Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

04 Октябрь 2024

“Tashkent City” халқаро ишбилармонлик маркази ҳудудидаги 3 та кўп қаватли бизнес марказларининг халқаро савдо жараёни юзасидан ахборот

Аввал хабар берилганидек, Давактив агентлиги томонидан "Асакабанк" АЖ, "Ўзсаноатқурилишбанк" АТБ ва АТ "Алоқабанк"га тегишли “Toshkent City” халқаро ишбилармонлик маркази ҳудудидаги янги кўп қаватли бизнес марказларини (кейинги ўринларда – “Бизнес марказлар”) халқаро савдо жараёнининг Активни сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш (Express of interest) босқичи бошланган.

Ушбу Бизнес марказларини хусусийлаштириш жараёнини илғор халқаро тажриба асосида амалга ошириш учун “KPMG” халқаро компанияси (кейинги ўринларда – Консультант) хусусийлаштириш бўйича Консультант ҳамда “Deloitte” халқаро компанияси мустақил баҳоловчи сифатида жалб этилган.

Мазкур босқич доирасида Консультант томонидан кенг қамровли маркетинг ишлари амалга оширилди, жумладан, “KPMG” компаниясининг халқаро инвесторлар тармоғи орқали Бизнес марказлар тўғрисидаги инвестиция тизерлари салоҳиятли инвесторларга юборилди. Натижада, 4 нафар Европа Иттифоқи, БАА ва Туркия давлатларидан бўлган талабгорлар томонидан сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш тўғрисидаги аризалар Консультантга келиб тушган.

Консультант томонидан келиб тушган барча аризалар аввал маълум қилинган қуйидаги мезонлар асосида ўрганиб чиқилган:

  • Бизнес марказларни сотиб олиш учун молиявий ресурсларининг етарлилиги;
  • Талабгор (консорциум ҳолатида, консорциум аъзоларидан ҳеч бири) ва унинг акциядорлари/иштирокчиларининг ҳеч бири давлат компанияси ёки устав капиталида давлат улуши бўлган компания бўлмаслиги;
  • хусусийлаштириш жараёнида иштирок этилишини таъқиқлаши мумкин бўлган маъмурий, ҳакамлик ёки бошқа суд жараёнларининг йўқлиги;
  • Ўзбекистон Республикасининг 660-II-сонли “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни талабларига риоя этилиши;
  • Талабгор (консорциум ҳолатида, консорциум аъзоларидан ҳеч бири) ва унинг тегишли шахсларидан ҳеч бири Европа Иттифоқи ва АҚШнинг, шунингдек йирик халқаро молия институтларининг (Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки) санкциялари рўйхатига киритилмаган бўлиши лозим. Шу билан бирга, ариза топширилган санада талабгорлар санкцияланган шахс/(лар) ёки юқорида айтиб ўтилган санкция органлари томонидан ҳар қандай иш ёки тергов объекти/(лар) бўлмаслиги керак. Шунингдек, талабгорлар (консорциум ҳолатида, консорциум аъзоларидан ҳеч бири) ва унинг тегишли шахсларидан ҳеч бири юқорида айтиб ўтилган муассасалар ва давлатларнинг санкциялар режимига зид бўлган ҳар қандай фаолиятга (тўғридан-тўғри ёки бирон бир шўба корхонаси орқали) жалб этилмаган бўлишлари лозим ва Талабгор (консорциум ҳолатида, консорциум аъзоларидан ҳеч бири), шунингдек унинг тегишли шахсларидан бирортасининг асосий молиялаштирувчи томонлари ёки кредиторлари санкциядаги шахслар ёки санкциядаги шахсларга тегишли бўлган ёки улар томонидан эгалик ва назорат қилинадиган банклар ёки молия институтлари бўлмаслиги лозим.

Консультант томонидан келиб тушган аризаларни ўрганиш натижасида юқоридаги мезон талабларига мувофиқ келадиган 4 нафар талабгорни хусусийлаштириш жараёнининг навбатдаги босқичига ўтказиш ҳамда рақобат муҳитини янада ошириш мақсадида маркетинг ишларини давом эттирган ҳолда янада кўпроқ салоҳиятли инвесторларни ҳам савдо жараёнларига жалб этиш тавсия этилган.

Консультант томонидан  Активни сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш (Express of interest) босқичида ариза берган барча талабгорларга индивидуал равишда хабарнома юборилади, шунингдек, аввал маълум қилинган мезон талабларига мувофиқ деб топилган 4 нафар талабгорларга эса жараён хати “Process letter” орқали навбатдаги босқич тўғрисида батафсил маълумот берилади.

Шу билан бирга, Консультант томонидан рақобат муҳитини таъминлаш мақсадида савдо жараёнларига янада кўпроқ салоҳиятли инвесторларни жалб қилиш ишлари параллел равишда амалга оширилади ва Активни сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш (Express of interest) бўйича аризаларни қабул қилиш давом эттирилади.

Ушбу лойиҳа доирасида қўшимча маълумотлар учун қуйидаги алоқа каналларига мурожаат қилинг:

  • Салтанат Сандикбаева, KPMG шериги: SSandykbayeva@kpmg.com, тел:. +99890-099-21-20;
  • Шохрух Охунов, Давактив агентлигининг Департамент бошлиғи: sh.ohunov@davaktiv.uz, тел.: +99871-259-20-23.

Навбатдаги босқич тўғрисида маълумот:

Талабгорларга Мажбуриятга эга бўлган таклифларини (BO) тайёрлаш учун Актив тўғрисидаги Ахборотларни ошкор этмаслик тўғрисидаги битим (NDA)ни имзолаган ҳолда Консультант томонидан тайёрланган Бизнес марказларнинг молиявий, юридик ва операцион фаолияти тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек, аналитик ҳисоботлар жойланган виртуал маълумотлар хонаси (VDR)га кириш, Бизнес марказларини жойига чиққан ҳолда ўрганиш имконияти берилади.

Консультант томонидан Активни сотиб олиш нархи бўйича Мажбуриятга эга бўлган таклифлар (BO2024 йил 25 ноябрь соат 23:59 (Тошкент вақти билан)га қадар қабул қилинади.

Давактив агентлиги хусусийлаштириш жараёнига қизиқиш билдирган ва аризалар топширган барча иштирокчиларга миннатдорчилик билдиради ҳамда Активни сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш босқичидан муваффақиятли ўтган талабгорлар билан келгусидаги конструктив ҳамкорликни шаффоф муҳитда давом эттиради.

Дисклеймер:

Давактив агентлиги сотиш жараёнининг кетма-кетлигини ўзгартириш ёки потенциал харидорга (харидорларга) сотишни ёки сабабларини тушунтирмасдан исталган вақтда улар билан музокара олиб боришни рад этиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.

Ушбу эълон ёки унинг мазмунининг бирон-бир қисми мазкур эълон чоп этилишидан келиб чиқиб тахмин қилиниши мумкин бўлган Давактив агентлиги ва “KPMG”нинг Активни сотиш билан боғлиқ бирор-бир шаклдаги мажбурияти сифатида талқин қилинмаслиги керак. Давактив агентлиги ва “KPMG” ўз хоҳишига кўра ҳар қандай вақтда ва ҳар қандай муносабатда, биргаликдаги ёки шахсий жавобгарликни ўз зиммаларига олмасдан:

(i) аризалар бериш муддатига ўзгартириш киритиш;

(ii) турли хил манфаатдор томонлар учун турли хил тартиб-қоидалар бўйича иш тутиш ва/ёки Давактив агентлиги ва KPMG” томонидан кўзда тутилган режа-жадвал ва тартиб доирасида исталган бошқа потенциал харидорни (харидорларни) олдиндан огоҳлантирмасдан чиқариб ташлаган ҳолда бир ёки бир нечта потенциал харидорлар билан музокаралар олиб бориш;

(iii) аниқ бир сабабга кўра сотиш жараёнини тўхтатиш;

(iv) ва/ёки исталган вақтда ва сабабларни тушунтирмасдан Савдога тааллуқли бўлган ҳар қандай потенциал харидор (харидорлар) билан ҳар қандай муҳокама ва музокараларни олиб бориш/тугатиш ҳуқуқларини ўзида сақлаб қолади.

7213 Чоп этиш