Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

31 Август 2023

Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 28 август санасида Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбарияти ўртасида учрашув бўлиб ўтти.

Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Ўзбекистонни барқарор ривожлантириш йўлидаги стратегик ҳамкорига айланиб улгургани, бунда, ижобий ҳамкорлик натижаларининг исботи сифатида, жорий йилда Европа тикланиш ва тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг йиллик анжумани Самарқанд шаҳрида ўтказилганлиги Давактив агентлиги директори Акмалхон Ортиков томонидан таъкидлаб ўтилди.

Шу билан бирга, ЕТТБ давлат активларини бошқариш соҳасини ислоҳ қилишда ҳам фаол иштирок этаётгани, хусусан давлат иштирокидаги  корхоналарни бошқаришнинг фундаментал ҳуқуқий асосига айланган Давлат мулкини бошқариш тўғрисидаги Қонунни, қолаверса, корпоратив бошқарув йўналишида муҳим аҳамиятга эга дивиденд сиёсати, ахлоқ кодекси ва бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқишда яқиндан ҳамкорлик қилгани эътироф этилди.

Шу ўринда, Ўзбекистон ва ЕТТБ алоқалари сезиларли даражада ижобий томонга ўзгаришида ва ҳамкорлик кўлами кенгайишида ЕТТБнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Алкис Дракиноснинг ўрни муҳим эканлиги эътироф этилиб, унга бошқа ишга ўтаётганлиги муносабати билан янги лавозимида янада муваффақиятлар, юксак марралар ва натижаларга эришиш юзасидан тилак билдирди.

Давактив агентлиги директори Акмалхон Ортиков сўзининг давомида Анди Аранитасини жорий йил 1 сентябрдан ЕТТБнинг Ўзбекистондаги раҳбари лавозимига киришаётганлиги билан самимий табриклаб, ЕТТБ ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни бошлашда муваффақиятлар тилаб, мавжуд имкониятларни инобатга олган ҳолда, янги лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириш ва ҳамкорлик алоқалари янада жадаллашишига ишонч билдирди.

Бунга мувофиқ, Алкис Дракинос томонидан Давактив агентлиги билан амалга оширилаётган лойиҳалар кўлами ва уларнинг аҳамияти чиндан мамлакат равнақи йўлида муҳим ўринга эга эканлиги, ЕТТБнинг Ўзбекистондаги янги раҳбари билан мазкур ҳамкорлик алоқалари янада ривожланишини билдирди.

Ўз навбатида, Анди Аранитаси Давактив агентлиги томонидан амалга оширилаётган ишлар, жумладан, хусусийлаштириш соҳасида эришилган натижаларни юксак эътироф этиб, ҳар қандай истиқболли лойиҳаларни амалга оширишда ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини билдирди.

Шунингдек, томонлар ҳамкорликда амалга оширилаётган жорий лойиҳаларни жадаллаштириш механизмлари вa қўшма ҳаракатларини атрофлича муҳокама қилиб, янги истиқболли ташаббусларини биргаликда ишлаб чиқиш мақсадида фаол ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.

1512 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech