Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

13 Январь 2023

Айрим ижтимоий тармоқларда Давактив агентлиги фаолиятини ислоҳ қилиш тўғрисидаги саволлар юзасидан ахборот

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 январдаги “Давлат активларини бошқариш, монополияга қарши курашишни тартибга солиш тизимини ва капитал бозорини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5630-сон Фармонига асосан ташкил этилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 январдаги ПҚ-4112-сон қарорининг 4-банди а-кичик банди 4-хатбошига мувофиқ, Давлат активларини бошқариш агентлиги ўз фаолиятида бевосита Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ва Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсунади ва ҳисобот беради.

Давактив агентлиги давлат активларини бошқариш, хусусийлаштириш, ва тўловга қобилиятсизлик жараёнини мувофиқлаштириш, баҳоловчи ва риэлторларни сертификатлаштириш бўйича ваколатли давлат органи сифатида ягона давлат сиёсатини юритади.

Шу билан бирга, Давактив агентлиги ўз фаолиятида очиқлик, шаффофлик ва ҳисобдорлик тамойилига амал қилган ҳолда ўз фаолияти тўғрисида расмий веб-сайтда, ижтимоий тармоқлардаги каналларида ахборот бериб бормоқда.

Хусусан, олиб борилаётган хусусийлаштириш жараёнлари, давлат активларини реестри, хусусийлаштириладиган давлат объектлари ва корхоналар, давлат иштирокидаги корхоналар молиявий кўрсаткичлари тўғрисидаги маълумотлар Агентликнинг расмий веб-сайти ва “Давлат мулки” ахборот тизимида бошқа вазирлик, идораларнинг ахборот тизимлари билан интеграция қилинган ҳолда реал вақт режимида эълон қилиб борилмоқда.

Хусусийлаштириш жараёнларининг шаффофлигини ва “E-auksion” электрон савдо платформасининг оммабоплигини таъминлаш ҳамда унда иштирок этиш имкониятини янада ошириш мақсадида 2022 йилда унинг мобил иловаси ишга туширилди, аҳоли ва тадбиркорлар учун App Store ва Play Market орқали юклаб олиш имконияти яратилди.

Натижада, "E-auksion" электрон савдо платформаси орқали ташкил этилган савдоларда 2022 йилда жами 1,15 млн нафар жисмоний ва юридик шахслар иштирок этган бўлиб, ушбу кўрсаткич 2021 йилга нисбатан 11 баробарга кўпни ташкил этди.

Шунингдек, жорий 2023 йил бошидан ҳар кунги аукцион савдолари натижалари эълон қилинмоқда.

Умуман, 2022 йил давомида аукцион савдолари орқали бошланғич қиймати 7,72 трлн сўм бўлган 2 868 та давлат активлари ва давлат иштирокидаги корхоналар мулклари савдога чиқарилиб, шундан бошланғич нархи 1,78 трлн сўм бўлган 963 та объект 2,5 трлн сўмга сотилди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 21 декабрдаги “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-269-сон Фармони ижроси доирасида Давактив агентлиги штат бирликларини 30 фоизгача мақбуллаштириш бўйича таклифлар тайёрланмоқда.

Бунда Агентлик томонидан унга юклатилган вазифаларни амалга оширишда ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, жумладан иш жараёнини рақамлаштириш, давлат хизматларини Давлат хизматлари марказлари ва (ёки) ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатиш назарда тутилмоқда.

1674 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech