Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

01 Июнь 2022

“Universal Mobile Systems” МЧЖни хусусийлаштириш бўйича профессионал консалтинг компаниясини жалб қилиш тўғрисида эълон

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги (кейинги ўринларда - Давактив агентлиги/Буюртмачи) тегишли хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ, “Universal Mobile Systems” МЧЖ (кейинги ўринларда - Актив)ни хусусийлаштириш бўйича профессионал консалтинг компанияси (кейинги ўринларда - Консультант) танлаб олиниши юзасидан танлов эълон қилади.

Барча қизиқиш билдирган талабгорлардан Таклиф тақдим этиш учун сўровномага (RfP) асосан тижорат таклифларини жорий йил 4 июль куни соат 18:00 (Тошкент вақти билан)га қадар тақдим этишларини сўраймиз.

Консультантлардан талаб этилган иш ҳажмини тўлиқ бажариш учун консорциумга киришлари ёки биргаликда қўшма таклифлар тақдим этишлари мумкин.

Агар консорциум томонидан ариза тақдим этилса, консорциум битими тақдим этилиши сўралади. Агар, биргаликда қўшма тижорат таклифи тақдим этилса, жалб қилинган шерик-консультантнинг ҳам ишини мувофиқлаштириш учун масъул бўлган ва жавобгарликни зиммасига оладиган асосий консультант кўрсатилиши лозим.

Барча манфаатдор томонлар қуйидаги ахборот каналлари орқали тижорат таклифларини тақдим этишлари сўралади:

Жон Насиров, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигининг Йирик давлат активларини трансформация қилиш ва хусусийлаштириш департаменти бошлиғи;

Тел.: + 998-71-259-21-30; эл.почта: j.nasirov@davaktiv.uz;

Шоҳрух Оҳунов, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигининг Мувофиқлашган ҳаракатни таъминлаш департаменти бошлиғи;

Тел.: + 998-71-259-21-87; эл.почта: cooperation@davaktiv.uz.

Консультантларнинг вакиллари билан Битим бўйича ишлар яқин ҳамкорликда, зарур ҳолларда эса Активда қўшимча лойиҳа гуруҳини тузиш орқали амалга оширилиши мумкинлиги маълум қилинади.

Дисклеймер:

Мазкур сўровнома тижорат таклифини тақдим этиш мажбурияти ҳисобланмайди ва Буюртмачига таклифни қабул қилиш ёки шартнома тузиш мажбуриятини юкламайди. Шунга кўра, таклифлар учун ушбу сўровни эълон қилиш ва/ёки у билан боғлиқ аризаларни олиш, бир ёки бир нечта иштирокчилар билан музокаралар ва муҳокамалар орқали шартнома тузишни назарда тутмайди.

Ушбу ҳужжатда келтирилган материаллар ва маълумотлар лойиҳанинг фақат энг муҳим томонларининг дастлабки хулосаси ва Консультантдан хусусийлаштириш бўйича кутилиши мумкин бўлган ишлар ҳажми тўғрисида умумий маълумот сифатида хизмат қилишига мўлжалланган.

Буюртмачи сотиш жараёни бўйича, шу жумладан, уларнинг тавсиялари асосида қарор қабул қилиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.

“Universal Mobile Systems” МЧЖни хусусийлаштириш бўйича консультантни жалб қилиш бўйича таклиф тақдим этиш учун сўровнома (RfP)

Кириш

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 18 мартдаги ПҚ-168-сон қарорига мувофиқ, "Universal Mobile Systems" МЧЖ устав капиталидаги 100% давлат улушини хусусийлаштириш (кейинги ўринларда - Битим) белгиланган.

Сотиш жараёнлари мобил телекоммуникация бозорининг тармоқ ва индивидуал хусусиятларидан келиб чиқиб ҳамда Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги талаблари доирасида, энг мақбул хорижий тажриба асосида ташкил этилиши лозим. Қонун ҳужжатларига ҳамда Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (МҲХС)га асосан тайёрланган молиявий ҳисоботга мувофиқ, Буюртмачи тўғри қарор қабул қилиши учун Активни мустақил баҳолаш ишларини амалга оширади.

Битим жараёнига ҳамроҳлик қилиш доирасида хусусийлаштириш бўйича консультантдан талаб қилинадиган Иш ҳажми ушбу Сўровноманинг иловасида кўрсатиб ўтилган. Консультантлар талаб этилган иш ҳажмини тўлиқ бажариш учун консорциумга киришлари ёки биргаликда қўшма таклифлар тақдим этишлари мумкин.

Актив тўғрисида қисқача маълумот

“Universal Mobile Systems” МЧЖ (“UMS” МЧЖ, “Mobiuz” савдо белгиси остида) — “Mobiuz” савдо белгиси остида 4G LTE, UMTS va GSM стандартлари асосида замонавий мобил овозли алоқа ва мобил интернетга уланиш хизматларини тақдим этувчи Ўзбекистондаги телекоммуникация компанияси.

“UMS” МЧЖнинг марказий офиси Тошкент шаҳри, А.Темур ҳиёбони, 24 уйда жойлашган. Мобил оператор 2014 йилдан тижорат фаолиятини бошлаган.

2021 йил якунига кўра, компания 1 133 млрд сўм соф тушум, 96,5 млрд сўм соф фойда олган ва умумий соф актив қиймати 1,4 трл сўм қийматига эга.

Жорий йил 1 май ҳолатига, компаниянинг абонентлар сони 6,6 млн нафарга етган.

Консультантлардан кутилаётган таклифлар тузилмаси ва уларга қўйиладиган талаблар

Рақамлаштириш ва мобил телекоммуникация соҳасида тегишли билим ва тажрибага эга маслаҳатчига устунлик берилади.

Консультантнинг таклифи (индивидуал ариза берувчи ёки консорциум) ўзбек ёки рус/инглиз тилларида тайёрланиши ҳамда қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши лозим:

а) Активни хусусийлаштириш жараёнини ташкиллаштириш бўйича консультантнинг келгусидаги ҳаракатлар кетма-кетлигини ва иш кўламини ўз ичига олган режаси. Консультантнинг тавсиялари ва таклифларига қисқа вақт ичида тегишли жавоб берилган тақдирда, хусусийлаштириш жараённинг давомийлиги бўйича хулосаси (10 баллгача);

б) Шу тоифадаги активлар доирасида тузилган битимлар юзасидан консультантларнинг иш тажрибаси тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек, 2017 йил 1 январь кунидан бошлаб ҳозирги даврга қадар МДҲ минтақасидаги мандатлар тўғрисида маълумот (35 баллгача);

в) Лойиҳани амалга оширишдан келиб чиқиб, Битимни амалга ошириш юзасидан ишларни ташкил этиш бўйича таклиф. Таклиф этилган битимга жалб қилинган жамоа ҳақида маълумот, шахсларнинг (жисмоний ва юридик) исмлари ва улар ҳақидаги маълумотлар: иш тажрибаси, фаолият муддати, битимлар тузиш бўйича умумий тажриба ва уларни амалга ошириш бўйича малакаси. Жамоа аъзоларининг ўзбек тилини билиши инобатга олинади (15 баллгача);

г) Тижорат таклифи икки қисмдан иборат (40 баллгача):

Хизмат ҳақининг қатъий қисми ягона рақам шаклида бўлиши ва консультантнинг субъектив тахминларидан ҳоли бўлиши керак;

Шу билан бирга, таклиф этилган ҳақ миқдори ишлаб чиқилган савдо стратегиясига боғлиқ ва Буюуртмачи таклифнинг муваффақияти учун (“success fee”) мутаносиб ҳақ тўлашни таъминлайдиган таклифларга устунлик беради;

Агар хизмат ҳақи нархлар оралиғида берилган бўлса, унда таклифни баҳолаш учун унинг юқори чегараси қабул қилинади. Қўшимча жорий харажатлар (хизмат сафари, таржима ва бошқалар учун) белгиланган қатъий қисмига киритилиши керак;

д) Қўйилган вазифаларни бажариш учун етарли салоҳият ва ваколатга эгалиги, шунингдек, инсон, вақт ва моддий ресурсларнинг мавжудлиги тўғрисида ёзма ариза;

е) Манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги ҳақида маълумот. Маслаҳатчи ушбу савдога жалб қилинган тақдирда зиддиятлар олиб келиши мумкин бўлган ҳолларда потенциал битим бўйича салоҳиятга эга эканлигини кўрсатиш.

Хусусийлаштириш бўйича консультантдан кутилаётган ишлар ҳажми

I. Мобил телекоммуникация бозорини таҳлил қилиш:

Ўзбекистонда ва минтақада соҳани ривожлантиришдаги шароитларни ва бозор таҳлили, соҳа корхоналарини ривожлантириш учун зарур шароитлар; Ўзбекистонда мобил телекоммуникация бозорини тартибга солувчи асосий қоидалар тавсифи;

бошқа (жумладан, қўшни) давлатларда мазкур соҳада амалга оширилган хусусийлаштириш тажрибаси таҳлили, ушбу турдаги активнинг хусусийлаштиришдаги муваффақиятсизликларининг асосий сабаблари, келгусида соҳани ривожлантириш ва муваффақиятли хусусийлаштиришни таъминловчи омиллар.

II. Актив таҳлили:

Активнинг тавсифи, унинг бозор ва рақобатдаги ўрни;

хатарлар (риск)нинг таҳлили: инвестор таҳлилига мувофиқ активни хатарга қўядиган потенциал йўналиш ва эҳтимолларни аниқлаш ва бундай битимларнинг мувоффақиятсизлигига сабаб бўладиган энг кенг тарқалган сабабларни ўрганиш. Аниқланган хатарларни камайтириш борасида чора-тадбирларни белгилаш тўғрисида тавсиялар бериш;

юридик экспертизадан ўтказиш, жумладан, қуйидаги масалаларда:

интеллектуал фаолиятнинг объектив ифодаланган натижаларига ва уларга тенглаштирилган индивидуаллаштириш воситаларига, шу жумладан товар белгисига, бозор брендларига ва интеллектуал мулкнинг бошқа жиҳатларига эгалик ҳуқуқини белгилаш;

тадбиркорлик фаолияти натижаси бўйича асосланган ҳуқуқий манбаларини ва мулкдан фойдаланиш билан боғлиқ бошқа хўжалик фаолиятлари бўйича асосларни аниқлаш ва хулоса бериш, шунингдек, мол-мулкни яратиш, кўпайтириш, битимлар асосида қўлга киритиш, мерос қилиб қолдириш, Актив фойдасига ёки учинчи шахс мулкига эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтириш муддати, учинчи шахслар фойдасига Активнинг мол-мулкига бўлган мулкий ҳуқуқлар бўйича белгиланган чекловлар;

юкланиш, шунингдек, қарзларни ундириш ва мажбурий ижро этиш бўйича кўрилган чоралар;

меҳнат ва антимонополия қонунларига, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги низомларга риоя қилиш ҳолати;

Активни хусусийлаштириш бўйича ҳаракатлар кетма-кетлиги тавсифи билан хусусийлаштириш механизми бўйича таклифлар ва эълон матни бўйича тавсиялар. 

III. Активни сотишдан олдин тайёрлаш бўйича маслаҳатлар: 

Активнинг инвестиция жозибадорлигини ошириш, энг илғор амалиётлар ва ўхшаш (аналог) активларнинг таҳлили асосида тузилма ва бошқарувни такомиллаштириш бўйича таклифлар;

Активнинг ҳар томонлама (солиқ, ҳуқуқий, молиявий ва экологик) чуқур таҳлилини ўтказиш (due diligence);

оптимал маркетинг стратегияси бўйича тавсиялар, маркетинг материалларини тайёрлаш (тизер, инфо-меморандум, жараён ҳолати бўйича хат ва бошқалар) ва инвесторлар ўртасида ахборот материалларини тарқатиш;

жамоатчилик билан алоқалар ўрнатиш бўйича тавсиялар тақдимоти, уларнинг саволларига жавоблар;

баҳолаш услубини тўғри танлаш ва уларнинг инвесторлар учун долзарблигини белгилаш, нарх диапазони бўйича тавсияларни тақдим этиш;

инвестор нуқтаи назаридан баҳолашга таъсир этувчи асосий омиллар, асосий кўрсаткичлар ва тахминларни аниқлаш;

битим доирасида бошқа баҳоловчи ва консультантлар фаолиятини ҳаракатини амалга оширишини мувофиқлаштириш (зарур бўлган ҳолларда).

IV. Битим жараёнига ҳамроҳлик қилиш:

Активни хусусийлаштиришга қаратилган барча чораларни кўриш, виртуал маълумотлар хонаси (VDR)ни ташкил этиш;

салоҳиятли талабгорлар билан алоқаларни мувофиқлаштириш, шу жумладан, уларнинг саволларига жавоблар бериш;

барча зарур ҳужжатларни, жумладан, олди-сотди шартнома лойиҳасини (ўзбек тилига таржимаси билан, керак бўлса рус ва инглиз тилларида ҳам) тайёрлаш билан бирга сотиш жараёнида ҳамроҳлик қилиш;

Битимни эълон қилиш ва ёпишни ташкиллаштириш.

(1) Консорциумлар ариза топширган тақдирда, консорциум тўғрисидаги шартномаларини тақдим этишларини, шунингдек, ишга бевосита жавобгар ва мувофиқлаштириш учун жалб қилинган консультант-шерикнинг асосий консультантини кўрсатиш сўралади. Бунда, умумий хизмат хақи кўрсатилиши лозим.

(2) Агар консультантларнинг таклифлари “а”, “б” ва “в” бандларида кўрсатилган талабларга жавоб бермаса, “г” бандида назарда тутилган баҳолаш бали қўлланилмайди.

5134 Чоп этиш