Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

11 Март 2023

Дон корхоналарини хусусийлаштириш жараёнларидаги илк натижаларга эришилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ғалла етиштириш ва сотишда эркин рақобатни таъминлайдиган бозор тамойилларини жорий этиш тўғрисида” 2021 йил 15 ноябрдаги ПҚ-10-сон қарорига мувофиқ дон корхоналарини хусусийлаштириш бўйича вазифалар белгилаб берилган.

Шунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Иқтисодиётда давлат иштирокини янада қисқартириш ва хусусийлаштиришни жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2022 йил 18 мартдаги ПҚ-168-сон қарорига асосан дон корхоналарини оммавий савдолар орқали босқичма-босқич хусусийлаштириш жараёнлари бошланган.

Ушбу қарорлар ижросини таъминлаш мақсадида, Давактив агентлигининг 2022 йил 30 июльдаги эълонига мувофиқ, дон корхоналари бўйича савдо жараёнлари 2 босқичда ташкил этилиб, талабгорлардан тижорат таклифлари “E-auksion” электрон савдо платформаси орқали электрон кўринишда қабул қилинган ҳамда умумлаштирилган ҳолда кўриб чиқиш ва тегишли қарор қабул қилиш учун Давлат мулкини сотишда тендер савдоларини ўтказиш бўйича давлат комиссиясига киритилган.

Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тармоғининг рақобатбардошлигини оширишга қаратилган ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш бўйича бошланган ишларни мантиқий давоми сифатида Давлат мулкини сотишда тендер савдоларини ўтказиш бўйича давлат комиссиясининг тегишли қарорига асосан:

  • “Охангарон дон” АЖнинг 56,8 фоиз акциялар пакети бўйича энг яхши тижорат таклифини тақдим этган “UCHKO‘PRIK G‘ALLA KLASTER” МЧЖ 131,0 млрд.сўм харид қийматини тўлаш шарти билан;
  • “Андижондонмаҳсулот” АЖнинг 51,0 фоиз акциялар пакети бўйича энг яхши тижорат таклифини тақдим этган “DIMINUR GROUP” МЧЖ 58,0 млрд.сўм харид қийматини тўлаш шарти билан савдо ғолиблари деб топилган.

Ўз навбатида, савдо ғолиблари камида 5 йил давомида дон корхоналарининг асосий фаолият турини сақлаб қолиш, мавжуд дон сақлаш сиғимларини камайтирмаслик ҳамда қонунчиликда белгиланган тартибда давлат захираси учун сақланадиган дон ҳажмларини шартномалар асосида ҳақ тўлаш эвазига сақлаб бериш мажбуриятини олиши белгиланган.

Шу билан бирга, юқоридаги қарорларга асосан қолган дон корхоналари бўйича хусусийлаштириш жараёнлари давом эттирилмоқда.

2889 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech