Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

27 Май 2024

“International” меҳмонхонасининг оммавий савдолари бошланди

Тегишли хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги (кейинги ўринларда – Давактив агентлиги) “InterHotel” МЧЖдаги 100% давлат улушини (кейинги ўринларда – Актив/Меҳмонхона) хусусийлаштиришнинг музокараларга оммавий равишда таклиф қилиш усули асосида савдо жараёнлари бошланганлигини эълон қилади.

Хусусийлаштириш бўйича консультант сифатида “Deloitte” компанияси (кейинги ўринларда – Deloitte)  жалб этилган.

Актив тўғрисида қисқача маълумот:

Меҳмонхона 232 та хоналар, 7 та конференц заллар, 2 та ресторан, барлар, ёзги терраса, фитнес-клуб ва бассейнни ўз ичига олади.

Умумий 3,0 га ер майдонида 44,903 кв.м. бино ва иншоотлар жойлашган.

Меҳмонхона ва Аccor гуруҳи компанияси ўртасида имзоланган сублицензия шартномаси мавжуд бўлиб, унда Mövenpick брендидан, шунингдек, TARS Accor Hotels тармоғининг бронь қилиш тизими ва бошқа IТ тизимларидан фойдаланиш ҳуқуқи мавжудлиги кўзда тутилган.

Сотиш жараёни тўғрисида:

Сотиш жараёни барча манфаатдор томонлар (кейинги ўринларда – Иштирокчилар) учун очиқ бўлган музокараларга оммавий равишда таклиф қилиш усули асосида ташкил этилади.

Савдо жараёни уч босқичда амалга оширилади, жумладан сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш (Express of interest), Мажбуриятга эга бўлмаган таклиф (NBO) ҳамда Мажбуриятга эга бўлан таклиф (BO) босқичлари, якуний босқичда таклиф этиладиган қатъий нарх таклифининг камида 1 фоизини кафолатли тўлов сифатида амалга оширилиши белгиланади.

Иштирокчилардан сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш (Express of interest) босқичи доирасида қуйидаги маълумотларни тақдим этишлари сўралади:

  1. Иштирокчи тўғрисида қисқача маълумот (шу жумладан, СТИР ва фаолият тури);
  2. Иштирокчи устав капиталида 5 фоиздан ортиқ улуши мавжуд акциядорлар/таъсисчилар (эгалик улуши кўрсатилган ҳолда) ва якуний бенефициарлар тўғрисида маълумотлар;
  3. Охирги 3 йилги фаолияти бўйича молиявий ҳисоботи (МҲХС афзалроқ).

Қизиқиш билдириш тўғрисидаги ариза Иштирокчининг хоҳишига кўра ўзбек, рус ёки инглиз тилларида jmamadjanov@deloitte.uz электрон почта манзилига юборишлари лозим.

Аризаларни қабул қилиш муддати - 2024 йил 4 июль соат 18:00га (Тошкент вақти билан) қадар.

Ушбу савдо босқичи доирасида, маслаҳатчи томонидан потенциал инвесторларни жалб қилиш мақсадида “Deloitte” халқаро алоқалари орқали инвестиция тизерларини тарқатиш амалга оширилади.

Қабул қилинган аризалар қуйидаги мезонлар бўйича сараланади:

  • давлат улушини сотиб олиш учун тўловга қобилиятлилиги;
  • хусусийлаштириш жараёнида иштирок этилишини тақиқлаши мумкин бўлган маъмурий, ҳакамлик ёки бошқа суд жараёнларининг йўқлиги;
  • Ўзбекистон Республикасининг 660-II-сонли “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунига риоя этилиши;
  • Талабгор (консорциум ҳолатида, консорциум аъзоларидан ҳеч бири) ва унинг тегишли шахсларидан ҳеч бири Европа Иттифоқи ва АҚШнинг, шунингдек йирик халқаро молия институтларининг (Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки) санкциялари рўйхатига киритилмаган бўлиши лозим. Шу билан бирга, ариза топширилган санада талабгорлар санкцияланган шахс/(лар) ёки юқорида айтиб ўтилган санкция органлари томонидан ҳар қандай иш ёки тергов объекти/(лар) бўлмаслиги керак. Шунингдек, талабгорлар (консорциум ҳолатида, консорциум аъзоларидан ҳеч бири) ва унинг тегишли шахсларидан ҳеч бири юқорида айтиб ўтилган муассасалар ва давлатларнинг санкциялар режимига зид бўлган ҳар қандай фаолиятга (тўғридан-тўғри ёки бирон бир шўба корхонаси орқали) жалб этилмаган бўлишлари лозим ва Талабгор (консорциум ҳолатида, консорциум аъзоларидан ҳеч бири), шунингдек унинг тегишли шахсларидан бирортасининг асосий молиялаштирувчи томонлари ёки кредиторлари санкциядаги шахслар ёки санкциядаги шахсларга тегишли бўлган ёки улар томонидан эгалик ва назорат қилинадиган банклар ёки молия институтлари бўлмаслиги лозим.

Аризаларни қабул қилиш тугаллангандан сўнг, Deloitte томонидан иштирокчиларга тегишли хат орқали кейинги жараённи ташкил этиш тўғрисида индивидуал равишда хабардор қилинади.

Ушбу лойиҳа доирасида қўшимча маълумотлар учун қуйидаги алоқа каналларига мурожаат қилинг:

Жаҳонгир Мамаджонов, Deloitte компаниясининг Тошкентдаги директори: jmamadjanov@deloitte.uz, tel. +998 90 188 71 11;

Шохрух Охунов, Давлат активлари агентлиги Департамент бошлиғи: sh.ohunov@davaktiv.uz, tel. +998 71 259 20 23.

Кейинги Мажбуриятга эга бўлмаган таклиф (NBO) қабул қилиш босқичга ўтган потенциал инвесторлар билан Ахборотни ошкор этмаслик тўғрисидаги битим (NDA) имзоланади ва мажбуриятга эга бўлмаган тижорат таклифларини тайёрлаш учун Актив фаолияти тўғрисидаги умумий маълумотлар сақланадиган виртуал маълумотлар хонасига (VDR) кириш таъминланади.

Мажбуриятга эга бўлган таклиф (BO) таклифларни қабул қилиш босқичига ўтган талабгорларга  “Deloitte” компанияси томонидан тайёрланган таҳлилий маълумотлар (Due-diligence) билан танишиш, активга ташриф буюрган ҳолда унинг бошқарув органига саволлар бериш имконияти яратилади.

Давактив агентлиги хусусийлаштириш жараёнларининг ҳар бир босқичи тўғрисида жамоатчиликни қўшимча тарзда хабардор қилиб борилишини таъминлайди.

Дисклеймер

Давактив агентлиги сотиш жараёнининг кетма-кетлигини ўзгартириш ёки потенциал харидорга (харидорларга) сотишни ёки сабабларини тушунтирмасдан исталган вақтда улар билан музокара олиб боришни рад этиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.

Ушбу эълон ёки унинг мазмунининг бирон-бир қисми мазкур эълон чоп этилишидан келиб чиқиб тахмин қилиниши мумкин бўлган Давактив агентлиги, Меҳмонхона ва Deloitte нинг Активни сотиш билан боғлиқ бирор-бир шаклдаги мажбурияти сифатида талқин қилинмаслиги керак. Давактив агентлиги ва Deloitte (Савдо доирасида Давактив агентлигининг эксклюзив молиявий маслаҳатчиси вазифасини бажарувчи) ўз хоҳишига кўра ҳар қандай вақтда ва ҳар қандай муносабатда, биргаликдаги ёки шахсий жавобгарликни ўз зиммаларига олмасдан:

(i) аризалар бериш муддатига ўзгартириш киритиш;

(ii) турли хил манфаатдор томонлар учун турли хил тартиб-қоидалар бўйича иш тутиш ва/ёки Давактив агентлиги, Меҳмонхона ва Deloitte томонидан кўзда тутилган режа-жадвал ва тартиб доирасида исталган бошқа потенциал харидорни (харидорларни) олдиндан огоҳлантирмасдан чиқариб ташлаган ҳолда бир ёки бир нечта потенциал харидорлар билан музокаралар олиб бориш;

(iii) ҳар қандай сабабга кўра сотиш жараёнини тўхтатиш;

(iv) ва/ёки исталган вақтда ва сабабларни тушунтирмасдан Савдога тааллуқли бўлган ҳар қандай потенциал харидор (харидорлар) билан ҳар қандай муҳокама ва музокараларни тугатиш ҳуқуқларини ўзида сақлаб қолади.

2994 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech