Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

30 Декабрь 2022

“Humo Air” МЧЖ устав капиталидаги давлат улуши хусусийлаштирилмоқда

Тегишли хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ, Давлат активларини бошқариш агентлиги Швецариянинг Valleyroad Capital S.A. (Харидор) билан Humo Air” МЧЖ (Компания) устав капиталидаги 100 фоиз давлат улушини 27,2 млрд. сўм тўлов ҳамда 2023-2026 йилларда компания авиапаркини ривожлантириш ва маҳаллий авиақатновларни ошириш мажбурияти билан сотиш юзасидан келишувга (Битим) эришилганини маълум қилади.

Мазкур битим доирасида Харидор қуйидаги мажбуриятларни ўз зиммасига олган:

  • 2026 йилгача компания томонидан 18 дона ҳаво кемаларини сотиб олиш, шу жумладан 3 тасини 2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида сотиб олиш ва парвозларни йўлга қўйиш;
  • дастлабки босқичда ички рейслар сонини ҳафтасига 16 тагача ошириш, кейинги 5 йил давомида 60 тагача етказиш;
  • махсус (қишлоқ ва халқ хўжалиги) авиациясининг хизмат кўрсатадиган самолётлари паркини босқичма-босқич янгилаш;
  • авиакомпанияни бошқаришга авиация соҳасида кўп йиллик тажрибага эга малакали хорижий ва маҳаллий мутахассисларни жалб қилиш;
  • Ўзбекистон Республикаси резидентлари орасидан авиакомпания ходимларининг камида 80 фоизини шакллантиришни таъминлаш;
  • йўналишларда, шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг бошқа авиакомпаниялари резидентлари хизмат кўрсатмайдиган йўналишларда мақбул нархларда янги рейсларни ташкил этиш.

Компанияни хорижий инвестор томонидан юқоридаги ривожлантириш шартлари билан сотиб олиниши фуқаро авиацияси соҳасига хусусий секторнинг кириб келиши орқали рақобат муҳитини ривожлантиришга, маҳаллий авиақатновларга бўлган талабни юмшатишга ва йўловчиларга мақбул нархларда авиаташув хизматларини кўрсатишга ўз ҳиссасини қўшади.

Маълумот учун: Valleyroad Capital S.A. Швейцарияда 2006 йилда ташкил этилган бўлиб, Швейцарияда вa халқаро миқёсда йирик корхоналар вa тадбиркорларга хизмат кўрсатувчи мустақил корпоратив молиялаштириш компанияси ҳисобланади. Жамоа аъзоларининг бир асрдан ортиқ йиғма тажрибасига эга бўлиб, Valleyroad Capital S.A. турли соҳалар va мамлакатларда корпоратив молиялаштириш бўйича кенг вa диверсификацияланган тажрибани таклиф этади. Хорижий инвестор Ўзбекистондаги фаолиятини унинг 100 фоиз таъсисчилигидаги Valleyroad Capital” МЧЖ томонидан амалга оширади.

“Humo Air” МЧЖ “Махсус авиация ишлари бўйича авиакомпания” ДУК мулки негизида 2020 йилда ташкил этилган. “Humo Air” МЧЖ устав капиталига 43 дона Ан-2 ҳаво кемалари, ҳаво кема двигателлари, парвоз симуляторлари ва бошқа мулклар ўтказилган.

2977 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech