Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

17 Сентябрь 2022

Жиззах вилоятида "Roadshow" тақдимоти ўтказилди

Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан жорий йил 17 сентябр куни Жиззах вилоятида хусусийлаштирилиши белгиланган давлат активлари жумладан, корхоналардаги давлат улушлари, бўш турган давлат мулки объектлари ва сотилиши белгиланган ер участкалари тўғрисида навбатдаги Roadshow (тақдимот) ўтказилди.

Жиззах шаҳридаги “Ёшлар инновацион маркази” биносида бўлиб ўтган мазкур тадбирда маҳаллий ҳокимликлар ҳамда вилоятдаги йирик корхоналарнинг вакиллари ва 150 дан ортиқ тадбиркорлар иштирок этди. Ўз ўрнида, Давактив агентлиги мутасаддилари томонидан қатнашчиларга E-auksion электрон савдо платформасидан фойдаланиш бўйича мастер-класс ўтказилиб, савдо платформасида шахсий кабинет очиш, онлайн электрон имзо олиш ва савдоларда қатнашиш учун аризалар бериш тартиблари ҳам назарий ҳам амалий тушунтирилди.

“Roadshow” тақдимоти доирасида тадбиркорлар оммавий савдоларга чиқарилган 66 та давлат ва давлат иштирокидаги хўжалик жамиятлари активлари ва 3752 та ер участкалари ҳамда ижарага берилиши кўзда тутилган 321 та давлат мулклари билан танишдилар. 

Бундан ташқари, аввалдан доимий фойдаланиш ёки умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида ўзларига тегишли бўлган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириб олган фуқароларга мулк ҳуқуқини тасдиқловчи давлат ордерлари топширилди ҳамда мазкур жараён тартиби бўйича тадбир қатнашчиларига тушунтиришлар берилди.

 

Roadshow иштирокчиларига хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ оммавий савдоларда сотилиши белгиланган ҳамда савдо жараёнидаги давлат активлари, шу жумладан, вилоятдаги йирик активлар, маъмурий ҳамда ишлаб чиқариш бинолари каби объектлар ва ер участкалари тўғрисида маълумотлар берилди.

Кўтаринки руҳда ва савол-жавобларга бой ўтган Roadshow давомида Давактив агентлиги Методология, ҳудудлар ва таркибий бўлинмалар фаолиятини мувофиқлаштириш йиғма ахборот-таҳлил департаменти бошлиғи Тўлқин Набиев ва вилоятнинг бошқа мутасадди раҳбарлари тадбир қатнашчилари ва ОАВ вакиллари томонидан берилган бир қатор саволларга батафсил жавоблар бериб ўтдилар. 

Шу билан бирга, "Roadshow" тақдимоти якунида Агентлик худудий бошқармаси биносида "Консультатив марказ" ташкиллаштиришга келишиб олинди.

Маълумот учун: бу каби тақдимотлар ва учрашувлар (Roadshow) республикамизнинг барча вилоятлари, Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилади.

2402 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech