҳасига оид қонун ва қоидалар талаблари, хусусийлаштириш бўйича консультант тавсияларига мувофиқлиги, шунингдек, “Совкомбанк” ОАЖнинг “Ўзагроэкспортбанк” АТБни ривожлантириш режалари инобатга олиниб, “Совкомбанк” ОАЖ оммавий танлов ғолиби деб тан олинди ва шу муносабат билан Битим юзасидан Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳамда мазкур банк ўртасида ҳуқуқий мажбуриятларга эга ҳужжатлар имзоланди.
Маълумот учун: “Совкомбанк” ОАЖ активлари бўйича Россия Федерациясининг энг йирик ўнталигига кирадиган универсал банк. 2021 йил 30 сентябр ҳолатига кўра, банк активлари 1,9 трлн. рублни, капитал 224 млрд. рублни ташкил этган. Россия Федерациясининг 1000 та аҳоли пунктларида жойлашган 2,3 мингдан ортиқ банк офисларида 23 минг ходим меҳнат қилади. Банк 12 миллион мижозга хизмат кўрсатади. Банкнинг халқаро кредит рейтинглари: S&P – “BB”, «ижобий» прогноз, Moody’s – “Ba1”, “барқарор” прогноз, Fitch – “BB +”.
“Ўзагроэкспортбанк” АТБ 2017 йилда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда экспорт қилувчиларни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган. Банк бош офиси Тошкент шаҳрида жойлашган. 2021 йил якунларига кўра, “Ўзагроэкспортбанк” АТБ активлари 69 млрд. сўмдан кўпроқни ташкил этган.
Шу билан бирга, халқаро амалиёт қоидалари ҳамда сотув жараёнига мувофиқ, иштирокчи талабгорларнинг манфаатларини инобатга олган ҳолда, уларнинг аниқ номлари ва таклифларининг мазмуни ёритилмаганлигини билдирамиз.
Давлат активларини бошқариш агентлиги
Ахборот хизмати