Тегишли хусусийлаштириш дастурларига асосан, Давактив агентлигининг 2024 йил 18 июлдаги эълонига мувофиқ, “Автоойна” МЧЖ (кейинги ўринларда – “Актив”) устав капиталидаги 100% давлат улушини очиқ савдо жараёнлари бошланган.
Ўз навбатида, ушбу Активни хусусийлаштириш жараёнини илғор халқаро тажриба асосида амалга ошириш учун “Portfolio Investments” (кейинги ўринларда – "Консультант") компанияси хусусийлаштириш бўйича Консультант сифатида жалб этилган.
Аввал берилган ахборотга мувофиқ, Мажбуриятга эга бўлган таклифларни (BO) қабул қилиш босқичига ўтказилган 4 нафар талабгорларнинг қатъий нарх таклифлари жорий йил 17 октябрга қадар консультант томонидан қабул қилиниши белгиланган.
Мазкур муддат давомида Консультант томонидан 2 нафар талабгорларнинг Мажбуриятга эга бўлган таклифлари (BO) қабул қилинганлигини ва мазкур таклифлар Активнинг сотилиши мумкин бўлган бозор қийматдан паст бўлганлигини инобатга олиб, сотиш жараёнини Активни сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш (EoI) босқичидан давом эттирилади.
Шунга кўра, Давактив агентлиги барча манфаатдор томонлар ва салоҳиятли инвесторларга “Автоойна” МЧЖ устав капиталидаги давлат улушини хусусийлаштириш жараёнининг Активни сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш (Expression of Interest) босқичи муддати 2025 йил 20 январь куни соат 23:59 га (Тошкент вақти билан) қадар узайтирилганлигини маълум қилади.
Шу билан бирга, аввалги чоп этилган Активни сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш босқичи бошланганлиги тўғрисидаги эълоннинг қолган барча бандлари ўзгаришсиз қолмоқда.
Давактив агентлиги хусусийлаштириш жараёнларининг ҳар бир босқичи тўғрисида жамоатчиликни қўшимча тарзда хабардор қилиб борилишини таъминлайди.
Дисклеймер
Давактив агентлиги сотиш жараёнининг кетма-кетлигини ўзгартириш ёки потенциал харидорга (харидорларга) сотишни ёки сабабларини тушунтирмасдан исталган вақтда улар билан музокара олиб боришни рад этиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.
Ушбу эълон ёки унинг мазмунининг бирон-бир қисми мазкур эълон чоп этилишидан келиб чиқиб тахмин қилиниши мумкин бўлган Давактив агентлиги, “Portfolio Investments” ва Компанияни сотиш билан боғлиқ бирор-бир шаклдаги мажбурияти сифатида талқин қилинмаслиги керак. Давактив агентлиги ва “Portfolio Investments” ўз хоҳишига кўра ҳар қандай вақтда ва ҳар қандай ҳолатда, биргаликдаги ёки шахсий жавобгарликни ўз зиммаларига олмасдан:
(i) аризалар бериш муддатига ўзгартириш киритиш;
(ii) турли хил манфаатдор шахслар учун турли хил тартиб-қоидалар бўйича иш тутиш ва/ёки Давактив агентлиги, Компания ва “Portfolio Investments” томонидан кўзда тутилган режа-жадвал ва тартиб доирасида исталган бошқа потенциал харидорни (харидорларни) олдиндан огоҳлантирмасдан чиқариб ташлаган ҳолда бир ёки бир нечта потенциал харидорлар билан музокаралар олиб бориш;
(iii) ҳар қандай сабабга кўра сотиш жараёнини тўхтатиш;
(iv) исталган вақтда ва сабабларни тушунтирмасдан Битимга тааллуқли бўлган ҳар қандай потенциал харидор (харидорлар) билан ҳар қандай муҳокама ва музокараларни тугатиш ҳуқуқларини ўзида сақлаб қолади.