Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

19 Январь 2023

Кузатув кенгашининг мустақил аъзоларига талабларни такомиллаштириш бўйича Қонун имзоланди

Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 18 январьдаги “Корпоратив бошқарув тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-814-сонли Қонуни қабул қилиниб, унга кўра “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ва “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги Қонунларига кузатув кенгашининг мустақил аъзоларини киритиш талаби, мустақил аъзоликка номзодларни кўрсатиш тартиби, мустақил аъзоларга қўйиладиган талаблар ҳамда уларнинг реестрини юритиш ва уни ошкор этиб бориш билан боғлиқ нормалар киритилди.

Мазкур Қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 13 апрелдаги ПФ–6207-сон Фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 мартдаги 166-сон қарори билан тасдиқланган 2021-2025 йилларда давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилиш стратегиясига асосан Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан ишлаб чиқилган.

Маълумки, корхоналардаги кузатув кенгаши бу корхонани бошқаришда муҳим рол ўйнайдиган асосий органлардан бири ҳисобланади. Кузатув кенгаши таркибини фақат давлат органлари ходимлари билан эмас, балки профессионал мустақил вакиллардан шакллантириш корхонани ривожлантириш ва фаолияти қонунийлигини таъминлашнинг асосий мезонларидан биридир. Стратегия талабларига кўра кейинги 3-4 йилда кузатув кенгаши таркибидаги мустақил аъзоларни камида 30 фоизга етказиш вазифаси қўйилган.

Шунга кўра, кузатув кенгаши таркибидаги мустақил аъзоларнинг фаолиятини ва қонунчилик нормаларини такомиллаштириш мақсадида юқоридаги қонун қабул қилинди.

Қонунни ишлаб чиқишда Халқаро молия ташкилотлари (ЖБ, ЕТТБ, ОТБ) экспертлари ҳамда вазирлик ва идораларнинг мутахассислари иштирок этган.

Қонун билан киритилаётган асосий янгиликлар:

  1. Давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган жамиятларда кузатув кенгашининг камида бир нафар аъзоси мустақил бўлиши белгиланмоқда (ҳозирда мазкур талаб фақат акциялари листингга киритилган жамиятлар учун мавжуд).
  2. Мустақил аъзоликка номзодларни таклиф этиш кузатув кенгаши томонидан танлов асосида акциядорлар умумий йиғилишига киритиш белгиланмоқда;
  3. Кузатув кенгашининг мустақил аъзолиги учун номзодларга қуйидаги қўшимча мезонлар белгиланмоқда:
  1. 5 фоиздан ортиқ улушга эга бўлган акциядорларнинг вакиллари бўлмаслик;
  2. сўнги 3 йилда хизмат кўрсатган аудиторлик ташкилоти ходими бўлмаслик;
  3. бир жамиятда кетма-кет 6 йилдан ортиқ кузатув кенгаши мустақил аъзоси бўла олмаслик;
  4. уставда белгиланган бошқа талабларга мос келмаса мустақил бўлолмаслиги.
  1. Мустақил аъзоларнинг реестри юритилиши ва жамиятлар расмий веб-сайтида эълон қилиб бориши белгиланмоқда.
  2. Жамиятнинг ижроия органи томонидан йирик битим ёки аффилланган шахслар билан битим тузиш тартиби бузилганлиги учун субсидиар жавобгарлик белгиланмоқда.

1442 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech