Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

26 Июнь 2023

Иккита этил спирти ишлаб чиқарувчи заводларни хусусийлаштириш бўйича консультант танлаб олинди

Давлат активларини бошқариш агентлигининг "Биокимё" АЖ устав капиталидаги 51,0 фоиз ва "Андижон биокимё заводи" АЖ устав капиталидаги 76,0 фоиз давлат улушини (кейинги ўринларда ­ Активлар) хусусийлаштириш бўйича профессионал консалтинг компаниясини (кейинги ўринларда – Консультант) жалб этиш юзасидан танлов эълонига мувофиқ, қуйидагилар маълум қилинади.

Мазкур танлов жараёнида 5 та маҳаллий ва халқаро профессионал консалтинг компаниялардан таклифлар қабул қилиниб, уларнинг молиявий таклифи, соҳадаги тажрибаси, малакаси ва белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича ёндашувлари асосида сараланди.

Саралаш натижасида, фаолият соҳасида амалга оширган юқори даражадаги лойиҳалари, лойиҳа доирасида жалб қилинадиган профессионал жамоасининг малакаси ҳамда энг мақбул нарх таклифини билдирган "ABRAU CAPITAL" компанияси "Биокимё" АЖ ва "Андижон биокимё заводи" АЖнинг устав капиталидаги давлат улушини хусусийлаштириш бўйича профессионал консультант сифатида танланди.

Консультант қуйидаги вазифаларни амалга оширади:

  • Ўзбекистонда ва минтақада соҳани ривожлантиришдаги шароитларни ва этил спирти маҳсулотларини ишлаб чиқариш бозорининг таҳлили;
  • Активларнинг ҳар томонлама (солиқ, ҳуқуқий, молиявий ва экологик) чуқур таҳлилини ўтказиш (due diligence);
  • оптимал маркетинг стратегияси бўйича тавсиялар, маркетинг материалларини тайёрлаш (тизер, инфо-меморандум, жараён ҳолати бўйича хат ва бошқалар) ва инвесторлар ўртасида ахборот материалларини тарқатиш;
  • Активларни хусусийлаштиришга қаратилган барча чораларни кўриш, жумладан, виртуал маълумотлар хонаси (VDR)ни ташкил этиш, олди-сотди шартнома лойиҳасини (ўзбек тилига таржимаси билан, керак бўлса рус ва инглиз тилларида ҳам) тайёрлаш билан бирга сотиш жараёнида ҳамроҳлик қилиш.

Давактив агентлиги "ABRAU CAPITAL" компанияси билан биргаликда жараённи очиқ, шаффоф ва рақобат тамойилларига асосланган савдо механизмларига мувофиқ ташкил этишнинг барча чораларини кўради ҳамда жараённинг ҳар бир босқичи тўғрисида оммага ахборот бериб борилишини таъминлайди.

1657 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech